Ҳатто, бир-икки маротаба унинг машинасига чиққан кишилар яна Дилшодга йўлиқишдан қочадиган бўлиб қолгани, орқаваротдан “учар” деган лақаб қўйиб олгани ҳам бекорга эмасди. Ўзининг ҳайдовчилик маҳоратини жуда юқори баҳолайдиган бу йигит машина бошқарувига ўтирдими, тезликни оширишга тиришар, йўловчиларнинг “Ука, секинроқ ҳайданг” деган гапларидан баттар ҳаволаниб, газни янада босарди.
Ўша куни ҳам туманнинг Балхияк маҳалласи ҳудудидаги ички йўлда машинани учириб борар экан, йўл четида кетаётган велосипедни аранг илғади. Оёғини газдан олиб, тормозни босганида эса анча кеч бўлган, 12 ёшли ўспирин йўл устида беҳуш ётарди. Дилшод шошганича уни машинага олиб шифохонага шошилди, бироқ энди жуда кеч эди.
Далада қўй боқиб юрган акасига овқат олиб бориш учун шошилаётган Элёржон ҳар куни атайин шу йўлдан юрарди. Бу йўл ўйдим-чуқур, қолаверса, маҳалланинг ичи. Шу боис машиналар секин юради, серқатнов эмас. Аммо у қайдан билибдики, Дилшод сингари ўзини босиб ололмаган айрим ҳайдовчиларга йўлнинг ўйдим-чуқурлиги ҳам, гирд-атрофи аҳоли уйлари эканлиги, ҳар қадамда кимдир йўлга чиқиб қолиши мумкинлиги ҳам кор қилмаслигини.
Дилшод Пирнафасов бу иши учун қонуний жавобгарликка тортилди. Бироқ шунчаки ҳаволаниб, тезликни ошириш эвазига бир оиланинг бағридан гулдек фарзандини юлиб олгани, не-не орзулар ила яшаётган бир ўспириннинг ҳаётига нуқта қўйганини тушунармикан?.. Агар тушунса, бунинг учун виждони олдида беражак жавоби янада қаттиқ бўлади.
Илҳом ШЕРАЛИЕВ, Нишон тумани ИИБ
ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, капитан