Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

24.07.2017


УЧИНЧИ ОДАМ

1

Маҳалла фаолларидан бири билан гурунглашиб ўтиргандик.

Қўққисдан ҳамроҳимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. У экранда кўринган номерга қараб, мийиғида жилмайди-да:

- Домла, эшитиб туринг, ғалати гурунг бўлади, - деб телефони динамиги (овоз кучайтиргич)ни қўшиб қўйди.

Телефондан бироз бўғиқроқ овоз эшитилди:

- Алло, танимадингми, ёзувчилар уюшмаси раисиман.

Ҳайратдан донг қотдим, наҳотки танишимга бошқа биров эмас, шахсан Ёзувчилар уюшмаси раиси қўнғироқ қилаётган бўлса? Мамлакатимиз ижод аҳлининг раҳбаримикан ёки вилоятники?

Кўп ўтмай мени ҳайратга солган савол ечимини топди. Ўзини кимсан Ёзувчилар уюшмаси раиси деб таништирган кимса мен ўйлаган киши эмас, маҳаллий “ёзғувчи”лардан бири бўлиб чиқди. Тағин унинг иддаосини қаранг:

- Сизлар бечоранинг тарафини олмагандан сўнг, ўзим қаламимни ишга солдим...

“Ёзувчилар уюшмаси раиси” яна анчагача суҳбатдошимнинг қулоғини қоқиб қўлига берди.

- Хайрият, бир амаллаб қутулдим, - деди у телефондаги суҳбат якунига етгач. - Бундайлар билан иш солишиш нақ ғурбатхонанинг ўзгинаси...

Қизиқ, ҳақ-ноҳақ шахсий манфаати (бугун ёзғувчиликни касб қилиб, нимадандир норози бўлган  ғов-гаранг кишиларни чув тушириб, чўнтагини “қалам ҳақи” билан тўлдираётган товламачилар сафи кун сайин ортиб бораётгани сир эмас) йўлида ўзгаларга туҳмат тошини отаётган кимса ҳеч иккиланмасдан ўзини Ёзувчилар уюшмаси раиси деб атаса, инсон қалбининг меъмори бўлган ёзувчиларга раҳминг келар экан. 

Бечора ёзувчи, бутун умри мобайнида эзгулик йўлида қалам тебратиб, китобхон меҳрини қозонишга интилсаю, аллақандай тирноқ остидан кир қидирувчи кимса билан бир хил нисбатга эга бўлиб ўтирса?

Энг алам қиладиган томони, бундай йўққа беролмайдиган, борни кўролмайдиган ғофил бандалар ўзларини чинакам ёзувчидан баланд тутса тутишадики, сира паст тушишмайди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг эл орасида машҳур “От кишнаган оқшом” қиссасида бош қаҳрамон Зиёдулло чавандоз тилидан ана шундайлар ҳақида ҳикоя қилинган бир лавҳа бор:

“ - Ботир ака, бўлган иш бўлди, бўёғи синди. Қўйинг шу аризабозликни, - дедим.

- Ия-ия! Ҳей, оғизга қараб гапирилсин! Ким аризабоз? Бизми? Биз – ёзувчимиз, билиб қўй, ёзувчи! Халқ йўлидаги, ҳақиқат йўлидаги ёзувчилармиз! Анави ғазал, роман... ёзувчилар яна нима ёзади, ўртоқ Ҳамидов?

Қабатидаги адабиёт муаллими ўз улушини қўшди:

- Поэма, баллада...

- Ҳа-ҳа! Поэма, баллада ёзувчиларинг ёзувчи эмас, биз ёзувчи! Мана биз! Ёзувчиларингнинг асарларида факт йўқ, адрес йўқ…”

2

Бир қишлоқ кайвониси хуноби чиқиб гапириб берди:

- Аслида бу одамларнинг ҳар иккаласи аҳоли ўртасида анча-мунча обрў-эътиборга сазовор кишилар эди. Қишлоқда бирон хонадон тўй-маърака қилмоқчи бўлса, маслаҳат ошига ҳар иккаласини бирга таклиф қилишарди. Орада нимадир бўлиб иккисининг гапи қочиб қолди. Тарафгузарлик бошланди, кимдир унисини, бошқаси бунисини:

- Сен фалончидан камми, - деб тезлади.

Орага “ҳўкиз ўлсин, гўшт кўпайсин” қабилида иш тутувчи аризабозлар қўшилиши масалани чигаллаштирди. Охир-оқибат ҳар иккала томон турли юқори ташкилотларга юмалоқ-ёстиқ аризалар оқимини жўната бошлади. Бўлмаса, ўртада бўлишиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ.

Текширувчилар хуноб, на униси, на буниси ён беришни истамайди. Қайсидир томонни жазога тортишга асос бўладиган нарсани топиш амримаҳол. Гап талашаётган икки собиқ дўстни яраштириш учун бир гуруҳ сўзўтар киши ҳар икки хонадонга бордик.

Қизиғи, иккови ҳам:

- Менинг фалончида ҳеч қандай хусуматим йўқ, - деб жавоб қайтарди.

Бир-бирига хусумати йўқ бўлса, бунча аризабозлик қаердан пайдо бўлаётгани ҳаммамизни ҳайрон қолдирди. Аниқласак, ҳар иккаласи атиги бир маротабадан бир-бирининг устидан арз қилишган, қолган мурожаатлар эса ўртага тушиб, илк аризани ёзиб берган “ҳожатбарор ёзувчилар” томонидан йўлланаверган экан...

3

Кўраяпсизки, ҳар иккала ҳолатда ҳам сувни лойқалатган томон шоир илтижо қилиб инсофга чақирган “учинчи одам” бўлиб чиқаяпти.  Йўқ, хомтама бўлиб ўтирманг, қанча илтижо қилиб ўтирмайлик, унга инсоф эниши амримаҳол. Чунки у орага нифоқ солғувчи, кишиларни бир-бирига қайраб, лаззат олувчи “учинчи одам”. Бундайлардан фақат эҳтиёт бўлган ютади.

Ҳолбуки, мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давом этаяпти. Юртбошимизнинг ўзи виртуал қабулхона орқали ёшу қари билан мулоқотга киришаяпти. Ўнлаб вазирлик ва идоралар қошида “ишонч   телефонлари” кечаю кундуз ишлаб турибди. Ҳар бир фуқаро ўзини ташвишга солган муаммо ва камчиликларга улар орқали ечим топиши мумкин. Шундай экан, Сизу бизга “учинчи одам”нинг хизмати на даркор?

Тўғри, юқори ташкилотларга ёзма ёки оғзаки мурожаат этиш ҳар кимнинг конституциявий ҳуқуқи. Аммо мурожаатлардан халқ фойда кўрсин, Ватан юксалсин. Шахсий ғаразгўйлик ёхуд “ёзғувчилик” фаолияти умумхалқ манфаатларига соя солмасин.

Мен иш фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ёки фуқаронинг тарафини олмоқчи эмасман. Ҳар қандай киши жамият қонунларига риоя қилиши шарт. Аммо унутмаслик керакки, ишлаётган кишида билиб-билмасдан хатога йўл қўйиш эҳтимоли кўпроқ. Шуни ўша кишининг ўзига дўстона танбеҳ бериш ёки жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш йўли билан ҳам бартараф этса бўлади-ку. Лекин бугун жойида ҳал қилиш имконияти бўлган арзимаган камчиликларни ҳам кўпиртириб, устига ўнлаб асоссиз даъволарни қўшиб, юқори ташкилотларга йўллашни касб қилиб олган кишилар сон нечта?

Ачинарлиси, аксарият ҳолларда назорат ташкилотлари турли аризаларни текшириш жараёнида унинг муаллифи шахсиятига деярли эътибор қаратишмайди. Оқибатда бечора танқидга нишон бўлган киши ҳам маънан, ҳам моддий зарар кўриб қолаверади.

Етарли асосга эга бўлмаган ариза муаллифига “Тўхта, оғайни, сенинг ўзинг жамиятга неча пуллик фойда келтираяпсан?” деган саволни кўндаланг қўядиган вақт келмадими?

Ҳеч бўлмаса, бундайларга ёзган мурожаатида келтирилган факт ва рақамларнинг неча фоизи тасдиғини топганига қараб баҳо бериш мумкин-ку! Энг муҳими, ўзини Сизга ачингандай кўрсатиб, илондек аврашга уринган кимсалардан эҳтиёт бўлиш. Шунда сафимизни нафасидан дуд ўрлаб, атроф-жавонибга “қора кўзойнак” остидан қаровчи “учинчи одам”лардан тезроқ софлашга эришамиз.

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Report typo