Еттита туман эса лимон етиштиришга ихтисослаштирилади
Факт, тафсилот ва шарҳ
Жорий йилда Қашқадарёда юртимиздаги энг йирик қишлоқ хўжалиги корпорацияларидан бири ҳисобланган "Bek Cluster" масъулияти чекланган жамияти ташаббускорлигида 200 гектар майдонда замонавий лимонзорлар барпо этилади.
Таҳририятимизга бу ҳақда маълум қилган мазкур компаниянинг етакчи мутахассиси Анвар Жумановнинг таъкидлашича, ресурс тежовчи технологияларга асосланиб, лимончилик йўналишида фаолият юритадиган ушбу иссиқхоналар воҳамизнинг Миришкор ва Шаҳрисабз туманларида (ҳар бир ҳудудда 100 гектар майдонда) ташкил этилади.
- Шу йил 19 февраль куни мамлакатимиз Президенти "Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилди, - дейди А.Жуманов. - Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган манзилли рўйхатда жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишга тушадиган 83 та лимончилик йўналишидаги лойиҳа ҳақида қисқача маълумотлар келтирилган. Эътиборли жиҳати, умумий майдони 2 минг 495 гектарга тенг бу замонавий лимонзорларнинг 2 минг 188 гектари, яъни қарийб 90 фоизи "Bek Cluster" масъулияти чекланган жамияти ва унинг таъсисчилигида очилган корхоналар томонидан яратилади. Масалан, компаниямизнинг асосий ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган Сирдарё вилоятида минг гектарга яқин, яна тўққизта вилоятда эса 100-200 гектардан майдонда замонавий ва тежамкор иссиқхоналар барпо этилади.
"Bek Cluster" МЧЖ томонидан Миришкор ва Шаҳрисабз туманларида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг қисқача тавсифига тўхталадиган бўлсак, ҳар бирининг қиймати 230 миллиард 400 миллион сўмни ташкил қилади. Иккала ҳудудда замонавий лимонзорларнинг барпо этилиши натижасида 1200 тадан янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
- Ҳар бир бизнес-лойиҳамиз айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга, - дея сўзида давом этади Анвар Жуманов. - Зеро 100 гектар майдонда яратилган замонавий лимонзорлардан фақат 10 гектари компаниямиз тасарруфига ўтади. 90 гектари эса 360 та маҳаллий тадбиркорга 25 сотихдан тақсимлаб берилади ва улар иссиқхонанинг ўзларига тегишли қисми учун олинган кредитларни узиб бўлишгач, бу мулк ва ер уларга умрбод фойдаланишга қолади. Иссиқхоналар эгалари ўзаро кооперация асосида, кластер шаклида фаолият юритишади. Компаниямиз таъсисчилигидаги тузилма ҳам шу кластер таркибида бўлиб, лимон етиштирувчиларга кўчатлар етказиб бериш, цитрус меваларни сотиш, қайта ишлаш, нархларни шакллантириш ва бошқа масалаларда кўмаклашади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган манзилли рўйхатга 2020 йилда вилоятимиз туманларида ишга тушадиган 14 та лимончилик йўналишидаги лойиҳа киритилган бўлиб, улар доирасида ташкил этиладиган янги лимонзорларнинг умумий майдони 317 гектарга етиши прогноз қилинмоқда. Масалан, Муборак туманида "Муборак ягуар" ва "Қодир орзу омад", Қарши туманида "Сапар бобо набираси Жавохир" ва "Лимо лайм", Миришкор туманида "Бўри девонбеги", "Жейнов мебель голд" ва "Сардор экспорт сервис", Шаҳрисабз туманида "Янги ҳаёт чорва инвест", "Kesh global story servis", "Kesh Aziz shifo" масъулияти чекланган жамиятлари, Деҳқонобод туманида эса "Ойдин Охуновна" хусусий корхонаси 1-5 гектар майдонда замонавий лимонзорлар барпо этишни мақсад қилишган. Айни пайтда "Demetr Agro Park" масъулияти чекланган жамияти Қарши туманида 100 гектар майдонда лимончилик тармоғини ривожлантиришни режалаштирган.
Қарорда белгиланганидек, янги лимонзорлар пахта ва ғалладан бўшаган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда барпо этилади. Уларни қуришга маблағ "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида ажратиладиган сармоя, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари ҳисобидан ажратилади.
Шунингдек, давлат раҳбарининг жорий йил 19 февралдаги қарори билан лимон етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати ҳам тасдиқланиб, унга вилоятимиздан Ғузор, Қамаши, Қарши, Китоб, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманлари киритилган. Мазкур ҳудудларда ихтисослаштириш даврига қадар (2017-2019 йилларда) 136,4 гектар майдонда лимон етиштирилиб, умумий ҳосил ҳажми 6 минг 270 тонна, экспорт миқдори эса 2 минг 508 тоннани ташкил қилган. Ихтисослаштириш натижаларга кўра, бу еттита туманда лимонзорларнинг умумий майдони 337 гектарга етказилиб, ялпи ҳосил ва экспорт ҳажми қарийб 1,7 баравар оширилади.
Темур НИЗОМОВ