Бугун Қарши шаҳрида очилган ҳудудий саноат ярмаркасида республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ корхона ва компаниялар ўзларининг 1000 га яқин турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Ихтисослашуви нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноатидан иборат мазкур ярмаркада “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик бирлашмалари билан бир қаторда кўплаб кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам ўз салоҳияти ва имкониятларини намойиш қилаяпти.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиқиб, унинг муҳим аҳамияти ҳақида гапирар экан, ушбу ярмарка тадбиркорларимизни бирлаштирувчи муҳим платформага айланиши, унда ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик эса Қашқадарё ва республикамиз бошқа ҳудудларининг саноат салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишини ишонч билдирди.
Ярмаркада ҳудудий саноат корхоналарининг вакиллари маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширган истиқболли лойиҳалари ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этиб, потенциал ҳамкорларнинг эътиборини жалб қилишмоқда. Масалан, Қарши шаҳридаги “Standart-Pribor” илмий-ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамияти ўз кўргазмали стендига нефть ва газ саноати субъектлари учун мўлжалланган масофали сигнализация қурилмаси, терморегулятор, кучланиш инвертори каби маҳсулотларни чиқарган бўлса, Навоий вилояти Кармана туманидаги “Karmana Gold Mine” хусусий корхонаси йирик саноат корхоналарига турли хил ҳаво фильтрларини таклиф қилмоқда.
Импорт ўрнини босувчи қарийб 15 турдаги ҳаво фильтрларини ишлаб чиқарамиз, - дейди “Karmana Gold Mine” хусусий корхонаси раҳбари Улуғбек Ҳамдамов. – Бу турдаги маҳсулотларни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар, шу жумладан, Қашқадарёдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, шунингдек, “Ўзтрансгаз” АЖ, Навоий кон-металлургия комбинати, Навоий иссиқлик электр станциясига етказиб берганмиз. Қарши шаҳридаги саноат ярмаркасида эса буюртмачиларимиз сафи ва буюртмалар портфелини янада кенгайтириш ниятидамиз.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги “Махсусэнергогаз” АЖ нефть-газ ва нефть-кимё тармоқларида сервис хизматлари кўрсатиб, технологик асбоб-ускуналар ва қурилмалардан фойдаланиш, уларни жорий ва капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, ростлаш ва синаш билан ҳам шуғулланади. Ҳудудий саноат ярмаркасида ўзининг алоҳида кўргазмали стенди билан иштирок этаётган мазкур жамиятнинг вакиллари айни пайтда вилоятимиз ҳудудида қурилаётган электр нимстанцияси ва ишчилар ётоқхонаси учун қурилиш материаллари харид қилиш бўйича ўрганишлар олиб боришаяпти. Шу нуқтаи назардан улардан Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасида ишлаб чиқарилган айрим маҳсулотлар қизиқиш уйғотди.
Биз эса бу ерда сэндвич панеллари ва профнастил каби қурилиш материаллари билан бир қаторда истеъмолчиларга кўпикли изоляция спрейининг ҳам афзаллик жиҳатларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилаяпмиз, - дейди вилоят марказидаги “ALPTOM” масъулияти чекланган жамияти мутахассиси Жаҳонгир Жуманазаров. – Чет элда жуда кенг қўлланиладиган ушбу технология воҳамизга энди-энди кириб келаяпти, бу ярмаркадан сўнг ундан фойдаланувчилар сони кескин кўпайса ажабмас.
Илгари хабар берганимиздек, Қарши шаҳридаги ҳудудий саноат ярмаркаси 13-14 октябрь кунлари давом этиб, унда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзолаш, саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, қолаверса, юқори технологик маҳсулотлар, инновацион ишланмалар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иштирокчиларни рағбатлантириш режалаштирилган. Эртага эса тадбир доирасида “Маҳаллийлаштиришда инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманни ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.