Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда 378 та йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Маълумки, мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
- Бу кўргазма аввалгиларидан анча фарқ қилди, - дейди вилоят ҳокимлигининг ҳудудни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси мутахассиси Дилором Холмуродова. - Боиси, унда иштирокчиларнинг кўпчилигини кичик бизнес вакиллари, айниқса, оилавий корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган текстиль, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрсатилаётган хизматлар ички бозорни тўлдиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, кўргазма орқали қатор йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес вакиллари ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилди. Яна бир эътиборли жиҳати, ярмаркада таклиф этилган янги маҳсулот турлари ҳам ошган.
Кўргазмада озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар, жумладан, қурилиш материаллари, мебель, текстиль маҳсулотлари ва трикотаж буюмлари, чарм-пойабзал маҳсулотлари, дори воситалари кенг ассортиментда намойиш этилди. Вилоятдаги ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шу ернинг ўзида келишувга эришиб, шартномалар имзоладилар.
Эътиборлиси шундаки, ушбу кўргазма бозорга янги кириб келаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўпайтиришга асос бўладиган буюртмалар портфелини шакллантиришга ва маҳсулотларни реклама қилишга амалий ёрдам бўлди. Ярмаркада харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товарларини сотиб олиш бўйича тендер танловисиз, тўғридан-тўғри шартномалар тузишди.
– Бу йилги ярмаркада илк бор ўз маҳсулотларимиз билан қатнашдик, – дейди Муборак туманидаги “Дилшод Юнус мебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Обидов. - Корхонамизда қурилиш материаллари, мебель буюмлари ишлаб чиқарилади. Фаолиятимизни ўтган йили йўлга қўйгандик. Ҳозирги кунда корхонамизда 5 нафар ишчи меҳнат қилаяпти. Келгусида маҳсулотларимиз турини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Ярмаркада харидорларга алюмин профилли эшик-ромлар, офис, меҳмонхона, ошхона ва ётоқхона жиҳозлари, матрас каби маҳсулотларимизни таклиф этдик. Қатор манфаатли шартномалар тузишга эришдик.
Айтиш жоизки, воҳамизда бўлиб ўтадиган бу каби тадбирларга юртимизнинг бошқа вилоятлари ишбилармонлари юқори қизиқиш билан қарайди ва улар бундай ярмаркаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ушбу тадбиркорлик субъектларининг сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани аҳамиятлидир. Хоразм вилоятидан келган “Wolfsofts” хусусий корхонаси вакиллари таклиф этган компьютер дастурлари кўргазма қатнашчиларини бефарқ қолдирмади. Хусусан, корхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган “Ўйна ва ўрган” дастури инглиз тилини ўйин тариқасида тез фурсатда ўзлаштиришга қаратилган.
- Қашқадарёда ўтган саноат ярмаркасида биринчи бор қатнашдик, - дейди Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган “Jahon sanoat metall” масъулияти чекланган жамияти менежери Раҳматулло Холмирзаев. - Тадбирда корхонамизда ишлаб чиқарилган бир неча турдаги модул иссиқлик қурилмалари, иситиш котёллари, бошқа ускуналарни намойиш қилдик. Маҳсулотларимизга талабгор бўлган харидорлар билан бевосита шу ернинг ўзида манфаатли келишувларга эришдик.
Кўргазма давомида вилоятимизда фаолият олиб бораётган тижорат банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига аввалдан тайёрланган стендлар, роликлар ва буклетлар асосида ўзлари кўрсатаётган бир қанча банк хизматлари ҳақидаги ахборотларни тақдим этишди.
Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси якунларига кўра, маҳсулотлар хариди ва ҳамкорликка оид умумий қиймати 41 миллиард 589 миллион сўмлик шартномалар имзоланди. Бу ўтган йилгига нисбатан 20 фоизга кўп демакдир. Иштирокчилар намойиш этилган турли йўналишдаги саноат маҳсулотлари, хизматлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: ярмарка фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.