Қарши шаҳрида “Нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё ва чарм-пойабзал саноати” ҳудудий тармоқлараро ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Республика ҳукуматининг жорий йил 26 мартдаги қарорига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ва яна бир қатор акциядорлик жамиятлари ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг реал ва потенциал ҳамкорлари, ҳудудий саноат корхоналари қатнашаяпти. Воҳамизнинг турли ҳудудлари ва айни пайтда Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларидан ташриф буюрган ишлаб чиқариш корхоналари сони 250 дан ортиқ, намоийш этилаётган маҳсулотлар тури эса 1000 га яқин деб баҳоланмоқда.
Ярмаркадан кенг ўрин олган “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарнинг алоҳида стендида жамиятнинг саноат салоҳияти, хомашё ресурсларини қайта ишлаш ҳолати ва истиқболлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси, чет эл инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, импорт номенклатураси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳа таклифлари намойиш этилмоқда. Жамият вакилларининг таъкидлашича, тадбир давомида инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг 2023 йил эҳтиёжлари доирасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш бўйича аниқ шартномалар имзоланмоқда.
- Қарши шаҳридаги заводимизда ўтган йилдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар – юқори босимда ишлашга мўлжалланган ускуналар, масалан, иссиқлик алмашгичлар ҳам асосан нефть ва газ саноати учун мўлжалланган, - дейди пойтахтда рўйхатдан ўтган “PetroPipe Oil and Gas” масъулияти чекланган жамияти бош директори Фурқат Якубов. –Хориждан таклиф этилган юқори малакали мутахассислар ёрдамида шу пайтгача ўнга яқин турдаги бундай аппаратлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирганмиз. Ушбу ярмаркада иштирок этиш орқали ҳамкорларимиз сафи ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларимиз ассортиментини янада кенгайтириш ниятидамиз. Келажакда халқаро тажрибани юртимизга олиб келиш ва қўллашни давом эттириб, ишлаб чиқарилаётган ускуналарнинг маҳаллийлаштириш даражаси ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишга интилаяпмиз.
Чарм-пойабзал саноатининг энг фаол вакилларидан бири – беларуслик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 6 миллион доллар эвазига ташкил этилган “UzShoes” қўшма корхонаси ярмаркада йирик акциядорлик жамиятлари каби улкан стенд барпо этмаган бўлса-да, унинг маҳсулотларига қизиқувчилар сони сираям қам эмас. Аксинча, Германия, Италия ва Австриядан келтирилган ускуна ва жиҳозлар ёрдамида ишлаб чиқарилган пойабзаллар нафақат кўплаб маҳаллий фуқаролар ва саноатчилар, балки юртимизда фаолият юритаётган хорижий компаниялар, масалан, “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” масъулияти чекланган жамияти вакилларини ҳам диққат-эътиборини тортди.
- Ушбу ярмаркада ўз салоҳиятини намойиш этаётган саноат корхоналарининг кўплаб муваффақиятлари билан бир қаторда айрим муаммолари ҳам борки, уларни ҳал қилиш учун илм-фан ютуқлари ва инновациялардан кенгроқ фойдаланиш зарур, - дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Сардор Донаев. – Шу боис университетимизнинг бир қатор олим ва мутахассислари ярмаркага етиб келиб, унинг иштирокчилари билан бевосита ишлаб чиқаришга доир муаммоларни ҳал қилишда инновацияларни қўллаш бўйича ўзаро фикр алмашаяпти ва келишувлар тузишаяпти.
Ярмаркада ҳудудий корхоналар ҳам ўз лойиҳалари тақдимотларини ўтказиб, истеъмолчиларга янги маҳсулотларини намойиш этишмоқда ва ишлаб чиқариш истиқболлари ҳақида батафсил маълумотлар беришмоқда. Мисол учун, Косон туманидаги “Бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти ўз стендида шу йил август ойи охирида мазкур пахта-тўқимачилик кластерига қарашли янги ёғ заводида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ўсимлик ёғи билан бир қаторда шу кунларда илк партияси экспортга жўнатилаётган тўқима матони ҳам кўргазмага қўйди.
- Эътиборлиси, корхонамиз ярмаркада иштирок этаётган айнан шу пайтларда кластеримизнинг экспорт билан шуғулланувчи мутахассислари россиялик ҳамкорга сотилган биринчи партия – 70 минг погонометр матонинг ҳужжатларини расмийлаштириш билан банд, - дейди “Бунёдкор” МЧЖ маркетинг бўлимининг етакчи мутахассиси Равшан Темуров. – Бу эса яна битта истиқболли лойиҳамиз амалий самара келтира бошлаганидан дарак беради.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудий корхоналарнинг саноат салоҳиятини янада ошириш, улар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга қаратилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бугун ниҳоясига етади. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, 2022 йил 14-18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ташкил этилади ва унда мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқлари томонидан 2023 йил учун буюртмалар портфели шакллантирилади.
Темур НИЗОМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.