Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

24.01.2017


УЙ БЕКАСИ – СПОРТЧИ

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шоири остида ўтган фестивалда шаҳар ва туманлардан сараланган 14 та жамоа ғолиблик учун беллашди.

Мусобақани вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси  Рисолат Эшқобилова очиб, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, бунда хотин-қизлар спортини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда вилоятимизда 250 минг нафардан зиёд хотин-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Шундан 100 минг нафардан  зиёдини уй бекалари ташкил этади. Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёлларни спортга жалб қилиш мақсадида “Спорт маликаси”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи”, “Камолот” маликалари” каби мусобақалар ташкил этилаётир. Бугунги кунда Қарши шаҳри ва туманларда спортнинг гимнастрада тури билан шуғулланувчи 1270 нафар 50 ёшдан ошган аёллардан иборат “Эъзозли аёллар” гуруҳлари  фаолият кўрсатмоқда.

Мусобақаларда 300 нафардан зиёд хотин-қиз волейбол, стол тенниси, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича ўзаро беллашди.  Якунда фаол  иштирок этган ҳамда фахрли ўринларни қўлга киритган Қарши шаҳри, Китоб ва Шаҳрисабз туманлари жамоалари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

- Бугун гимнастрада мусобақасида Косон тумани  шарафини ҳимоя қилдим, - дейди 75 ёшли Тулғон Ҳасанова. - Илгари қишлоқ тугул, шаҳарда ҳам хотин-қизларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун шароит йўқ эди. Бугун эса чекка қишлоқларимизда ҳам замонавий спорт мажмуалари барпо этилиб, хотин-қизларимиз спорт билан шуғулланишмоқда. Аёлларимизнинг иш, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, шундай мусобақаларда қатнашиши жуда қувонарли.

Тадбирда катта концерт дастури намойиш этилди. Унда вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари, гимнастикачи қизлар ўз чиқишлари билан барчага хуш кайфият бағишладилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Report typo