Қарши тумани Хониён маҳалласида яшовчи Вазира Раҳимова ҳам бу борада ўз омадини синаб кўрди. У аввалдан хонадонида паррандачилик билан шуғулланиб келгани боис маҳалла кафиллиги билан уйида ушбу тармоқни ривожлантириш мақсадида тижорат банкидан 4 миллион сўмдан ортиқ кредит олди ва саноат усулида товуқ боқишни бошлади. Бугун бу юмуш ортидан оилага яхшигина даромад келмоқда.
Уддабурон уй бекаси тез етилувчан бройлер жўжаларни парваришлаб, ундан бозор талабига мос парҳезбоп гўшт етиштирмоқда. Дастлаб ишни 500 та бройлер жўжа парваришидан бошлаган ишбилармон бугунги кунга келиб уларнинг сонини 3 мингтага етказди. Бунинг учун ҳовлида парранда боқишга ихтисослашган олтита махсус товуқхона қурилди. Унда вентиляция тизими ўрнатилиб, товуқ боқишга муносиб шарт-шароит ҳозирланди.
- Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳоли вакиллари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва уларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани бизни янада ташаббускорликка ундамоқда, - дейди Вазира Раҳимова. - Энди ҳеч иккиланмасдан ушбу бизнесимни кенгайтирмоқчиман. Туман ҳокимлигидан ер олиб, гўшт йўналишига ихтисослашган паррандачилик корхонасини ташкил этишни мақсад қилганман. Насиб қилса, ушбу режам амалга ошса, уйда ишсиз ўтирган маҳалладаги қиз-жувонларни доимий иш билан таъминлайман.
Бир сўз билан айтганда, бир ярим йилдан буён шу фойдали машғулот билан шуғулланиб келаётган рўзғор бекаси паррандачиликда анча-мунча тажриба орттирди. Фаолиятидан наф топди. Унда энди янги ташаббуслар бор, ҳаракатдан тўхтаб қолаётгани йўқ. Режасида фаолиятини кенгайтириб, кўраётган даромадини ошириш истаги мужассам. Демак, иш ҳажми ҳам шунга монанд ошади, қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезилади. Яъни, тадбиркор кимнидир жалб этиб, уни ишли қилади. Жамият учун эса айни шуниси муҳим.
Дилфуза ЖУМАЕВА