Қарши шаҳридаги айрим фуқаролар ҳам уйи “снос”га тушганини эшитганда шу фильмдаги каби аввалдан тилла топишга умид қилмагани, бунга омад деб қарамагани аниқ. Бу хабардан қувониб дўпписини тепага отмаган ҳар ҳолда. Ким ҳам ўсиб вояга етган, яшаб турган қадрдон уйи бузилишини истайди. Аммо кўпга келган тўй дея барча бунга кўнди. Ҳали бировнинг норози эканини эшитмадик. Ахир ер давлатники бўлгандан кейин айрим мақсадларда уни аҳолидан олиб қўйишга ҳақли. Мақсад ҳам ёмон эмас – вилоятимиз марказини янада кўркамлаштириш, эски, пастқам уйлар ўрнида замонавий, зарур инфратузилмага эга кўп қаватли уйларни барпо этиш. Натижасини бугун ҳамма кўриб-билиб турибди.
Айтиш жоизки, мазкур ишлар ижроси Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида таъминланмоқда. Албатта, бунда биринчи навбатда мавжуд қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда уйи бузилаётган аҳоли вакиллари манфаатига мос иш тутилиши шарт. Бу ҳолат шу вақтгача Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тартибга солиб келинган.
Бу ҳужжатда фуқаролардан ер участкалари олиб қўйилиши қандай шартлар билан амалга оширилиши белгилаб берилган. Агар фуқаро тегишли ер участкасини қонуний тасарруф этиб келган бўлса, етказилган зарар қоплаб берилиши, компенсация тўланиши керак. Мисол учун, бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қиймати тўлаб берилиши ёки шу қийматдан кам бўлмаган бошқа жой мулк қилиб берилиши даркор. Зарар қопланиб, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратилиши ҳолати ҳам кўзда тутилган. Маълумки, Қарши шаҳри шароитида мана шу вариант кўпроқ қўлланаяпти.
Аҳамиятлиси, жараён бошланганига ҳам 5 йил тўлди. Бу орада асосий йўллар четидаги қанчадан-қанча уйлар ўз ўрнини ҳашаматли, кўрган кўзни қувнатадиган кўп қаватли иморатларга бўшатиб берди. Лекин аллақачон “снос”га тушгану, ҳали замон ана-мана бузилади, деб келинаётган “чалажон” уйлар ҳам бор экани ажабланарли. Ижтимоий тармоқ орқали йўлланган мурожаатни ўргана туриб бунга амин бўлдик. Гап шундаки, Қарши шаҳридаги Дарвозатутак маҳалласининг Ислом Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчасига туташ қисмидаги кўпгина уйлар ҳам ҳудуд ободлиги йўлида бузиб ташланиши керак эди. Айни пайтгача бу вазифа айтарли уддаландию, бироқ Авангард кўчасидаги 5 та уйга негадир навбат ҳеч тегмади. Ушбу уйлар олди махсус тўсиқлар билан ўраб олинганига ҳам анча бўлган. Кичик ватани бузилишига эса хонадон эгалари ўзларини тайёрлаб ҳам улгуришган. Шундай бўлса-да, ҳануз амалий натижадан дарак йўқ.
- “Снос” ҳақида илк огоҳлантириш хатини 4-5 йилча илгари олгандик, - дейди Авангард кўчасидаги шу хонадонлардан бирида яшовчи Шуҳрат Қувватов. – Масъуллар ҳар йили бир хил ваъда беришади. Шу йил уйимиз аниқ бузиларкан, деб қанча кутганимиз қолди. Икки ён тарафимиздаги қўшниларимиз сабр қила олишмади. Ўзлари бузишга тушишди. Охирига ҳам етмай уйлари шу туриш чала қолди. Пул тўлаб беришмаса ҳам ҳозир бошқа жойга чиқиб яшашяпти. Бизнинг эса борар жойимиз йўқ. Уйимиз авария ҳолатига келиб қолган. Барибир бузилади, деб таъмирлашга пул харж қилишга кўзимиз қиймайди. Афсуски, шу ҳолимизча яшашга, меҳмон кутишга мажбур бўлаяпмиз. Яқинда тўй қилиб, келин ҳам туширдик.
Фуқаронинг сўзларига кўра, сўнгги марта хонадон мулкдори Розиқ Қўзиев номига 2016 йил 6 апрель санасида ўша пайтдаги Қарши шаҳар “Ермулккадастр” ДК бошлиғи А.Рахимов имзоси билан хат келган. Унда “Қарши шаҳри бош режасига асосан ... “қизил чизиқ”қа тушган Авангард кўчасида жойлашган уй-жой ва биноларнинг бузилиши муносабати билан” 2016 йил 10 апрелга қадар кадастр ҳужжатларини олиб уй-жойнинг эркин баҳосини чиқариш мақсадида мустақил баҳоловчиларга мурожаат этиш сўралган. Бир неча бор айни шундай хат йўлланиши натижасида уй эгалари ҳар сафар хонадонни қайта кадастр қилдиришига, баҳолатишига тўғри келган. Албатта, бунинг учун муайян миқдорда маблағ сарфланган. Нега қайта баҳолатган, дерсиз. Негаки йилдан-йилга қурилиш материаллари нархи ошмоқда. Табиийки, бу уйнинг бозор нархига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Ташвиш қилишга бошқа бир сабаб ҳам бор. Ўз вақтида “ремонт” қилинмаган уй ўз-ўзидан нурай бошлайди. Бу ҳолни ҳам ўз кўзимиз билан кўрдик. Хонадон соҳибларининг жон куйдиришича, куз-қишда ёғингарчилик бўлса, деворлардан лой тушади, иссиқ кунларда чанг кўтарилади. Икки ён тарафдаги хароба уйларнинг ҳам зарари йўқ эмас. Кўздан пана жой деб баъзан ёмон хулқли кишилар бу ерни кечалари макон тутишар экан. Ҳеч ким яшамайдиган вайроналарда хатарли қурт-қумурсқа ҳам кўпайган. Бундай шароитли уйда яшаш саломатлик учун хавфли деб шаҳар “санэпидем” мутахассиси хулоса ҳам берибди.
Савол туғилиши мумкин: шу 5 хонадонга келганда нега ишлар тўхтаб қолган? Мутасаддилар на бузарини, на бузмаслигини аниқ билдирмайди. Ер участкасини олиб қўйиш учун компенсация не сабабдан тўлаб берилмаяпти?
Айрим ҳужжатлар билан танишиш асносида бунга бироз ойдинлик киритгандек бўлдик. Масалан, 2016 йил апрель ойида Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотномада ҳам ҳақиқатда фуқароларга тегишли уй-жой бузилиши фақат “маълум қилинган”. Аниқ бир муддат ҳақида эса умуман сўз бормаган. Натижада фуқаро Ш.Қувватовнинг ўша вақтда Бош вазир виртуал қабулхонасига мурожаат қилишдан бошқа чораси қолмаган. Масъуллар бу мурожаатга ҳам чучмал жавоб қайтаришган. Қарши шаҳар ҳокимлиги буни ўзидан соқит қилиб, жавобгарликни Қарши шаҳар “Ермулккадастр” идорасига “ошириб” қўя қолган.
2017 йил 10 январь санасида фуқарога йўлланган жавоб хатида шундай дейилади: “Мурожаатингиз шаҳар ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, ... тегишли асосда қаноатлантирилганини маълум қиламиз. Сизнинг мурожаатингиз юзасидан маълумот бериш Қарши шаҳар “Ермулккадастр” ДК ваколати доирасига кирмайди”. Тамом-вассалом. Шуми қаноатлантирилган жавоб?! Хўш, унда кимнинг ваколатига киради бу? Нега мутасаддилар масъулиятни ўз зиммасига олиш, фуқаронинг муаммосини асосли ҳал этишдан кўра ўз тинчини ўйлашни маъқул кўришган?!
Бинобарин, 4 томон иштирокида тузилган келишув шартномаларида ҳам ҳар бир томоннинг мажбурияти алоҳида кўрсатиб ўтилган. 2016 йилнинг августида тузилган шундай ҳужжатда Қарши шаҳри ҳокими Ж.Фозилов, буюртмачи-пудратчи Қарши шаҳридаги “Навбаҳор ҳамкор транс” МЧЖ раиси Б.Эргашев, уй мулкдори ҳисобланган тегишли фуқаро ва молиялаштирувчи банк “Ипак йўли” АИТ банки Қарши филиали бошқарувчиси санаб ўтилган. Бунда фуқаронинг вазифаси аниқ таъкидланган: у ўзига тегишли уй учун ўзи томонидан мустақил баҳоловчи орқали баҳоланган қийматдаги маблағни олган кундан бошлаб 3 кун муддатда уйни бўшатиши ҳамда оила аъзолари билан уйдан чиқиб, уни буюртмачи-пудратчи, яъни қурувчига топширишни ўз зиммасига олган. Қурувчи эса мустақил баҳоловчи тақдим этган хулоса асосида бузилишга тушган уй учун тегишли миқдордаги товон пулини мулкдор номига 3 кун ичида ўтказиб бериши керак эди.
Билсак, қурувчи ўз мажбуриятини бажариш нарёқда турсин, барчасига бутунлай қўл силтаб қўя қолган. Кимдир қочиб кетган, бошқаси “тушиб” кетган, дейди. Хуллас, бундан бирор унум чиқмаганини Қарши шаҳри ҳокимининг 2018 йил 26 январдаги қарори ҳам кўрсатиб турибди. Энди эса ҳужжатда Дарвозатутак маҳалласи Авангард кўчасидаги 5 хонадон жойлашган 1300 квадрат метр ерни бошқа бир буюртмачи - “Grant-Ellada” масъулияти чекланган жамияти доимий фойдаланиш учун олиш тўғрисида Қарши шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий комиссияга мурожаат қилгани қайд этилади. Ва бу мурожаат маъқулланиб, ушбу қурувчига ҳам мажбуриятлар юклатилган.
- Ростдан ҳам шундай ташаббус билан чиққанмиз, - дейди ушбу жамият раиси Жонимқул Фармонов. – Аввалги қурувчи билан келишув бекор қилинган экан. Ер участкасини доимий фойдаланишга олиб ўрнида кўп қаватли уй қурмоқчи эдик. Биринчи қаватида эса хусусий боғча ташкил этиш режалаштирилган. Аммо маблағимиз етмайди. Мўлжалимиз бўйича компенсация сифатида фуқароларга 1 миллиард сўм атрофида маблағ тўлаб беришимиз керак. Биз тадбиркор бўлсак, қаердан оламиз бунча пулни? Хуллас, молиявий манбаимиз йўқ. Банкдан кредит олиб қилишнинг ўзи ҳам бўлмайди. Ҳали янги қурилажак уйларни сотишимиз ҳам керак. Унинг устига ҳозир бошқа жойда ҳам қурилиш қилаяпмиз. Бу лойиҳани қисқа вақтда бажаролмаслигимизни ҳокимга ҳам айтганмиз.
Қизиқ ҳолат-а? Бошида қурувчи ўзи истаб шу жойни оламан деган. Лойиҳа ҳам таклиф қилибди. Ҳар ҳолда уни биров бунга куч билан мажбурламагандир. Энди “қаерга борсанг бор, бунга қурбим етмайди”, деб турса додингни кимга айтасан?! Хўш, қурувчи нега шу ишга бел боғлашдан аввал имкониятини чамаламаган, бошқача айтганда, кўрпасига қараб оёқ узатмаган? Ҳолинг бундай экан, зарилмиди эплолмайдиган ишни бўйнингга олиб, дейдиган одам топилмадими? Тегишли комиссия ҳам қаерга қараб хулоса берган, шу номзодни маъқуллаган? Молиявий томонини ҳеч ким сўриштирмаганми? Ё бу ерда бошқа масала борми?
Яна бир жиҳат ҳам уйи бузилишга тушган аҳоли вакилларини хавотирга солаяпти. Орадан шунча вақт ўтибди ҳамки, янги қурувчи билан келишув шартномаси тузилмаган. Бири ярим йўлда ташлаб кетаверса, бошқаси имкони йўқлигини баҳона қилса, бу ерда фуқаролар ўз ёғига ўзи қовурилиб туравериши керак эканда. Хўп, эплолмади ҳам дейлик, шуни уддалайман, мен қиламан, пулини ҳам топаман, деган қурувчи қаҳатми?
Ўрганиш давомида яна шу нарса маълум бўлдики, “снос”га тушган уйлар эгаларига бошқа жойдан ҳали ер ҳам ажратилмаган. Аввалги келишув шартномасига кўра, фуқароларга Қарши шаҳри ҳудудидан якка тартибда уй-жой қуриш учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳажмдаги ер 30 кун ичида ажратилиши таъминланиши керак эди. Баъзилар шунга ҳам рози. Ҳеч бўлмаса, қурби етганича, уйнинг пойдеворини ташлаб қўяр, девор билан ўрар. Уй бузиш осондир, аммо уни қуриш бирмунча вақт талаб қилиши, мушкул иш эканини ёш бола ҳам билади. Фуқароларнинг айтишича, Қарши шаҳри ҳокимлиги масъуллари ерларнику кўрсатишибди, ажратилишини қонунан расмийлаштиришга келганда ҳали ҳам оқсашмоқда. “Шу ер сеники”, дегани, бу ҳали унга эгалик ҳуқуқини берди, дегани эмас.
Амалиётдан кўриниб турибдики, бу ҳал этиб бўлмас муаммо эмас. Ахир шу вақтга қадар “қизил чизиқ”қа тушган қанчадан-қанча уйлар бузилди, оилаларга ерлар ажратилиб, товон пуллари ҳам тўлаб берилди. Аросатда қолган шу беш хонадон вакиллари дардини аритиш, масалага ижобий ечим топиш ҳам қийин вазифа эмас, назаримизда. Бу ҳолатда Қарши шаҳри ҳокимлиги мутасаддилари қандай йўл тутади? Шундай экан, мавзуга ҳали яна қайтамиз.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ