Фуқароларимиз уй-жой ва уй-жой қуришда ер участкаси олиш учун қаерга ва кимга мурожаат қилишни яхши билмоғи керак. Ана шунда унинг эҳтиёжи, талаби ўз вақтида қонуний ечимини топади.
Хўш, уй-жой ва уй-жой қуришда ер участкаси олиш борасидаги тартиб-таомиллар нималардан иборат? Бу масала қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади? У қайси давлат идорасида ва қандай ҳал қилиниши керак?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомга асосан, якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 0,04 гектаргача ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда кимошди савдосида сотилади.
Ариза туман ҳокимлигига берилади ва унга маҳалланинг оила таркиби тўғрисидаги маълумотномаси ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар илова қилинади. Кимошди асосида ер олган фуқароларга туман ҳокими давлат ордери беради. Туман ҳокими бир йилда бир марта ер участкаси олишга эҳтиёжманд бўлганларнинг рўйхатини тасдиқлайди. Бўш ер участкалари мавжуд эмаслиги ер участкаси берилишини рад этишга асос бўлади.
"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида қурилган уй-жой жойлашган ер участкаси туман ҳокимлигининг қарорига биноан, якка тартибда уй-жой қурувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаросига 0,06 гектардан кимошди савдоси ўтказилмасдан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилади.
Айни пайтда якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомга киритилган бир қатор ўзгартиришлардан ҳам хабардор бўлиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан 2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида доимий фойдаланиш учун майдони бир гектаргача ва бир гектар бўлган ер участкалари фақат танлов асосида берилиши белгилаб қўйилди.
Қишлоқ жойларида 2009 йилдан буён намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларга қўшимча равишда 2017 йилдан бошлаб арзон уйлар ҳам қуриладиган бўлди. Қишлоқ жойларда аҳоли кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан қишлоқ жойларда хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли 2, 3 хонали, 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали, майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли тўрт хонали бирлаштирилган арзон уйлар қуриладиган бўлди. Икки, уч қаватли кўп хонадонли ва 2, 3 хонали бир қаватли уйларнинг дастлабки бадали 15 фоиз, икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйларнинг дастлабки бадали эса 25 фоиз қилиб белгиланди.
Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги "Ариза берувчи-уй қурувчининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинди. Низом уй қурувчиларнинг қишлоқ жойларда арзон уй-жойларга бўлган ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уй қурувчиларни танлаб олиш ва уларнинг иштирок этиш тартибини белгилайди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оила деганда, бошқа оилалар билан бир уйда биргаликда яшовчи, кўп болали ёхуд таркибида биринчи гуруҳ ногирони бор ёки кам таъминланган оилаларни тушуниш керак. Фуқаро ариза билан ўзининг уй-жойга эҳтиёжмандлигининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, ўзи яшайдиган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисига мурожаат қилади. Ариза махсус журналда рўйхатдан ўтказилиб, такрорланмайдиган рақам ҳамда ҳужжатлар қабул қилингани ҳақида ариза берувчига тилхат берилади. Ариза икки кун муддат ичида кўриб чиқилиши керак.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ариза берувчининг уй-жой шароити ва унинг белгиланган мезонларга тўғри келишини ўрганиб, текшириш далолатномаси тузади. Унинг бир нусхаси ариза берувчига берилади. Шунингдек, белгиланган шакл бўйича ёзма тавсия берилади ёхуд асослантирилган тарзда ёзма тавсия берилиши рад этилишидан фуқаро ёзма равишда хабардор қилинади.
Фуқаро маҳалланинг ёзма тавсиясини икки нусхада олиб, бир нусхасини аризага илова қилиб инжиниринг компанияси филиалига ва иккинчи нусхасини тижорат банкининг тегишли филиалига тақдим этади. Фуқаро 5 кун ичида ёзма тавсия бериш рад этилишининг сабабларини бартараф қилиши мумкин. Фуқаро такрорий аризани кейинги йилда беришга ҳақли.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг масъул ходимлари мазкур низом талабларидан яхши хабардор бўлишлари шарт. Туман ҳокими арзон уй-жойлар қуриш учун белгиланган ер участкасини инжиниринг компаниясига бериш тўғрисида қарор қилади. Инжиниринг компанияси бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва маҳаллалар орқали аҳолини хабардор қилади ҳамда шартномаларни тузади. Шундан сўнг талабгор фуқаро ипотека кредити бериш тўғрисидаги ариза билан доимий яшаш жойи бўйича иштирок этувчи тижорат банкининг филиалига мурожаат қилади.
Аризага низомда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилиниши шарт. Банк талабгорнинг кредитга лаёқатини баҳолайди, кредит берилишини маъқуллайди ёхуд рад этиб, бу ҳақда талабгорни ёзма равишда хабордор қилади. Ипотека кредити бериш рад этилган талабгорлар кейинги йилда ипотека кредити олиш тўғрисида такроран ариза беришга ҳақлидирлар.
Туман ҳокимликлари уй-жой қурилиши ва уй-жой қуриш учун ер участкаларининг кимошди савдосида сотилишини назоратга олиши керак. Чунки фуқаролардан тушаётган мурожаатларда уй-жой ва ер участкасига эҳтиёжи бўлмаган одамлар кимошди савдосига кириб савдони бузаётгани, ерни олиб, эҳтиёжманд фуқароларга қимматига сотиши каби ҳолатлар мавжудлиги билдирилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳақиқатдан ҳам уй-жойга эҳтиёжманд бўлган фуқароларга ёзма тавсия беришлари шарт. Назаримизда уй-жой қуриш учун ер участкаси олган шахс у ер участкасини, дейлик, ўн йилга қадар бошқа кишига сотишини чекловчи нормани тегишли қонунларимизга киритишимиз керак.
Фуқароларнинг деҳқон хўжалиги ташкил қилиш ва ободонлаштириш учун ер участкалари олиб, сўнг бу ерда уй-жой ҳамда бошқа бинолар қуриб олишлари ҳаётда кўп учрайди. Бундай қилмишлар қонун талабларига зид ва ноқонуний қурилишлар белгиланган тартибда бузиб ташланади. Фермер хўжаликлари раҳбарлари уй-жой қуриш учун ер сотса, жавобгарликка тортилиши муқаррар.
Маълумки, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги таркибига кирадиган ерларнинг уй-жой қурилиши учун берилиши қонун нормалари билан тақиқланган. Зеро, бу ерларни келгуси авлодлар учун асраш ва унумдорлигини ошириш барчамизнинг бурчимиздир.
Фуқароларимиз бу борадаги тартиб-қоидалардан бохабар бўлишса, тегишли қонун талабларига риоя қилишса, ҳар жиҳатдан маъқул бўлади. Чунки барча қонунларимиз инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ва бунга оғишмай амал қилинади.
Абдишукур ОМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири