Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • УЙДАГИ СЕЙФДАН 70 МИНГ ДОЛЛАР ПУЛ ВА ТИЛЛА БУЮМЛАРНИ ЎFИРЛАБ КЕТИШГАН

Б.ШАМАТОВ

11.10.2019


УЙДАГИ СЕЙФДАН 70 МИНГ ДОЛЛАР ПУЛ ВА ТИЛЛА БУЮМЛАРНИ ЎFИРЛАБ КЕТИШГАН

Шу йилнинг 24 сентябрь куни Яккабоғ тумани Жамбул маҳалласида яшовчи, туман газ участкаси коменданти лавозимида ишлайдиган М.Э.нинг яшаш хонадонида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб номаълум кимсалар ўғриликка киришган. Ўғрилар хона ичидаги темир сейфни бузиб, 70 минг АҚШ доллари ҳамда жабрланувчининг кўрсатувларига кўра, олтин қоришмасидан тайёрланган, баҳоси 142 миллион сўмлик 2 дона эркаклар соати, 2 дона аёллар соати, 1 дона браслет, 1 та аёллар билак узуги, 8 дона цепочка, 8 та узук ҳамда 20 жуфт аёллар сирғаси, жами 807 миллион сўмлик мол-мулкни ўмариб, жуфтакни ростлашган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноятни фош этиш юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни 1997 йилда Яккабоғ туманида туғилган, маълумоти ўрта махсус, Яккабоғ шаҳрилик Т.Ш. ўз шериклари билан содир этгани аниқланди. Ваҳоланки, айнан ўғрилик сабаб бу кимсаларнинг бир эмас, бир неча марта боши тошга теккан.

Т.Ш. 2012 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "а" банди билан судланиб, жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани суди томонидан 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. 2018 йилда яна шу модда билан судланиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига "муносиб" кўрилиб, охирги жазо муддатини Қамаши туманидаги жазони ижро этиш колониясида ўтаган. 2019 йил 29 августда  2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилиниб, озодликка чиқарилган ҳамда Яккабоғ тумани ИИБ пробация хизмати ҳисобида турган.

Унинг шериги - 1998 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган, маълумоти ўрта махсус, Шаҳрисабз шаҳар Яшил диёр маҳалласида яшовчи Б.Х. 2017 йилда жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди томонидан Жиноят кодексининг 169-модда 3-қисми "а" бандига кўра 3 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. Бироқ жазони ўташдан бўйин товлагани учун унга эълон қилинган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси 2018 йил 26 мартда 2 йил 11 ой 25 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ўзгартирилган. 2019 йил 26 февралда эса 2 йил 25 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилиниб озодликка чиқарилган, Шаҳрисабз тумани ИИБ пробация хизмати ҳисобида турган.

Қинғир ишда қатнашганларнинг кейингиси - 1995 йилда Яккабоғ туманида туғилган, маълумоти ўрта махсус, Яккабоғ тумани Жамбул маҳалласида, яъни ўғрилик содир этилган ҳудудда яшовчи Н.С. эканлиги аниқланган.

Шунга кўра, пул ва тилла тақинчоқлар ҳужжатлаштириб олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Б.ШАМАТОВ,

вилоят ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили

 

Report typo