Сараланган сатрлар
Бундан икки йилча аввал депутат Расул Кушербаев Facebookдаги саҳифасида "Ўзбек - ўз оғам", "Алдаркўса ҳангомалари" номли китоблар нашр этилишига бош қўшгани, шу китоблар кимга керак бўлса, "шахсий"да ёзиши мумкинлиги ҳақида пост қолдирди. Бор-э, мендан нима кетди, ёзсам ёзаверай, деб "Мана бизга керак-да у китоблар" дея битиб қўйдим. Шу орада ишлар билан бўлиб, эсдан ҳам чиқиб кетган экан, бир муддат ўтиб, Қонунчилик палатаси номи тиркалган катта конвертда айтилган китоблар келиб турибди-да...
Биласиз, Кушербаевнинг миллати қозоқ, шундай экан, унинг Алдаркўса ҳангомалари ҳамда қозоқ мақолларини китобга жамлаши табиий ҳол.
Қуйида "Ўзбек - ўз оғам" номли китобдан қозоқ халқ мақолларидан айримларини сараладик. Ишончимиз комилки, улар сизни бефарқ қолдирмайди. Ҳаммуаллиф Маҳмуд Саъдий китобга ёзган кириш сўзида шундай дейди: "Анча-мунча мақолларни таржима қилиб бўлмайди - она тилингиздаги мақоллар билан бир хил! Сабаби нима? Аввало, халқларимизнинг ўтмиши - тарихи, қон-қардошлиги, психологиясидаги яқинлик асосий сабаб. Яна бошқа бир сабаб ҳам борки, мустабид тузумлар томонидан қилинган ҳар хил тазйиқларга қарамасдан, халқларимиз онги ва қалбида чуқур ўрнашган исломий билимлар. Агар эътибор берсангиз, кўпгина мақолларимиз исломий манбалардаги улуғ ҳикматларга жуда-жуда ҳамоҳанг, ҳатто бир хил эканини кўрасиз!.."
* * *
Одам одамга суянар, дарахт томирига суянар.
* * *
Пулни қўл билан берасан, оёқ билан оласан.
* * *
Туя минган ҳар қозоқ тўрт мисра қўшиқ билар.
* * *
Билганинг бир тўққиз, билмаганинг тўқсон тўққиз.
* * *
Туяси йўқ овулга бўталоқ ҳам туя кўринади.
* * *
Бой отга минса, "Хайрли бўлсин", камбағал отга минса, "Қаердан олдинг?"
* * *
Арслон кучайса, ойга сапчир, аҳмоқ кучайса, онасига сапчир.
* * *
Ўлангли ернинг эгаси семиз, ўлимли жойнинг мулласи семиз.
* * *
Қорни очга қора нон ҳам мой татир, чанқаганга оддий сув ҳам бол татир.
* * *
Оч бола тўқ бола билан ўйнамайди, тўқ бола ҳеч нарсани ўйламайди.
* * *
Синар пайтда ҳамма нарса зўрга йўлиқади.
* * *
Яхшиликка яхшилик - ҳар кишининг иши, ёмонликка яхшилик - эр кишининг иши.
* * *
Яйловига қараб мол ўсар, дарёсига қараб тол ўсар.
* * *
Чопонинг узун бўлса, оёқдан олар, тилинг узун бўлса, бўғзингдан олар.
* * *
Отадан яхши ўғил туғилса, элининг ғамин ейди, ёмон ўғил туғилса, элининг молин ейди.
* * *
Яхши бўлса аёлинг, уйингдан меҳмон кетмайди, ёмон бўлса аёлинг, чин дўстинг ҳам четлайди.
* * *
Эрта турган аёлнинг бир иши ортиқ, эрта турган эркакнинг ризқи ортиқ.
* * *
Сийловли меҳмонинг келса, итига ҳам суяк ташла.
* * *
Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама, виждонинг тоза бўлмаса, туғишганингдан ўпкалама.
* * *
Балиқ йўғида бақа ҳам балиқ.
* * *
Савдоинг дуруст бўлмаса, нарх тушади, ҳокиминг дуруст бўлмаса, юрт бузилади.
* * *
Олти яшар бола от минса, олтмиш ёшли чол салом берар.
* * *
Уйдан узоққа чиқмасанг, хотинга қадринг бўлмайди, овулдан узоққа чиқмасанг, яқинга қадринг бўлмайди.
* * *
Икки қуённи қувсанг, бировини ҳам тутолмайсан.
* * *
Қора ерни ёмонлама, қайтиб шунга борарсан. Қавм-элни ёмонлама, қарғишига қоларсан.
* * *
Бўри қариса ҳам бир қўйга етгулик кучи бор.
* * *
Йиғлоқи бўлса ҳам боланинг бори яхши, бақироқ бўлса ҳам туянинг бори яхши.
* * *
Очарчиликда бой боласи биринчи ўлади.
* * *
Бир ой минмай отингни мақтама, бир йил яшамай аёлингни мақтама.
* * *
Эринмаган этикдўз бўлади. Уялмаган қўшиқчи бўлади.
* * *
Сўйилни силтай билмаган ўзига теккизар.
* * *
Эски юртнинг қадри кўчганда билинар, эр йигитнинг қадри ўлганда билинар.
* * *
Меҳнат қилганнинг оғзи қимирлайди.
* * *
Ишнинг кўзини билган қум устидан кема юргизар.
* * *
Халқ айтмайди, айтса ҳам, бекорга айтмайди.
* * *
Минг сиртқи душмандан, бир ички душман ёмон.
* * *
Яёв юриш келганда, юрмас эшак от бўлур, қорин қаттиқ очганда, қора талқон қанд бўлур.
* * *
Ёмон йигит қиз танлайди, ёмон этикдўз бигиз танлайди.
* * *
Тер чиқмаган кишидан дард чиқмайди.
* * *
Меҳмонин ёқтирмаган боласини уради, ё уйини супуради.
* * *
Отсиз қолиб, эгарим қани демас, бошсиз қолиб, соқолим қани демас.
* * *
Дўстинг билан кўп сўзлашма, ишидан қолар, душман билан кўп сийлашма, сирингни олар.
* * *
Икки хотинлининг қулоғи тинмас, эшак минганнинг оёғи тинмас.
* * *
Боланг яхши бўлса, ернинг усти яхши, боланг ёмон бўлса, ернинг ости яхши.
* * *
Алаф ҳам бошидан қурийди.
* * *
Эркакча овозли аёлда уят бўлмас, аёл овозли эркакда қувват бўлмас.
* * *
Кенг феъллининг ичида кенг ётади, тор феъллининг ичида тош ётади, асл деҳқон ичида ош ётади, асл ялқов ҳар куни оч ётади.
* * *
Уйнинг совуқ-иссиғин қиш тушганда биларсан, инсон яқин-узоғин бошга иш тушганда биларсан.
* * *
Қўлнинг уста бўлгани яхши, сўзнинг қисқа бўлгани яхши.
* * *
Яхши от ажалдан қутқармаса ҳам ёвдан қутқарар.
* * *
Ўз боланг кўкрагидан итарсанг ҳам кетмайди, бегонанинг боласи кишанласанг ҳам турмайди.
* * *
Балиқчи сувда юрса ҳам сувсаб юради.
НАСРИДДИН тайёрлади.