Дарҳақиқат, сўнгги вақтда юртимизга чет эллик сайёҳлар оқими кўпайди. Қолаверса, ички туризм ҳам анча фаоллашди. Диёримизнинг диққатга сазовор жойлари, сўлим гўшаларини кўриш иштиёқида сафарни ихтиёр этувчилар салмоғи ошди. Табиийки, бу ўз-ўзидан меҳмонларни жойлаштириш масканларига талаб ўсишига олиб келмоқда. Мавжуд муассасалар қамрови эса етарли даражада эмас, эҳтиёжни тўла қоплаш имконини бермаяпти. Натижада ихчам, ташкил этиш қийин бўлмаган, барча қулайликларни ўзида мужассам этган янгича меҳмонхоналар фаолиятини кенг йўлга қўйишга киришилди. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги "Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
- Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Шоҳруҳ Жалолов. - Аҳоли ўртасида тушунтириш олиб бордик, оилавий меҳмон уйи ташкил этишнинг афзаллиги, берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот бердик. Кўрдикки, айрим оилалар бунга бефарқ эмас. Улар шу йўналишда ўз бизнесини бошлашга қарор қилишди. Ўтган вақт мобайнида бошқармамизга 50 нафардан ортиқ фуқародан шу мазмундаги ариза келиб тушди. Ҳозиргача 30 га яқин ариза ижобий қаноатлантирилди. Меҳмон уйлари очган оилалар тадбиркорлигининг мавжуд мезонларга мослиги ўрганилиб, 25 сентябрь ҳолатида 16 тасига тегишли сертификатлар тақдим этилди. Қисқа фурсатда кўплаб туристлар уларнинг хизматларидан фойдалангани эътиборга молик.
Яна бир жиҳати, тегишли муддатда республика миқёсида 23 та оилавий меҳмон уйи рўйхатга олинган. Маълум бўладики, энг кўп шундай муассаса вилоятимизда иш бошлаган. Қолгани эса Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида фаолият кўрсатаяпти.
Хўш, бугунги кунда воҳамизнинг қайси ҳудудида меҳмонларни жойлаштиришнинг бу воситаси юқори самара бермоқда?
Бошқарма масъулининг билдиришича, янги муассасаларнинг барчаси вилоятимиз ташриф қоғози саналган Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган. Албатта, кўҳна Кешнинг юқори сайёҳлик салоҳиятини тан олмай иложимиз йўқ. Ўз ўрнида маҳаллий тадбиркорлар ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланаяпти. Бу янгилик оилаларга ўз ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқаришда қўл келаётгани исботидир.
Мана бунга ёрқин мисол. Шаҳрисабз шаҳрилик Саодат Низомова кўпдан бери ҳунармандчилик билан шуғулланади. Ҳозирги вақтда у ҳудуд каштачилигининг ўзига хос хусусиятларини ишлари орқали кўз-кўз қилиб келмоқда. Мамлакатимизда соҳа вакилларига қаратилаётган эътибордан ҳунарманд аёл ҳам бебаҳра қолмади. Шаҳар марказида қад ростлаган янги уйлардан бири унга ҳам кредит асосида берилганди. Биринчи қаватини устахонага айлантирган ишбилармон юқори қаватдаги хонадондан мақсадли фойдалана олмаётганди. Яқинда эса бунинг чорасини топди. 2 хонали янги уйни меҳмонхонага мослаштирди. Ушбу муассасада бир кунда 4 нафар меҳмонга хизмат кўрсатиш мумкин. Дарҳол янгилик натижа ҳам бера бошлади. Кўпгина мижозлар қабул қилинди. Яъни ҳунарманд бу фаолиятдан ҳам яхши даромад кўраяпти.
Яна бир оилавий меҳмон уйи соҳибаси, якка тартибдаги тадбиркор Зулайҳо Исаковага ҳам мазкур бизнес шакли ҳар томонлама маъқул келди.
- Меҳмон уйини очганимизга бир ойдан ошди, шу вақтгача шаҳримизга ташриф буюрган бир қанча сайёҳ хизматимиздан фойдаланди, - дейди тадбиркор аёл. - Фаолиятимиз тегишли тартибда сертификатланди. Муассасамизни талаблар асосида жиҳозладик. Қисқа вақт ичида бизга тижорат банкидан 25 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит тақдим этилди. Бу маблағни ҳам оилавий меҳмон уйимиздаги шарт-шароитни янада яхшилашга сарфладик. Қулайликлардан мижозлар мамнун бўлишмоқда. Ўзларини худди ўз уйида тургандек ҳис этишди. Аҳамиятлиси, уйимиздан туриб шаҳарнинг гўзал манзараси, тарихий марказини томоша қилиш мумкин. Бу ҳам меҳмонларга жуда маъқул тушди.
Ўтган фурсатда вилоятимизда 16 оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилиши ҳудуд туризми ривожига сезиларли ҳисса қўшди. Аввало, меҳмонларни қабул қилиш қуввати ошди, оз эмас, кўп эмас, қарийб 150 ўринга. Айрим меҳмон уйларининг кўҳна, кўп йиллик тарихга эга аҳоли хонадонлари негизида ташкил этилгани айниқса, хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Ҳар ҳолда хизмат сифати ҳам таъминланмоқда. Қанчадан-қанча янги иш ўрни яратилди. Туризм аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи соҳа экани шу орқали ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Асосийси, оилалар тадбиркорлик билан машғул бўлиш асносида доимий даромад манбаига эга бўлмоқда. Бу каби туристик муассасалар истиқболда янада кўпайишини тахмин қилиш қийин эмас. Қамровни фақат Шаҳрисабз билан чекламасдан бошқа туманларда ҳам мазкур фаолиятни кенг ривожлантириш учун сабаб етарли. Чунки уларда ҳам диққатга сазовор жойлар, тарихий ёдгорликлар кўплаб топилади. Ушбу ҳудудларга борувчи сайёҳлар ҳам кам эмас. Уларда вақтинча жойлашиш учун шундай оилавий меҳмон уйларига эҳтиёж бўлиши турган гап.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, мазкур меҳмон уйларида уй эгасининг ўз оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш мумкин. Ҳар бир шахсга тўғри келувчи турар жой майдони 3 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак. Оилавий меҳмон уйи соҳиби зарур даражадаги хизмат сифати ва меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаши шарт. Ушбу фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари тижорат банклари томонидан энг кам иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда имтиёзли кредитлар билан таъминланади.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.