Ўтган ҳафтада Польшанинг Қуйи Силезия воеводлигида мазкур ҳудуд ва Қашқадарё вилояти ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бу ҳақда хабар тарқатган "Дунё" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Польша савдо палатаси томонидан хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун Қуйи Силезия воеводлигига ташкил этилган бизнес-турда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ҳам иштирок этиб, ушбу вилоят маршали Сезари Пжибилский билан учрашишди. Учрашув чоғида бошқа масалалар қаторида Қашқадарё ва Қуйи Силезия воеводлиги ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни ўрнатиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
"Дунё" АА мухбирининг таърифига кўра, Қуйи Силезия Европа Иттифоқидаги энг тез ривожланаётган минтақалардан бири ҳисобланади. Вилоят йирик корпорациялар, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда ёш стартаплар учун кенг имкониятларни таклиф қилувчи инновациялар ҳудуди ҳамдир.
Ўз мухбиримиз