Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Уйларида қуёш батареялари ўрнатган истеъмолчилар ҳар томонлама фойда кўришмоқда

Ўз мухбиримиз

15.11.2024


Уйларида қуёш батареялари ўрнатган истеъмолчилар ҳар томонлама фойда кўришмоқда

Қашқадарёда аҳоли ўз хонадонларидаги қуёш фотоэлектр панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқчасини давлатга сотиш орқали жорий йилнинг 10 ойида 1,1 миллиард сўмдан зиёд даромад олган.

Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё филиали директори Анвар Музапов Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг гапларига қараганда, шу давр мобайнида воҳамиздаги юридик шахслар, яъни корхона ва ташкилотлар давлатга ўз қуёш фотоэлектр станцияларида ҳосил қилинган ва эҳтиёжларидан ортган 726 миллион сўмлик электр энергиясини сотишга муваффақ бўлган.

Тадбирда электр тармоқлари объектларини 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинар экан, вилоятдаги истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида Кўкдала туманидаги “Еттитом” ва Шаҳрисабз шаҳридаги “Гулистон” подстанцияларида Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган, ҳар бирининг қуввати 40 мегавольт-амперга тенг 4 та куч трансформатори ўрнатилгани, яна 21 та подстанциянинг қуввати оширилгани таъкидлаб ўтилди. Шу ва бошқа бир қатор ишлар натижасида 255 та маҳаллада яшовчи 176 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 1073 та улгуржи истеъмолчининг электр таъминоти яхшилангани билдирилди.

Анжуманда қайд этилганидек, куз-қиш мавсумида келиб чиқиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни бартараф этиш учун вилоятда 49 та трансформатор, 9,5 километр узунликдаги кабеллар, 200 дан зиёд темир-бетон устуни, бошқа зарур материал ва бутловчи қисмлар захираси яратилди. 1054 та таъмирлаш (шундан 20 таси тезкор чиқиш) бригадасига 624 нафар мутахассис, 29 та махсус техника, 58 та автомашина жалб этилган.

Филиал раҳбари журналист ва блогерлар саволларига жавоб бериш чоғида улар орқали барча истеъмолчиларга мурожаат қилиб, уларни электр энергиясини оқилона ва тежамкорлик билан ишлатиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланишга чақирди. 

Ўз мухбиримиз

Report typo