Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

29.02.2024


“Қуёшга қараган маъво” китоби тақдимоти ўтказилди

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида шоир, ёзувчи ва таржимон Ўроз Ҳайдар қаламига мансуб “Қуёшга қараган маъво” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозим, муаллифнинг “Куйловчи тошлар”, “Мусиқор”, “Оқ соя”, “Аксиома”, “Вақт изтироби”, “Руҳафзо”, “Кечиккан фасл”, “101 сонет”, “Сукут ҳаққуши”, “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” каби насрий ва бошқа қатор асарлари адабиёт ихлосмандлари орасида анча машҳур. Қолаверса, Василий Шукшиннинг “Иккинчи сеансга чипта”, Константин Паустовскийнинг “Қуён панжалари” ҳикоялар тўпламлари, Антонио Поркьянинг “Шовурлар” назмий тизмалари ва Иван Буниннинг “Қутб юлдузи”, Федор Тютчев, Афанасий Фет, Александр Блок, Евгений Евтушенко, Роберт Рождественский, Андрей Вознесенский, Константин Ваншенкин, Владимир Хлебников, Соня Шаталова шеърлари жамланган “Денгиз тулпори” шеърий китоблари Ўроз Ҳайдар таржимасида ўзбек ўқувчилари қўлига етиб борди. Адибнинг инглиз, немис, турк, тожик, қозоқ, қирғиз тилларида тўпламлари нашр этилган. Шеърлари, шунингдек, рус, француз, ассам, озарбайжон, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

“Қуёшга қараган маъво” тўпламида ижодкорнинг турли йилларда ёзилган публицистик асарлари жамланган бўлиб, мамлакатимизнинг бугунги ютуқларидан қувониб, муаммоларига бефарқ бўлмаган қаламкаш кечинмалари, ўй-фикрлари, ҳаётда ўз ўрнига эга замондошлари ҳақидаги дил сўзлари, бадиий сўз санъатининг чинакам билимдони ўлароқ теран таҳлил ва нозик мушоҳада китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Хусусан, излаб-изланиб, имкон топган ва ўзгаларга ўрнак бўлишга арзирли инсонлар; аёл ва унинг жамиятдаги ўрни-нуфузи; тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган сувни тежаш масаласи; ноҳақ айбланиб, кўп қийинчиликларга дучор бўлган ва охир-оқибат адолат тантанасидан масрур кишилар кечмиши; турфа жиноятларга сабаб бўлаётган омиллар; таълим тизимидаги муаммолар ўзига хос услубда, аниқ мисол ва далиллар воситасида ифода этилган.

Айниқса, Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши Тоғай ўғли, асл касби ҳуқуқшунос бўлса-да, адабиётга меҳри баланд Ҳамид Бобоқулов, ички ишлар идораларида ишлаш билан бирга ҳайкалтарошлик йўналишида ижод қилган Бахтиёр Анваров, чақмоқдай қисқа умрида унутилмас асарлар яратган истеъдодли шоирлар Назар Шукур ҳамда Чори Аваз, бир болани қутқараман деб сувда чўкиб кетган адабиёт билимдони Баҳодир Содиқ, тенгсиз ижод соҳиби Абдулла Орипов сиймосига чизгилар ўқирман қалбини мутаассир этмасдан қолмайди.

Ўроз Ҳайдар жаҳон адабиётини ҳам яхши билади. Тўпламдан жой олган рус адиби Антон Чехов ҳамда аргентиналик ёзувчи Хорхе Луис Борхес ҳикоялари таҳлили синчи назарни акс эттирган.

“Қуёшга қараган маъво” тўплами Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан нашрга тайёрланди ва Тошкент шаҳридаги “Фан заргари” нашриётида 500 нусхада чоп этилди.

Тақдимотда филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Зиёда Аминова, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев, ижодкорлар – Темирпўлат Тиллаев, Абдунаби Абдиев, Шарофат Ашурова, Азизбек Норовнинг китоб бадиий қиймати ва ижтимоий аҳамияти ҳақидаги фикрлари тингланди.

- Халқимизда “Икки қайиқнинг бошини тутган сувга ғарқ бўлади”, деган гап бор. Лекин Ўроз Ҳайдар бир пайтнинг ўзида тўрт “қайиқ”нинг бошини тутган, - деди ёзувчи Темирпўлат Тиллаев. – Бу қайиқларнинг бири назм, бири наср, яна бири публицистика бўлса, кейингиси таржимадир. Бу билан ҳам кифоя қилмай “Кечикмаган тазарру” номли драматик асар ҳам яратган. Шу маънода ҳали Ўроз Ҳайдар ижоди тўла баҳосини топгани йўқ. Унинг барча асарлари алоҳида ўрганишга, тадқиқ этишга арзийди.

Тадбир иштирокчиларига муаллиф дастхати туширилган китоблар туҳфа этилди.

Б.САЙФИЕВ

 

 

Report typo