Аммо бирор-бир фойдали ишнинг бошини тутиши, ўз келажаги учун ҳозирданоқ мустаҳкам пойдевор яратиши лозим бўлган бу йигит меҳнатга бўйин эггиси келмас, бекорчиликдан гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда санғиб юрарди.
Гарчи ота-онаси билан бирга яшаса-да, оилали эркакга тез-тез пул керак бўлиб туриши табиий. Ўзи ҳеч иш қилмагач, пулни кимдан сўрайди? Албатта, ота-онасидан. Аммо ҳадеб ота-онадан пул сўрайвериш ҳам оғир экан. Ҳар ҳолда Раҳим шуни ҳис этиб, ўзи пул топишга қарор қилди.
Бу яхши, лекин унинг пул топиш учун эгри йўлни танлагани ёмон. Бир-икки марта ўғрилик қилган йигит қўлга тушиб, бу қилмиши учун унга жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг 2018 йил 3 июлдаги ҳукмига асосан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди. Бироқ Раҳим бундан ўзига тегишли хулосани чиқармади. Яна жиноятга қўл урди.
Аслида ўша куни у уйидагиларга мазаси бўлмаётганини айтиб, нариги қишлоқда яшовчи опасиникига кетганди. Унинг қўшниси бўлган табибга кўриниб келмоқчи эди.
Укаси келганидан шодланган опа унинг тоби йўқлигини эшитиб, атрофида гиргиттон бўла бошлади. Табибдан сўраган эди, эртага тонг саҳарда қорни оч ҳолда келса кўраман, деб айтди. Шундан сўнг уни уйида олиб қоладиган, эртасига тонгда табибга кўрсатадиган бўлди. Ўзи эса турмуш ўртоғи билан биргаликда бозорга бориб келмоқчи эди.
- Сен жиянчангга қараб тур, поччанг билан бозорга тушиб, дарров қайтиб келамиз, - деди опа.
Улар кетишгач, Раҳим беихтиёр уйни тинтий бошлади. Эътиборини шкаф устида турган гипсдан ишланган сандиқча тортди. Ўйлашича, поччасининг пуллари ана шу сандиқча ичида эди.
Бундай вазиятда кўп ҳам бош қотириб ўтирмайдиган йигит дарҳол сандиқчани синдирди. Тахмини тўғри экан, ичидан 400 минг сўмча пул чиқди. У пулни олдию, ёш жиянчасини ёлғиз қолдириб, уйга жўнади. Қайтиб хотинига "Тез тайёрлан, Деҳқонободга борамиз, момонгни кўриб келамиз", дея уни меҳмондорчиликка ундай бошлади.
Келинчак ҳам эрининг нега бирданига бу фикрга келиб қолганидан ҳайрон, тез-тез юмушларини бажариб, кийиниб чиқди. Шу куни улар Деҳқонободда, келиннинг кекса момосининг уйида меҳмон бўлишди. Эртасига туман марказига бориб, бозор айланди. Раҳим бир қанча буюмлар сотиб олди, келинга ҳам анча-мунча нарса олиб берди. Уйдагиларга ҳам совға-салом қилиб, ортга қайтишди.
Уйга кириб келишар экан, келин хурсанд, Раҳимнинг эса юраги безовта эди. Бу безовталик бекорга эмас экан. Дарвозадан киришлари билан ИИБ ходимлари унинг қўлига кишан тақишди.
Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ суд мажлисида Раҳим Ботировга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш.ҲАСАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди раиси