2017 йил 23 февралда Президентимизнинг "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши билан бу борада янги механизм жорий этилди. Яъни уларни тадбиркорлик фаолиятига дарҳол жалб қилиш бўйича аниқ йўналтирилган ишлар бошлаб юборилди. Бунинг самарасида мазкур объектлардан 214 тасининг негизида 217 истиқболли инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш белгиланди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган хусусийлаштириш самарадорлигини ошириш ва кичик саноат зоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳволини баҳолашга бағишланган семинарда сўз юритилди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев бошқариб борди. Унда манфаатдор давлат идоралари мутасаддилари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга устувор эътибор қаратилмоқда. Муҳим инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш истагини билдирган тадбиркорларга барча қулайлик, имтиёзлар тақдим этилаяпти.
- Вилоятимизда ҳам бир қанча қурилиши тугалланмаган, айни пайтда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари борлиги маълум бўлди, - дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мустафхон Султонов. - Уларнинг эгалари билан замонавий қувватлар ташкил этиш, хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилди. Хусусийлаштириб олган объектини мақсадли ишлатиш борасида лойиҳа тақдим этмаган мулкдорларга нисбатан ҳам бир қатор чоралар белгиланди. Улар эндиликда мулк ва ер солиқларини икки каррали ставка бўйича тўлайдилар.
Шунингдек, семинарда вилоятимизнинг уч ҳудуди - Қарши шаҳри ҳамда Шаҳрисабз ва Нишон туманларида ташкил этилган кичик саноат зоналари фаолияти ҳақида маълумот берилди. Айни пайтга қадар ушбу зоналарда 30 га яқин истиқболли лойиҳа ишга туширилгани аҳамиятлидир. Қолаверса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг бу механизми юқори самара кўрсатаётгани боис келгусида ҳар бир ҳудудда ана шундай кичик саноат зоналарини барпо этиш кўзда тутилгани айтиб ўтилди. Бу жойларга ташаббускорларни жойлаштиришда эса улар тақдим этган лойиҳанинг аҳамияти алоҳида эътиборга олиниши, таклиф этилаётган маҳсулот экспортбоп бўлса, бундай сармоядорга устуворлик берилиши билдирилди.
Шундан сўнг тадбиркорларнинг бир қанча масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди ва муҳокама этилди.
Тадбирда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Юнусов сўзга чиқди.
МИРЖАҲОН