Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

05.11.2019


ҚУЛАЙ МУҲИТ, КЕНГ ИМКОНИЯТ, ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА

 

Ҳаракатда - баракат

Чорвачилик юқори даражада ривожланган  кўплаб давлатларда асосий эътибор молларнинг бош сонини кўпайтириш билан бир қаторда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилади.

Масалан, Нидерландияни олайлик. Ҳудуди унчалик катта бўлмаган бу давлат чорвачиликда жуда юқори натижаларни қўлга киритаяпти. Уларда 1 гектар яйлов ҳисобига 9,5 минг литр сут тўғри келади, бир сигирдан йил давомида 9 минг литрдан 20 минг литргача сут соғилади. Голландлар бундай самарадорликка энг аввало, молларнинг наслини яхшилаш орқали эришмоқда. Шунингдек, Германия, Украина, Польша, Венгрия, Австралия, Исроил, Россия каби давлатлар ҳам наслли моллар сонини кўпайтириш эвазига гўшт ва сут етиштириш маҳсулдорлигини сезиларли равишда ошириб бормоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ҳам чорвачиликда юқори натижаларга эришаётган хорижий давлатлар тажрибасини ўзлаштириш, чет элдан зотдор молларни олиб келишга катта аҳамият қаратилаяпти.

Қамаши туманида фаолият юритаётган "Муродов Раҳматулла Мавлонович" масъулияти чекланган жамияти мулкдорлари ҳам шу соҳага сармоя киритаётган субъектлардан бири саналади.

- Лойиҳани амалга ошириш учун ҳаракатни ўтган йили бошлаган эдик, - дейди жамият иш юритувчиси Ғайрат Бозоров. - Туман ҳокимлиги ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, чорвачилик комплексини барпо этишимиз учун 10 гектар ер майдони ажратиб берди. Бу ерда бир йил давомида қурилиш ишларини олиб бордик.   Атрофни ободонлаштириб, 300 бош молга мўлжалланган молхона, сутхона, техникалар учун махсус гаражлар, офис ва ишчилар яшаш уйлари каби зарур объектларни барпо этдик. Шу йилнинг сентябрь ойида эса тижорат банкининг 144 минг евро имтиёзли кредити эвазига Германиядан 64 бош семминтал зотли сигир олиб келдик. 1,5 ёшдан 2,5 ёшгача бўлган моллар жорий йилнинг декабрь ойидан туғишни бошлайди. Олинган бузоқларни ўстириш, шунингдек, яна хориждан моллар олиб келиш ҳисобига уларнинг бош сонини 500 бошгача кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Ғайрат Бозоровнинг таъкидлашича, яқин икки йил ичида жамият чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер тизимига ўтади. Яъни, чорва моллари учун озуқа етиштиришдан тортиб, сут ва гўштни шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорга етказиб бериш мақсад қилинган. Бунинг учун хориждан зарур замонавий технологияларни олиб келиш бўйича иш олиб борилмоқда.

- Албатта, бунинг учун имкониятлар ҳам шунга мос бўлиши лозим, - дейди жамият ҳисобчиси Миржалол Мейлиев. - Ҳозир асосий эътиборимизни шунга қаратганмиз. Хусусан,  етук мутахассисларни ишга жалб этиш, зарур бино ва иншоотларни қуриш, ем-озуқа захираларини яратиш чораларини кўришдан тортиб, керакли техникаларни ҳозирлашгача бўлган барча жабҳаларда иш олиб бораяпмиз. Мисол учун, яқинда 53 минг 700 АҚШ доллари эвазига Туркиядан махсус техника олиб келдик. У молхоналарни чиқиндидан тозалаш, ер ҳайдаш, маккажўхори ўриш каби бир неча турдаги юмушларни бажариш имкониятига эга. Бундан ташқари, яна ўзимизда ишлаб чиқарилган ўнлаб техникаларни харид қилганмиз.

Эътиборли жиҳати, бу каби ташаббусларнинг амалга ошишидан нафақат тадбиркор, балки туман, вилоят иқтисодиёти ҳам юксалади, аҳоли фаровонлиги таъминланади. Айнан "Муродов Раҳматулла Мавлонович" масъулияти чекланган жамиятида ҳозирда 32 нафар киши иш билан банд этилгани ва уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлгани ҳам юқоридаги фикрни далиллайди. Моллар бош сони ошиши, қўшимча ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши билан субъектда яна юзлаб янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилаётгани эса корхона фаолияти ортидан манфаат кўрадиганлар ортишидан дарак.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo