Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.04.2021


Улар ҳар қанча эъзоз, эътибор ва эътирофга муносиб

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси шаҳрисабзлик Сайдулло Жабборов бу йил 101 ёшни қарши олди. 1941 йилда фронтга кетиб, уруш тугаганидан сўнг, аниқроғи 1946 йилда ортга қайтган бобо кейинги фаолиятини жанггоҳлардан йироқ бўлса-да, унинг аянчли оқибатлари ўз таъсирини кўрсатган юртимиз қишлоқ хўжалиги тармоқларини қайта оёққа турғазишга бағишлади. Меҳнат қилди, ўзи орзу қилган бугунги дориломон кунларга етди.  

 9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш куни олдидан Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Қарши шаҳрида жойлашган қўшилма бошқарув аппарати ҳарбий хизматчилари ва Қарши ҳарбий прокуратураси ходимлари Сайдулло Жабборов хонадонида бўлишди. Уларга Шаҳрисабз шаҳридаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари, ҳарбий оркестр ҳамроҳлик қилди.

Ватанимиз озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиси хонадонида кечган учрашувда ўша машъум уруш хотиралари ёдга олинди, тинчлик қадри ва бугунги ёруғ кунлар ҳақида суҳбат қурилди.

- Жуда файзли, маърифий-тарбиявий аҳамияти юқори давра бўлди, -дейди қўшилма командири Нодир Авазов. - Сайдулло бободан кўнгил сўраш баҳонасида у кишидан угитлар эшитдик. Шафқатсиз уруш йўқотишлари, ундан кейинги давр қийинчиликлари, бугунги дориломон кунлар шукронаси, Ватан ҳимояси ва юртга муҳаббат мавзуларида бўлган суҳбатларимиз учрашувда ҳозир бўлган ёшлар, ёш ҳарбий хизматчилар учун катта сабоқ бўлди.    

Сайдулло Жабборов бугун яқинлари, элу юрт эъзозида. Куни-кеча эълон қилинган "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Президент фармони ҳам шунга далолат. Ушбу ҳужжатга асосан фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш белгиланди. Яна, ҳар йилгидек Хотира ва қадрлаш куни олдидан бобонинг уйига уни йўқлаб, совға-салом кўтариб келувчиларнинг қадами узилмайди. Дилдан суҳбатлар қурилади: уруш ва тинчлик ҳақида; дўст ва душман ҳақида; қадр-қиммат ва қадриятлар ҳақида; йўқчилик ва тўкинчилик ҳақида; меҳнат ва роҳат ҳақида... 

Ўз мухбиримиз

 

Report typo