Касбим тақозоси билан қачонки юзлари нурли уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашсам, қалбимда бутунлик, сокинлик туяман. Улар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, қалби боладек беғубор эканлигини дарров тушуниб оласиз. Ўтмиш хотираларидан сўрасангиз, жим қолишлари ёки кутилмаганда кўзларидан дув-дув ёш тўкишлари ҳеч гап эмас.
Ижодий гуруҳимиз билан ёши 95 га қараб кетаётган сахтапиёзлик Эшонқул отанинг хонадонида бўлиб, бу табаррук инсонни фарзанду набиралари қуршовида тасвирга олдик, суҳбатлашдик. "Дўстларим, қуролдошларимнинг кўз олдимда ҳалок бўлганларини эсласам, кўз ёшларимни тўхтата олмайман", дея кўзида ёш билан айтган сўзлари юрагимизни ўртади. Қайтаётганимизда отахоннинг фарзандлари "Илтимос, мухбир ука, отамнинг йиғлаган жойларини қирқиб ташланг", дейишди. "Нима учун, - дедим мен, - ахир бу кўз ёшлари юракдаги ғамни ювиб чиқармаяптими? Ахир, бу кўз ёшлар бугунги тинч, осуда кунларга етганидан шукроналик, севинч кўз ёшлари эмасми?"
Ўтган йили Китоб туманида уруш ва меҳнат фахрийси Мажид бобо Хидиров хонадонида меҳмон бўлганман. Дастлабки олган таассуротим шу бўлдики, Мажид ота ниҳоятда тетик ва бардам экан. Қария ниҳоятда ҳазилкаш, одамохун, меҳмондўст. Аввал бизни ўзи етиштирган мевалар, сабзавотлардан тайёрланган таомлар билан меҳмон қилгач, ҳалиям соғлом эканлигини кўрсатмоқчи бўлди, шекилли, баркашдек кетмонни олиб, ҳовлидаги картошка пушталарини чопа кетди. "Чарчаб қолмайдиларми?" деб сўрасам, ўғиллари "Парво қилманг, бу боғчага отам ҳеч кимни киритмайди. Бу ер отам учун тажриба участкаси", дейишди. Бу дилкаш одамнинг гап-сўзларида шукроналик туйғуси уфуриб туради.
- Мана, 42 йилдан бери "особий" пенсия оламан. Олган нафақамни сарфлаб бўлмасимдан почтачи яна бир қучоқ пул кўтариб келади. Шунча йилдан бери пенсияга олган пулни ҳисобласалар, камида бир вагон бўлиб қолар, - деб ҳаммамизни кулдирди отахон. Менимча, бу гапни фақат оғир дамларни ўз кўзи билан кўрган, меҳнатда суяги қотган, кундан-кун юртимизда кечаётган ўзгаришларни теран ҳис этаётган нуронийларгина айта олади.
Куни кеча Файзиобод қишлоғидан Раим ота Президентимизнинг "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ юртимизда ишлаб чиқарилган "Дамас" автомобилини имтиёз асосида харид қилди. Шу куни отахоннинг хонадони невара-чевараларнинг хурсандчилигига тўлди. Албатта, бу тантанани тасвирга муҳрлаш учун биз ҳам шаймиз. "Янги машинада қаерга саёҳатга борасиз?" дея отахонни саволга тутаман. "Қашқадарё соҳилига-да", деб жавобни қисқа қилади ота. Ҳа, энг муносиб жавоб бу. Қашқадарё соҳили сайргоҳи - Амир Темур кўприги вилоятнинг энг сўлим жойи. У ерда бўлган киши гўзалликдан олам-олам завқ туяди. Яшаради.
Ғузорлик Муртазо ота ҳали қариликни бўйнига оладиганлардан эмас. Катта фарзандининг ёши аллақачон 70 дан ошган. "Қаридик, десак, отам койийдилар. Ёшлари юзга яқинлашиб, ҳали у киши қариликни бўйниларига олмаяптилару, бизнинг қаридик, дейишга ҳаққимиз йўқ", дейди. Мана сизга ҳаётсеварликнинг, умр қадрини англашнинг ёрқин намунаси! Муртазо ота, ҳали сиз бардамсиз, тетиксиз. Қарилик сизга соя солмасин...
Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида замонавий, кўркам қилиб қурилган кўп қаватли уйлардан бирига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Черненко кўчиб ўтди. Аниқроғи, Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Иван Петровичга икки хонали уйнинг калити Президент совғаси сифатида туҳфа этилди. Болалиги Украинада ўтган, уруш туфайли ёшлигида ёлғиз қолган Иван бобо, тақдирни қарангки, бугунги кунга келиб ҳам яккаланиб қолди. Аммо фахрий Черненко меҳрга суяниб яшаётгани рост гап. Чунки унинг 32 миллиондан ортиқ дўстлари, ука-сингиллари, фарзандлари, набиралари бор. Меҳрибон халқ ҳеч қачон нуронийларини ёлғизлатиб қўймайди. Янги уйнинг калитини қўлига олар экан, отахонимиз фақат "раҳмат", дея олди. Уни ҳамма табриклаяпти-ю, у кўз ёшларини тўхтата олмайди. Бу севинч, миннатдорлик ёшлари. У беғубор қалбдангина чиқади.
Тасвирга олиш ишларини тугатиб қайтар эканмиз, "Нуроний" жамғармасининг вилоят бўлими раиси Январ Иноятов ёнимга келиб, "Эртага Ғузорда яна бир отахонимизга уй топширилади. Борасизларми?" деб сўрайди.
Нега бормас эканмиз? Чунки шу баҳона яна бир табаррук инсон билан учрашамиз. Яна бир нуроний чеҳрани кўрамиз.
Баҳриддин ЭСОНОВ,
тележурналист
Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Черненко.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.