Бугун – Ватан ҳимоячилари куни
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни жойларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар ва нуронийлар, кенг жамоатчилик иштирокида, кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда.
Бугун ана шундай байрам тадбирларидан бири вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва корхоналар вакиллари, ҳарбийларнинг Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига оркестр садолари остида гулчамбарлар қўйиши билан бошланди.
Вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган, ўзида “Армия ва халқ бир тану бир жондир” деган юксак ғояни мужассам этган тантанали тадбир аввалида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳозир бўлганларга Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини юксалтириш, Ватанимиз мустақиллиги, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, шарафли ва муқаддас бурчини бажаришда мардлик ва жасорат кўрсатгани учун бир гуруҳ юртдошларимизга Давлат мукофотлари ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тантанали тадбирнинг бадиий қисмида воҳамиз санъат усталари томонидан Ватан, эрк ва озодлик, тинчлик, садоқат, азму шижоат, мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Қашқадарёда ҳарбий-ватанпарварлик ва маданий-маърифий тадбирлари давом этмоқда.
Ўз мухбиримиз
Cобир НАРЗИЕВ олган суратлар.