Тўғрисини айтганда, одатда бизда бу ҳақда гапирилмайди. Расман маълумотлар берилмайди. Қанча кўп айтилса, шунча тарғибот бўлади, деб ҳисобланади. Балки бу гапда ҳам жон бордир, хўш, натижа нима бўлди? Узоқ йиллар бу мавзуга деярли тегилмади, яъни гўёки “тарғибот”нинг олди олинди, бироқ ижобий натижага эришилдими?
Ўтган йили вилоятда ўз жонига қасд қилган ёшлар сони 96 тани ташкил этгани эса “ёпиғлиқ қозонни ёпиқлигича” қолдирмаслик кераклигини кўрсатиб турибди.
Таҳлилларга кўра, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Касби, Чироқчи ва Нишон туманларида ошган. Вояга етмаганлар ўртасида эса бу рақам 23 тани ташкил қилиб, Қарши, Ғузор ва Қамаши туманларида кўпайган.
Биргина ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини оладиган бўлсак, 2017 йилда коллежларда таҳсил оладиган 13 йигит-қиз ўз жонига қасд қилган. Агар бу рақамларни туманлар мисолида кўриб чиқсак, Нишонда 3, Шаҳрисабзда 2, Касби ва Миришкорда 2 нафардан, Чироқчи, Косон, Қамаши ва Яккабоғ туманларида эса 1 нафардан ўқувчи ўзини ўлдирган ёки бунга уринган. Уларнинг 10 нафари қизлардир.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса бу борадаги рақам 5 тани ташкил этиб, 1 қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Тўғри, балоғат палласи, ўтиш даври деган нарсаларни тушунамиз. Айни вақтда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини шарҳлаб, бунга сабаб бўлган омилларни санаш, тегишли мутасаддиларни айблаш ниятимиз ҳам йўқ. Чунки бундай ҳолатда фақат битта айбдор бўлади: жонига қасд қилганнинг ўзи. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги таълим муассасасида эмас, чет бир жой ёки яшаш уйида бу ёруғ оламни тарк этишга қарор қилишади. Бироқ...
Шу йилнинг 6 январь куни Қарши педагогика коллежи ўқувчиси ўзини ўлдиришга уринган. Хайриятки, шошилинч тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Маълумотларга кўра, айни мудҳиш ҳолатга қизнинг турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжали сабаб бўлган.
Агар қизнинг ҳали коллежда ўқишини ҳисобга олмаганда, эри билан жанжал сабаб жонига бераҳмлик қилганини тушунса бўлар, аммо қиз ҳали 1-босқичда таҳсил олади, 2001 йилда туғилган.
“Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” деган баландпарвоз гапларни айтамиз. Ҳали мактабни энди тамомлаган қизни турмушга узатиб, кейин унинг ўз жонига қасд қилишига томошабин бўлиб туришдангина иборатми бу ҳамкорлик? Педагогика коллежи раҳбарияти билан боғланиб, бу ҳақда сўраганимизда, улар ҳисоботларга киритилмаган бошқа бир ҳолатни - момоси билан жанжаллашиб, шунга аччиқ қилиб, ўзига жабр қилмоқчи бўлган бошқа қиз ҳақида ҳам айтишди. Нима эмиш, ўша қиз муқаддам 3 марта ўзини ўлдиришга уринган. Аён бўлишича, унинг онаси ҳам ўз жонига қасд қилган.
Шунча далил кўрга ҳассадай турибдию, коллеж жамоаси томошабинликдан бошқасига ярамаган.
Хотин-қизлар қўмитаси отлиқ тузилмалар бор. Нечта қизнинг руҳиятидаги ўзгаришни аниқлашди ва қандай чоралар кўришди улар?
Ёшлар иттифоқи тизимида номига ўтадиган “ёшлар чекишга, ичишга ва ҳоказоларга қарши” деган қуруқ акциялардан ташқари ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича янги форматдаги, самара берадиган тадбир ташкил қилиндими?
Таълим муассасаларидаги психологлар ўз зиммасидаги масъулиятни нечоғлик англайди? Психолог номига муносибми улар? Уларнинг қанчаси ўқувчилар билан юзма-юз, холи, худди дўст каби ишлайди? Муаммолари, ҳис-туйғуларини тинглайди? Умуман, ҳеч кимга кераги бўлмаган қоғозлардан ортадими улар?
Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиялар ақалли бирор марта нимадандир қийналган, қандайдир ўйловда юрган ёш билан қизиқиб кўрганми? Ахир, ўз жонига қасд дарров содир бўлмайди. Ўсмир бирор нарсадан изтиробга тушса, қийналса, хуллас, ўзини бу ҳаётга сиғмайдигандек ҳис қилса, кейин ўзини ўлдиришга чоғланади. Уларнинг характеридан келиб чиқсак, аввал писанда қилади, ўзини ўлдириш билан қўрқитади, ён-атрофида бефарқ қиёфаларни кўрганидан кейин ҳаёт кўзига кўринмай қолади. Наҳотки шундай нарсаларни онгли равишда назардан четда қолдириб бўлса?
Ёки бирорта профилактика инспектори кимнидир жонига қасд қилишдан асраб қолгани ҳақида эшитганлар борми? Тўғри, воқеа содир бўлгач, уни ҳисоботларга тиркаши мумкин, аммо тушкун юрган, оилавий муҳити носоғлом, руҳиятида ўзгаришлар кузатилаётган ўсмир-ёшлар билан алоҳида иш олиб бораётган инспекторга ҳали дуч келганимиз йўқ. Агар бўлса, унинг тажрибасини тез оммалаштириш зарур. Ҳолбуки, профилактика тадбирларига суициднинг олдини олиш ҳам киради.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг “...энг оғир масала бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг роли сезилмаяпти” деган фикридан келиб чиқсак, айни масалага депутатлар ҳам дахлдор. Хўш, улар нима қила олиши мумкин? Балки уйма-уй юриб, ҳар бир ўғил-қиз билан ишлашга уларнинг вақти етмас, аммо шунга масъул идораларнинг ишини таҳлил қилиб, шу асосда чора-тадбирлар белгилаш уларнинг ваколатига киради. Афсус, депутатларимиздан ҳали бу борада амалий натижа бўлгани йўқ.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази деган идоранинг қандай юмуш билан шуғулланишидан эса кўпчилик хабардор ҳам эмас.
Биламизки, ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳ сифатида ислом динида ҳаром қилинган, бундайларга жаноза ўқилмаслиги айтилган. Агар ўзини ўлдирган ёки шунга киришган кўплаб ёшларнинг оилавий муҳитини суриштирсак, уларнинг аксарияти диндан бехабар оилада ҳаёт кечирганини кўриш мумкин. Демак, ушбу йўналишда имом-хатиблар хизматидан, тарғибот усулларидан етарли даражада фойдаланиш керак.
Гапнинг индаллоси шуки, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича бугунги амалиёт ўзини оқламаяпти, мутлақо иш бермаяпти. Чунки тегишли мутасаддилар ўртасида ҳамкорлик, мавжуд вазиятга дахлдорлик йўқ. Бунинг исботини ўтган йилда юз берган 96 та, жорий йилнинг 2 ойидаги 14 та ҳолат кўрсатиб турибди. Шу пайтгача бу муаммога оғиз юмиб келинди: гўё бизда ҳеч ким ўз жонига қасд қилмаяпти, яшашидан ҳамма рози. Афсус, бу – ҳаёт, уни ҳар ким ўзича тушунади. Оғир, қийин кунлар вақтинча, синов эканини кимдир, масалан, ёшлар тушунмаяптими, демак, буни тушунтириш, фикрлашга ўргатиш керак.
Энди мазкур йўналишда тўғри ишлашга ўтиш керакки, токи ёшларимизда ўз жонига қасд қилишдек МУДҲИШ ЖИНОЯТга қарши нафрат пайдо бўлсин, ширин ҳаётга ишончи ортсин...
Б.ЎКТАМ