Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

01.10.2019


УЛАРГА АТАЛГАН БИР КУН - ҚАЕРДА, ҚАЧОН?

Қуйида дунё давлатларида ўқитувчи, устоз ва мураббийларга бағишланган кун қачон ва қай тартибда нишонланиши ҳақида тўхталамиз.

Халқаро ўқитувчилар куни

5 октябрь санаси дунёнинг кўплаб давлатларида Халқаро ўқитувчилар куни сифатида кенг нишонланади.

Ушбу сана тарихига тўхталадиган бўлсак, 1966 йилнинг 5 октябрь куни Парижда ҳукуматлараро анжуман ўтказилиб, унда ўқитувчиларнинг мақомига бағишланган масала кун тартибига киритилган эди. Ўшанда ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти "Ўқитувчиларнинг мақоми борасида тавсиялар" тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Кейинчалик, яъни 1994 йилга келиб бу сана Халқаро ўқитувчилар куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Польшалик ўқитувчилар байрами - 14 октябрда

Польшадаги барча педагоглар ўзларининг касб байрамларини 14 октябрь куни нишонлайди.

Бунинг боиси, авваллари Польшадаги мактаблар иезуит руҳонийлари томонидан бошқарилар эди. 1773 йилда Рим папаси Климент XV иезуитлар орденини тарқатиб юборганидан сўнг, Польшадаги мактаблар беқарорлик томон юз тутди.

Шундан сўнг ҳукумат мактаблар устидан назоратни ўз қўлига олишга қарор қилди ва 1773 йилнинг 14 октябрь кунида Польша қироли Станислав Понятовский ташаббуси билан мамлакатда "Сейми" миллий таълим комиссияси ташкил қилинди.

Мазкур комиссия кенг ваколатларга эга бўлгани сабабли кейинчалик Польша тарихидаги биринчи таълим вазирлиги дея тан олинган.

Айни пайтда Таълим вазирлиги ташкил этилган 14 октябрь санаси польшалик ўқитувчиларнинг байрами сифатида кенг нишонланади. Бу кун мамлакатдаги барча педагоглар дам олади. Турли тадбирлар ташкил этилади.

АҚШда - 3 май

АҚШда бу байрам "Ўқитувчилар миллий куни", деб номланади ва у май ойининг биринчи ҳафтасида нишонланади. Шу куни ўқитувчиларнинг болаларга берган билимлари, уларни тарбиялашга  қўшган  улкан хизматлари тақдирланади.

Сана тарихи 1944 йилга бориб тақалади. Ўша йили май ойи бошида арканзаслик ўқитувчи хоним Матти Вит Вудридж сиёсий раҳбарларга ўқитувчиларнинг давлат байрами бўлиши кераклиги ҳақида хат ёзади. Унинг хатини ўқиган раҳбарлардан бири Элеонора Рузвельт бўлган. 

Орадан тўққиз йил ўтиб, яъни 1953 йил 81-Конгрессда ўқитувчиларнинг миллий куни кераклиги исбот қилинди ва  Матти Витнинг шу масаладаги таклифи ҳукуматга етиб келган 3 май санаси уларга аталди.

Президентнинг туғилган куни

Ҳиндистонда 5 сентябрь мамлакатда фаолият юритаётган барча устоз ва мураббийлар байрами сифатида кенг нишонланади.

Аслида бу сана - 1962 йилдан 1967 йилга қадар Ҳиндистонни бошқарган Сарвепалли Радхакришнаннинг таваллуд топган куни. Бу кун мамлакат ўқитувчилари томонидан байрам сифатида нишонланишининг эса ўзига яраша тарихи бор.

Маълумотларга кўра, бир куни ёрдамчилари президентга мурожаат қилиб, унинг туғилган кунини нишонлашни сўрайди. Аммо давлат раҳбари бунга рози бўлмайди, лекин бошқа бир таклиф айтади.

У шу санани ўзи ҳар доим ишонган ва ҳурмат қилган ўқитувчилар куни сифатида нишонлаш мумкинлигини айтади. Шу-шу 5 сентябрь - Ҳиндистонда Ўқитувчилар куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Эътироф этиш керакки, бадавлат оилада таваллуд топган Сарвепалли Радхакришнаннинг ўзи ҳам мамлакатдаги бир қатор коллеж ва университетларда дарс берган, Ҳиндистон олий таълимини ислоҳ қилишда бош-қош бўлган. У ўз ватандошларининг таълим олиши учун бор куч-ғайратини сарфлаган. Айни дамда ҳинд халқининг Сарвепалли Радхакришнан ва у жорий қилган Ўқитувчилар кунига ҳурмати баланд.

Профессор Саломао Бексернинг таклифи

Бразилияда 15 октябрь Ўқитувчилар куни сифатида эълон қилинган.

Бу сананинг тарихи анча узоққа бориб тақалади. Яъни, 1827 йил 15 октябрь куни мамлакат императори Педро I бошланғич таълим ҳақидаги фармонни имзолайди.

Унга асосан шаҳар, қишлоқ, аҳоли пунктлари мактабларида бошланғич таълим ташкил қилинган. Лекин шундан сўнг ҳам бир асрдан кўпроқ вақт давомида таълим ривожланиб кетгани йўқ. Боиси, ишлар тўғри изга солинмаган, пухта режаларсиз амалга ошириб келинарди. Мисол учун, мактабларда бир йилда ўн кунгина таътил берилар эди, холос. Узоқ вақт дам олишсиз ўқиш ва ўқитиш эса ўқувчиларнинг ҳам, ўқитувчиларнинг ҳам тинкасини қуритарди. Шундан сўнг, бир гуруҳ ўқитувчиларнинг таклифи билан яна қўшимча бир кун - Педро I бошланғич таълим ҳақидаги қарорни имзолаган сана дам олиш учун ажратилган.

 1947 йил эса Сан-Паулодаги мактаблардан бирида фаолият юритаётган профессор Саломао Бексер 15 октябрь кунини байрам қилишни таклиф этади ва шу куни барча ўқитувчи ва ўқувчилар уйларида пишириқлар тайёрлаб келиб, байрам дастурхони уюштиришган.

1963 йил эса мамлакат миқёсида 15 октябрь байрам куни деб эълон қилинган.

Шунингдек, ўқитувчилар куни Россия, Беларусь, Қозоғистон, Латвия, Украина ва Озарбайжонда октябрь ойининг биринчи якшанбасида,  Австралияда октябрнинг сўнгги жумасида, Испанияда 29 январь, Мисрда 28 февраль, Ливанда 9 март, Чехияда 28 март,  Ямайкада 6 май, Жанубий Корея ва Мексикада 15 май,  Перуда 6 июль, Хитойда 10 сентябрь ва Конфуций туғилган сана - 28 сентябрь, Аргентинада 11 сентябрь, Вьетнамда 20 ноябрь ҳамда Туркияда 24 ноябрда нишонланади.

Мамлакатимизда эса 1996 йил 27 декабрдаги "Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунга асосан 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни, деб эълон қилинган. Бу кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo