Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Замира МАМАТҚУЛОВА.

01.03.2017


УЛАРГА КЕКСАЛИК ҲАМ ЯРАШИБ ТУРАДИ

Ғузор туманидаги Чаноқ маҳалласида 95 ёшни қарши олган Ойтўра момо Даминова яшайди. У адабиёт шайдоси, юздан зиёд мумтоз ғазалларни ёд биладиган, ҳамон латиф, ижодкорона сўзлайдиган зукко аёл деб эшитганимиз бор. Дарҳақиқат, истарали, меҳрли, сўзлари равон момонинг қиёфасида Ўзбекойим, Офтобойимнинг хушсуврати бор экан.

- Ёшлигим уруш йилларига тўғри келган, - дея хотирлайди Ойтўра момо. - Қишлоқнинг эркаклари урушга кетган ўша оғир пайтларда дала ишлари ёшни ёш, қарини қари демади. Ер ҳайдадик, бошоқ тердик, пилла боқдик. 1944 йили 15 нафар хотин-қиз Фарғонага, Фарҳод канали қурилишига кетдик. У даврда бугунгидек тараққиёт, техника қаёқда эди?! Тош, тупроқни халтада ташиб берардик.

Урушдан кейинги йиллар ҳам онахон ва у билан бир даврда яшаганлар учун осон бўлгани йўқ. Тирикчилик, қорин тўйдириш, қора қозонни қайнатиш учун момо меҳнатдан бўйин товламади, пиллакор бўлди, новвойлик қилди. Бироз вақтдан кейин колхоз боғчасида мудира бўлиб ишлади.

- Шукур, олти фарзандим ҳам ўзларидан кўпайишди, - дея бугунги яхши кунлари ҳақида гапиради момо. -  Катта қизим 75 ёшда, ўғлим Ҳайитжон ҳам 70 га яқинлашиб қолди. Болаларим мендан бемаслаҳат иш қилишмайди. Уларга “қўлларинг очиқ бўлсин, инсофли, диёнатли бўлинглар, бировга ҳасад қилманглар”, дейман. Бугун биз кексаларга қаратилаётган эътибордан хурсандман. Шундай тинч, тўкин-сочинлик, тўй-томошага бой замонамизга кўз тегмасин, дея   доимо дуодаман.

- У киши биз учун энг яқин маслаҳатчи, - дейди момонинг невара келини, тумандаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Зулхумор Очилова. – Нимадандир салгина нолисак, сабр-қаноатдан гапириб, насиҳат қилади, ҳаётий мисоллар айтиб, тўғри йўл кўрсатади.

Момонинг қизи Гулчеҳра опанинг айтишича онаси Наврўз байрами, халқ сайилларида лапар, яллалар айтган, ҳозир ҳам хиргойи қилади.

Ойтўра момо ҳақиқатан ҳам серқирра инсон экан. Бахшиёна оҳангда халқ термаларидан айтиб берди, Навоий ғазалларидан парчалар ўқиди.

Кўзларида меҳр, сўзларида шукур  бисёр момога қараб, ўйлайман: ўзбекнинг аёлига ҳатто кексалик ҳам ярашади, нуронийлик, кайвонилик салобат бағишлайди.

Замира МАМАТҚУЛОВА.

Report typo