Аҳамиятлиси, мазкур форумда вилоятимиздан ҳам мева-сабзавот экспортига ихтисослашган қатор тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Улар томонидан чет эллик ҳамкорлар билан кўплаб манфаатли шартномалар тузилгани ташқи бозорда юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узумга талаб ниҳоятда юқори эканидан далолат беради. Ярмаркада иштирок этиб қайтган вилоятимиз ишбилармонларидан айримларининг фикрлари билан қизиқдик.
Шерзод Ҳамраев, Шаҳрисабз туманидаги “Биг агро фуилдс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
- Агрофирмамиз ўтган йили ташкил этилган бўлиб, фаолиятимиз асосан боғдорчилик маҳсулотларини экспорт қилишга қаратилган. Бултур қарийб 300 минг долларлик маҳсулотни экспортга йўналтиргандик. Чет эллик ҳамкорларга асосан ҳўл мева, жумладан, олма, узум ва лимон, шунингдек, турли кўкатлар етказиб бердик. Қозоғистон ва Россиядаги фирмалар билан савдо алоқаларини ўрнатганмиз. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларига қараб, маҳсулот экспортини амалга ошираяпмиз.
Маълумки, туманимиз ҳудудининг иқлими кўпроқ мева-сабзавот етиштиришга мослашган. Бу борада бизда кенг имконият ва салоҳият мавжуд. Туманда етиштирилаётган ширин-шакар узум, олма ҳамда сархил сабзавот маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб юқори. Ярмаркада қатнашиб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Бир қанча чет эл фирмалари вакиллари биз билан маҳсулот етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Якунда улар билан умумий қиймати деярли 3 миллион АҚШ долларига тенг мева-сабзавот сотиш бўйича шартнома қилдик. Хорижлик ишбилармонлар маҳсулотларимиз сифати ва мазасига юқори баҳо беришди.
Шартномавий мажбуриятларимизни тўла-тўкис адо этишни мақсад қилганмиз. Эндиликда ҳўл мева-сабзавотдан ташқари қуритилган маҳсулотларни ҳам экспортга жўнатишни йўлга қўямиз. Ушбу қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларини кўпроқ аҳолидан харид қилиб олаяпмиз. Уларни саралаб, қутиларга жойлаймиз ва хорижга юборишга тайёрлаймиз. Маҳсулотларни асл ҳолича сақлаш борасида бизда муаммо йўқ. Корхонамизда қарийб 1000 тонна мева-сабзавотни сиғдириш қувватига эга, замонавий совутиш камералари билан жиҳозланган омборхона ишлаб турибди.
Яна бир янгилик шуки, яқинда агрофирмамиз томонидан тиббиёт соҳаси учун муҳим хомашё ҳисобланган заъфарон (шафран) етиштириш йўлга қўйилди. Голландиядан келтирилган уруғларни 10 гектар майдонда экиб парваришлаяпмиз. Зарур агротехник тадбирларни тўғри амалга ошириш учун етук мутахассисларни жалб қилганмиз. Муҳими, бу лойиҳа ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган тегишли дастур асосида рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу ўсимликнинг дунёда қадри баланд. Шу боис келгусида унинг экспортини ташкил этиб, фаолиятимизни янада ривожлантириш, келаётган даромадни кўпайтириш кўзда тутилган.
Хуршид Маматов, Китоб туманидаги “Гранд экспорт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
- Бугун мамлакатимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, боғдорчиликни ривожлантиришга, соҳага интенсив технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш маҳсулдорлиги ошиши, шу билан бирга, сифат кўрсаткичлари ҳам яхшиланишига эришилаяпти. Сир эмаски, бугун дунёнинг айрим мамлакатларида озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмоқда. Аксинча, юртимиз аграр соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли бугун биз эҳтиёждан ортган мева-сабзавотни экспортга йўналтириш имконига ҳам эгамиз. Буни мамлакатимизда иккинчи бор ўтказилган халқаро ярмарка натижалари янада яққол кўрсатди.
Мазкур нуфузли форум биз учун кутилганидек муваффақиятли якунланди. Россия ва Қозоғистондаги ишбилармонлар билан манфаатли келишувларга эришдик. Экспорт қилинажак маҳсулотнинг умумий қиймати 5 миллион 150 минг АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг охири ва келаси мавсум давомида харидорларга юртимизда етиштирилаётган 20 хил турдаги мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш мажбуриятини олдик. Узум, нок, олма шулар сирасига киради. Уларни етиштирувчилар туманимизда кўплаб топилади. Зарур маҳсулотни асосан аҳолидан харид қилишни мўлжаллаяпмиз.
Қувонарлиси, йил бошида ҳам хорижлик ҳамкорлар билан қиймати 6 миллион долларлик ҳўл мева-сабзавот етказиб бериш бўйича шартномалар имзолагандик. Шу вақтгача четга 400 минг долларлик маҳсулот жўнатдик.
Адҳам Шоравилов, Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ узум сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
- Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли бугун бозорларимиз тўкин-сочин, далаларда ризқ мўл-кўл. Ярмаркада намойиш этилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотларимизни кўрган чет элликлар ҳам салоҳиятимизга, соҳада қўлга киритаётган ютуқларимизга тан беришди, десам адашмайман. Ўзим шу нарсага ишонч ҳосил қилдимки, заминимизда унган ҳар қандай мева-чеваю сабзавотга дунёда талабгор кўп. Буни четга маҳсулот сотиш бўйича 8 миллион 260 минг долларлик шартнома тузганимиздан ҳам билиш мумкин. Асосий жиҳати, шу вақтга қадар узум экспорти билан шуғулланган бўлсак, ярмаркада қатнашиб, ўзимиз учун янги йўналишларни очдик. Аввало, ушбу шартномаларда кўрсатилган маҳсулотлар тури 25 хилга етганини мамнуният билан қайд этишим лозим. Бу дегани, эндиликда биз узумдан ташқари бир қанча ҳўл меваларни ҳам экспорт қилишни бошлаймиз.
Янгилик шуки, германиялик талабгорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш арафасида турибмиз. Улар биздан ёнғоқ харид қилиш истагида. Айни кунларда мазкур мамлакатдан келган вакил туманимизда меҳмон бўлиб турибди. У маҳсулот сифати, уни етказиб бериш имконияти билан яқиндан танишаяпти. Шунингдек, агрофирмамиздан дуккакли экинлар, жумладан, нўхат ва мош сотиб олиш истагини билдирган харидорлар ҳам бўлди. Қолаверса, савдо шерикларимиз Қозоғистон, Россия ва Беларусда ҳам бор. Улар биздан шафтоли, узум, помидор, бодринг, сабзи каби маҳсулотларни сотиб оладиган бўлишди.
Айтишим жоизки, асосий ишлаб чиқарувчиларимиз туманимиздаги фермер хўжаликлари ва аҳоли ҳисобланади. Бу маҳсулотларни етарли миқдорда жамғариш учун улар билан маҳсулот олди-сотдиси бўйича шартномалар тузишга киришдик. Муҳими, экспортга йўналтирилажак маҳсулотлар сархил ва сифатли бўлишини таъминлаш борасида бизда барча имконият, ресурс ва салоҳият етарли.
Эътиборлиси, бултур бўлиб ўтган ярмаркада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, бир қатор мамлакатлар ишбилармонлари билан келишувлар тузишга эришгандик. Бунда асосий талаб узумга қаратилганди. Биласиз, айни кунларда узум пишиб етилган. Ҳосилни босқичма-босқич аҳоли ва фермерлардан йиғиб олаяпмиз. Ҳозиргача қарийб 40 минг долларлик маҳсулотни жўнатишга муваффақ бўлдик. Мавсумда маҳсулот етказиб бериш узлуксизлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Шерзод Узоқов, Нишон туманидаги “Нишон кўзгу” фермер хўжалиги раҳбари:
- Экспорт - хўжалигимиз фаолияти учун янги йўналишдир, десам хато бўлмайди. Чунки шу йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотишни йўлга қўйдик. 10 гектар майдонда ўзимиз етиштирган тилёрар қовунларни чет элга юклаб жўнатдик.
Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, экспортга маҳсулот етказиб беришни мақсад қилган тадбиркорлар рағбатлантирилаяпти. Бу йўлда ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботлари бекор қилинаётганини кўриш мумкин. Мисол учун, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришига кенг шароит яратилди. Шу мақсадда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотлари тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. 1 августдан эътиборан эса экспортчи корхоналарга маҳсулотларни экспорт қилишдан тушадиган чет эл валютасининг 25 фоизини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди. Эндиликда биз ҳеч бир воситачисиз маҳсулотимизни хорижлик харидорларга етказиб бера оламиз. Келиб тушаётган валюта эса тўлиғича ўзимизда қолади, уни истаганимиздек сарф этамиз.
Бу имкониятлар бизни ҳам экспорт фаолияти билан жиддийроқ шуғулланишга ундади. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига бағишланган бундай юқори даражадаги тадбирда илк бор иштирок этишга қарор қилдик. Таассуротлар ажойиб. Ушбу ярмарка янги ҳамкорлар топиш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишда бизга қўл келди.
Хусусан, Россиянинг Оренбург вилоятида жойлашган “Интернейшен агро фудс” МЧЖ билан маҳсулот сотиш бўйича имзоланган шартнома суммаси 400 минг доллардан ошди. Уларга келгуси йил давомида 100 тонна хурмо, 180 тонна пиёз, 250 тонна тоифи навли узум, 150 тонна майиз етказиб берамиз. Айтишим лозим, ушбу маҳсулотларнинг асосий қисмини вилоятимиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олишни мўлжал қилганмиз. Қолгани, жумладан, пиёз хўжалигимиз тасарруфидаги экин майдонларида етиштирилади. Бунинг учун 10 гектар ер ажратишни режалаштирганмиз. Маҳсулот харид қилиш бўйича боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли билан келишиб олиш, шартномалар тузиш бўйича иш олиб бораяпмиз.
* * *
Маълумот ўрнида айтиш керакки, 350 дан зиёд хорижий компания вакиллари қатнашган ярмарка якунларига кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган кўплаб шартномалар имзоланди. Шунингдек, 300 миллион АҚШ долларилик савдо битимлари тузилиши кутилмоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ