Президент фармонига мувофиқ, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳи, шу жумладан, икки нафар қашқадарёлик “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.
Мукофотга сазовор бўлган ташаббускор ва етакчи ёшлар орасида вилоятимиздан Муборак тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар етакчиси Пардаев Улмасжон Довурпулат ўғли ва “Uzbekistan GTL” масъулияти чекланган жамиятининг марказий лабораторияси лаборанти Хўжаева Рохилабону Саидусмон қизи бор.
Таҳририятимиз ижодий жамоаси бу ёшларни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан табриклайди!
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 28 декабрдаги Қонуни билан тасдиқланган низомга кўра, “Келажак бунёдкори” медали билан ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб, халқ манфаатлари учун садоқат билан хизмат қилаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга ва шон-шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, шунингдек, ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар (мамлакатимиз фуқаролари ёки Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар) мукофотланади. Ушбу медаль билан мукофотланганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти олишади ва қонунчиликда белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланишади.