Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Дилфуза ЖАЛИЛОВА

23.01.2017


УЛУҒ НЕЪМАТ ҚАДРИ

Умуман, истиқлол йилларида халқимизнинг неча асрлик орзу-мақсадларини, эзгу ниятларини ифода этган ғоялар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши кексаю ёш, ҳар бир юртдошимизга маъқул келаяпти. Сабаби, кишини руҳлантирадиган марра бўлмаса, узоққа бориш, кутилган натижага эришиш қийин.

Айни кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам - Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кўтаринки кайфиятда, ўз юртидан фахрланиш ҳамда шу кунларга шукрона туйғуси билан нишонлаш ҳаракатида. Ўз навбатида, эртанги кунга ишончимиз баланд. Ўғил-қизларимиз бахту  камолидан кўнглимиз тўқ. Бу ўтган йигирма беш йил давомида мамлакатимизда "Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун" деган эзгу тамойил асосида амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Пировардида халқимиз, одамларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, фуқаролик масъулияти ва бурчи ҳам юксалиб бормоқда.

Барча шаҳару қишлоқларда, маҳалла-кўй, корхона ва ташкилотларда "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним,  жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган улкан тантанага тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Ким билан суҳбатлашманг, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли  юртимизда ўзига хос боғ ва хиёбонлар, замонавий турар жой даҳалари, кенг ва равон йўллар, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, муҳташам таълим ва тиббиёт  муассасалари, маданият ва маърифат кошоналари бунёд этилаётгани, буларнинг барчаси аҳолининг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилаётганини фахр билан таъкидлайди. Дарҳақиқат, юртимиз гўзал ва бетакрор, айни пайтда муқаддас, унинг учун жонни фидо қилса арзийди.

Президентимиз таъкидлаган "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш - энг олий саодатдир" нақли 25 йил давомида босиб ўтилган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, эришган ютуқларимиз моҳияти ва аҳамияти билан бир қаторда бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг асосини ташкил этади. Боиси, истиқлол биз учун ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеадир. У Ватанимизни, халқимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилгани, миллий  демократик давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, барча мамлакатлар ва  халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт кечириш йўлини очиб бергани билан ҳам ғоят қадрли ва аҳамиятлидир. Шундай экан, унинг равнақи учун хизмат қилишдан ортиқ саодат бўлиши мумкинми?!

"Ким эдигу ким бўлдик?" деган ҳаётий хулоса эса мустақилликдек улуғ неъмат қадрини теранроқ, чуқурроқ  англаш, уни асраб-авайлашга ўргатади. Қолаверса, эртага ким бўлишимиз ва қандай марраларни эгаллашимиз ҳам айнан ёш авлоднинг бугунги тарбияси билан боғлиқ бўлиб қолаверади. Бугунги ёшларга ҳаётий воқеалар ва маълумотлар мисолида истиқлол берган кенг имкониятлар, унинг қадри, қиммати, бу кунларнинг ўз-ўзидан келмагани ва уни ҳимоя қилиш тўғрисида аниқ ва батафсил маълумотлар беришимиз, дунёқарашини янада бойитишимиз талаб этилади.

Мисолларга назар ташлайлик. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани дунё миқёсида алоҳида эътироф этилаяпти.  Юртимиз жаҳонда тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар орасида бугун юқори ўринларни эгаллаб турибди. Табиийки, барча соҳадаги тараққиёт истиқлол берган имкониятлар туфайлидир. Биз эришган ютуқ ва муваффақиятлар, ҳаётга татбиқ этилаётган янги-янги лойиҳалар натижаси туфайли тарихан қисқа давр ичида иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари 5,5 баробарга кўтарилди. Аҳолининг реал даромадлари аҳоли жон бошига 9 марта кўпайди. Бу эса Ўзбекистонимиз жадал ривожланиш босқичида эканини  англатади. Бу каби мисоллар барчамизга ғурур-ифтихор бағишлаб, янгидан-янги марраларни забт этишга ундайди.

Бугунги кундаги кенг имкониятлар, фарзандларимиз учун яратилган шароитларни кўриб, кечагина тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз топталгани, ёшлигимиз пахта далаларида ягана-ю терим билан ўтиб кетгани, жаҳонга чиқиш нари турсин кундалик турмушни амал-тақал қилиб ўтказиш билан ўтган ёшлик чоғларимиз эсимизга тушаверади.

Эътиборлиси, юртимиз ёшлари кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб, ўз олдига юксак марраларни қўяётгани, мустақилликнинг энг улуғ неъмат эканлиги, уни асраб-авайлаш лозимлигини англаб, шу юрт, шу Ватан равнақи учун нафи тегадиган фарзанд бўлиб улғаяётгани кўнглимизни тоғдек кўтаради. Улар бу юртнинг фарзанди, бир бўлаги бўлиш бахт эканлигини ҳис қилишаётганининг ўзиёқ қалбимизда  чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ана шундай улуғ ғоя ва инсоний туйғуларни юрагига жо қилган дилбандларимиз эртага юртимиз шон-шавкатини, қудратини юксакларга кўтариши шубҳасиз.

Юртимизнинг меҳнаткаш, танти ва меҳмондўст одамларининг кўтаринки кайфияти, ўз ҳаётидан мамнунлик, эртанги кунига ишонч мустақиллигимизнинг 25 йиллик шодиёналари арафасида янада жўшқин намоён бўлмоқда. Ислоҳотларнинг тарих саҳифаларига битилаётган юксак намуналари шу заминда, қуёш суйган юртда умргузаронлик қилаётган, эртанги куни ёруғ манзилларга туташ ҳар бир юртдошимиз қалбини тўлқинлантириб, янги марралар сари ундамоқда. Зотан, ҳар бир  юртдошимиз тўйга тўёна билан боришдек аждодларимизга хос удумни яхши англаб, истиқлолнинг у йилидан бу йилигача фойдали иш, арзирли хизмат қилишга ҳаракат қилаяпти, бунга ўзининг фарзандлик бурчи сифатида қарамоқда.

 Дилфуза ЖАЛИЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Report typo