Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

22.02.2017


УЛУҒВОР МАҚСАДЛАРНИНГ ИНШООТЛАРГА КЎЧГАН ИФОДАСИ

Кеча Қаршини бирор меҳмон билан айланаман, десангиз, борадиган жойнинг ўзи кам эди. Тарихий ёдгорликларимиз тўкилиб қолган, кўримсиз биноларга бировнинг кўзи тушишидан ийманардинг киши. Шунинг учун ҳам меҳмоннинг қадами бирор тамаддихонадан нарига ўтмасди. Қорин тўярдию кўнгилда ҳувиллаган бир бўшлиқ пайдо бўларди.

Бугун Қаршини айлана туриб, дил яйрайди, қалб шижоатга тўлади. Энди хижолат чекиш йўқ. Қайтага ғурурланасиз. Шундай обод, гўзал гўшаларимиз билан мақтангингиз келади. Бизнинг шаҳарларимиз жаҳон мегаполисларидан ҳеч бир жиҳатдан қолишмаслигини айтгингиз келади. Дарвоқе, таърифга не ҳожат: барчаси яққол кўриниб турибди-ку.

Биргина Қашқадарё дарёсининг устидаги Амир Темур кўприги атрофида қилинган ишларни олайлик. Албатта, барча улуғ ишлар лойиҳа билан бошланади. Юртбошимиз ўтган йилнинг 30 июнь -1 июль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Амир Темур кўприги атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш, соҳилбўйини ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берганди.

Бугун дарё бўйидаги кўркам гўша кўрган кўзни қувнатади. Ҳатто бир йил илгари дарё бўйида шундай файзиёб гўша яратилади, деса ҳеч ким аниқ бир тасаввурга кела олмасди. Бугун бахтиёр болаларимизнинг шодон кулгиси, кекса отахону онахонларимизнинг дуоси билан фариштали бу маскан дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган, ўйнаб-куладиган гўзал ҳудудга айланди. Кеча суви тармоқлаб, лойқа орасидан ўзига йўл қидирган кўримсиз дарёнинг суви бугун тўлиб-тошиб, Қашқадарёнинг мовий қирғоқларига урилиб-ўйноқлаб оқмоқда.

Кечаги лойқа ўрнидаги зилол сувларда сузиб юрган кема, катамаранларни унча-мунча шаҳарларда учратмайсиз. Дарё қирғоғи бўйлаб барпо этилган аттракционлар, пляж ва замонавий кафе-барлар ҳудудга ўзгача қиёфа бахш этган. Кечаги овлоқ, назардан четда, киши юрак ҳовучлаб ўтган жойда бугун туну кун сайру гурунг авжида, хуш-хандон овозлар, шодон кулгилар жаранг сочади.

Кўприкнинг ҳар икки тарафидаги сайилгоҳни бир-бирига боғлаш мақсадида қурилган ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ўзи бир дунё! Дарё сувининг салқинини юракка элтадиган эпкин, тунги чироқлар нурида ярақлаётган деворлар тинч-омон кунларнинг ёрқин дамлари ифодасига ўхшайди.

Қарши шаҳрининг Ўзбекистон ва Мустақиллик кўчалари кесишган нуқтада кўкка бўй чўзиб турган курант маҳобати кишини лол қилади. Аввалги курант бир неча йиллардан буён ишламай, қуруқ савлат бўлиб турарди, ундан эскилик нафаси уфурарди. Бугун эса ҳашаматли ва улуғвор, миллий ва замонавий меъморчилик услубларини уйғунлаштирган янги курант бизнинг улуғвор мақсадларимиз ифодаси бўлиб турибди.

Н.ХЎЖАЕВ

Муродулла КОМИЛОВ олган сурат.

Report typo