Ижтимоий тармоқларда Чироқчи туманидаги Умакай постида навбатчилик қилган шифокорлар фаолиятига доир “Тиббиёт ходимлари: “Кечаю кундуз постда навбатчилик қилдик, лекин иш ҳақимиз тўлаб берилмади” сарлавҳали мурожаат эълон қилинган эди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, мурожаатда исм-фамилиялари кўрсатилган тиббиёт ходимлари Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2020 йил 28 мартдаги буйруғи билан навбатчиликка жалб этилган.
Айтилишича, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Умакай тез тиббий ёрдам шохобчаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Амир Рўзиев апрель, май, июнь ва июль ойлари 6 фоизлик қўшимча рағбатлантириш тўловлари учун табелларни ўз вақтида тақдим этмаган. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Толмас Тошпўлатов эса мазкур тўловлар тўланишини назорат қилмаган.
Натижада ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари учун А.Рўзиев ва Т.Тошпўлатовга туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан ҳайфсан берилди.
Энг муҳими, ўрганиш якунига кўра, шу йилнинг 25 август куни Президентнинг 2020 йил 24 апрелдаги қарорига асосан Умакай постида навбатчилик қилган ходимлар – А.Рўзиев, Т.Файзуллаев, Ш.Алиев, Б.Маматов, Х.Мустафоев, А.Маманов, Э.Хўжановга жами 10 миллион 169 минг сўмлик рағбатлантириш тўловлари тўлаб берилган.