Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "УМИД НИҲОЛЛАРИ" СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА ВИЛОЯТ ТЕРМА ЖАМОАСИ МУНТАЗАМ РАВИШДА 11-14 ЎРИНЛАРНИ "ЭГАЛЛАБ" КЕЛАЁТГАНИГА САБАБ НИМА?

Б.ЎКТАМ

31.03.2018


"УМИД НИҲОЛЛАРИ" СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА ВИЛОЯТ ТЕРМА ЖАМОАСИ МУНТАЗАМ РАВИШДА 11-14 ЎРИНЛАРНИ "ЭГАЛЛАБ" КЕЛАЁТГАНИГА САБАБ НИМА?

Жисмоний тарбия ва спорт  бошқармаси, вилоят прокуратураси, болалар спортини ривожлантиришга масъул мутахассислар, халқ таълими тизими тегишли услубчилари, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқариб борди.

Унда жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан вилоятда аҳолининг кенг қатламини оммавий спортга жалб этиш, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш, спорт таълим муассасалари, мактаб ва коллежларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ташкил этишнинг аҳволи ўрганилиб таҳлил қилингани, спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг ўз вазифасига ўта совуққонлик, масъулиятсизлик ва ўзибўларчилик билан ёндашаётгани, ўз устида ишламаслиги, билимсизлиги сабабли аксарият таълим муассасаларида спорт тўгараклари фаолият кўрсатмаётгани, жисмоний тарбия фани дарслари номигагина ўтилаётгани таъкидланди. Ўрганишларда, шунингдек, вилоятдаги спорт таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасида узвий алоқа йўқлиги сабабли иқтидорли спортчиларни саралаш, селекция ишлари ўта қониқарсиз аҳволда экани маълум бўлди. Оқибатда кўплаб ёшлар ўз иқтидорини намоён эта олмаётгани қайд этилди.

Шундан сўнг вилоят прокуратураси терговчиси Б.Турсунов сўзга чиқиб, давлат ташкилотларида уюшган жиноятчилик ва қонунбузарлик ҳолатлари учраши, мансаб лавозимидан фойдаланиб суиистеъмолга йўл қўйиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик каби салбий ҳолатлар содир этилаётгани, бундай ҳолатлар спорт муассасаларида ҳам учраётганига эътибор қаратди.

Вилоят ҳокими умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган "Умид ниҳоллари" спорт мусобақалари умидли ва маҳоратли спортчиларни танлаб олиш, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, олимпиада ўйинлари томон элтувчи пиллапоя бўлиб хизмат қилиши, бироқ ушбу босқич мусобақалари аксарият мактабларда умуман ўтказилмаслиги, ўтказилганлари эса расмиятчилик учун номига бўлгани, айрим жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳаттоки спортнинг қайси турлари бўйича мусобақалар ўтказилишини ҳам билмасликлари ачинарли ҳолат эканини қайд этди.

Бепарво муносабат сабаб ҳам "Умид ниҳоллари" спорт мусобақаларида вилоят терма жамоаси мунтазам равишда 11-14 ўринларни "эгаллаб" келмоқда.

Тадбирда камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тизим масъулларига топшириқлар берилди, ҳар ой якунида соҳадаги ишлар таҳлили ўтказиб борилиши қайд этилди. Халқ  таълими ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари тасарруфидаги "Ёшлик", "Баркамол авлод" жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, олий ўқув юртлари қошида ташкил этилган "Талаба" спорт клублари фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқиш, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ҳар ойда камида 2 тадан гуруҳ ташкил этиш орқали мунтазам спорт билан шуғулланувчилар сони ошишига эришиш, мураббийлар ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари масъулияти ва билим даражасини ошириш каби вазифалар белгиланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Б.ЎКТАМ

Report typo