Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

10.02.2017


УМР САВДОСИ ЎЙИНҚАРОҚЛИК ЭМАС

- Уйга кетайлик, - эркаланди у.

- Ҳозир кетамиз уйга, болажоним, - қизининг бошини силади она.

Малика яна йўлак бўйлаб югура кетди. Афсуски, бу мурғаккина гўдакнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ. Бугун унинг отаси Анвар ва онаси Дилобар ажрашишмоқда. "Узоқ", яъни тўрт йиллик турмушдан сўнг улар шу қарорга келишди. Аслида уларнинг турмуши бузилишига хиёнат, келишмовчилик ёки можаро каби бирор жиддий воқеа сабаб бўлгани ҳам йўқ. Сабаби эса жуда жўн: бир-бирларига тўғри келишмас, иккови икки дунё эмиш, бир-бирига бўлган муҳаббат сўнибди. Кеч бўлмасдан барчасига чек қўйишмоқчи (аслида буни турмуш қурмасларидан олдин обдон ўйлаб кўришлари лозим эди).

Анвар узоқ кутишдан тоқати тоқ бўлди, шекилли, кутиш залида бир нималарни ёзиб ўтирган киши ёнига бориб, яна қанча кутишларини айтганча эътироз билдирди.

- Ҳали навбатингиз келмади. Бугун судда кўрилаётган ишлар кўп. Яна бироз кутинг, - деди ҳалиги киши.

Жавобдан Анварнинг энсаси қотди. У яна ортига қайтиб ўриндиққа "чўкди". Чарчоқ ва ҳорғинликдан кўзи аста-секин илина бошлади…

…Ёруғ ва шинам синфхона. Иккинчи соатга қўнғироқ чалинган. Танаффус вақти. Болалар 10 ёшар Малика билан унинг партадоши Одилжонни қуршаб олишган. Малика математика фанидан берилган уйга вазифани бажарган, аммо уни Одилжонга кўчириб олишга бермагани учун иккаласи тортишишарди.

- Алвасти, бир марта кўчиришга берсанг, нима бўлади?  

- Билмасвой! Ўзинг бажарсанг бўлмайдими?!

- Қизғанчиқ! Қизғанчиқ!

- Ажаб бўпти! "Икки"чи, "икки"чи!

Иккаласи ҳам бўш келмас, ўзларини хафа қилмай, бурро-бурро "сайрашарди".

Бироқ Одилжоннинг оғзидан "етимча" деган сўз чиққач, Малика қизариб кетди. Нигоҳлари ерга қадалди. Йиғлаб юборди. Тилини тишлади. Одилжон унинг қўлидан дафтарини тортиб олганида ҳам лом-мим демади. Жойида жим тураверди…

* * *

…Малика ошхонада идиш-товоқларни ювар, ўгай укалари эса унинг атрофида қувлашмачоқ ўйнаб шовқин-сурон қилишарди. Кутилмаганда улардан бири Маликага туртиниб кетдию унинг қўлидаги пахта гулли ликопча полга тушиб чил-чил синди.

- Энди нима бўлади? Онам билса, ўлдиради, - Малика ваҳимага тушди.

Болалар бунга жавобан уни масхара қилиб кулишди.

- Ўйнашга ошхонадан бошқа жой қуриб қолганми? Нима қилиб қўйдинглар?!

- Нима шовқин?! - Ошхонага Маликанинг ўгай отаси кириб келди. Болалар опаси ликопчани синдириб қўйганини дарҳол етказишди. Ота нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган Маликанинг юзига тарсаки тортиб юборди.

- Касофат! Қилғилиқни қилиб қўйиб, энди бор айбни шу бегуноҳ укаларингга тўнкаяпсанми?! Ёшинг 15 да бўла туриб ёш болаларга туҳмат қилгани уялмайсанми, аҳмоқ қиз! Етимнинг бошини силаб олган раҳматим шуми ҳали?!

Ўгай отаси Маликани яна дўппослади. Агар бу ҳақда онасига лом-мим дейдиган бўлса, онасига ҳам қўл кўтаришини айтиб дўқ урди...

* * *

...Айвонда ёши 40 дан ошиб, 50 га яқинлашган эр-хотин ва асабийлашаётган ёшроқ йигит жиддий муҳокама, баҳс-мунозарага берилишган.

- Онажон, бу дунёдан ёлғиз ўтсам ўтаман, лекин Маликадан бошқасига уйланмайман! Қарорим қатъий, - деди ҳалиги йигит.

- Чучварани хом санабсан! - Онаси ер муштлади. - Сенга ўзи неча марта такрорлаш керак? У қиз бўлмайди дедикми, бўлмайди! Маҳалласидан, қўни-қўшниларидан суриштирдик. Отаси ёшлигида уни онаси билан ёлғиз ташлаб кетган экан. Ҳозирги ўгай отаси эса ғирт "алкаш" эмиш. Энди келиб-келиб "алкаш" билан қуда бўламанми?!.

* * *

- Дада, нега бахтимни қаро қилдингиз?!  Бутун ҳаётимни заҳарлашга нима ҳаққингиз бор?! Ташлаб кетадиган бўлсангиз, нега дунёга келтирдингиз?! Бахтсиз бўлишим учунми?! Дада... дада... дада!

* * *

...Дада! Дада!

Анвар чўчиб уйғониб кетди. Рўпарасида қизалоғи - Малика турарди.

- Дада, уйга кетайлик!

У қизини маҳкам қучоқлаб олди. Кўзини нимадир ачиштирди. Сўнг қизини даст кўтариб олди. Бундан Дилобар бироз тараддудланиб қолди.

- Дилобар, кетдик уйга. Юрақол. Ўша ерда яна бафуржа гаплашиб оламиз. Якуний қарор чиқаришга шошилмайлик, юр, - дея Анвар йўлак бўйлаб ташқарига интилди.

Дилобар ҳам унинг ортидан эргашди...

Эртакка ҳамоҳанг туюладиган бу воқеада, яна бир оила дарз кетишига бир баҳя қолди. Халқимизда қадимдан оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Негаки, оила нафақат ҳаёт боқийлигини, авлодлар бардавомлигини таъминлайдиган гўша, балки мамлакат ва миллат келажагини белгилайдиган асосий қўрғон ҳамдир. Шунинг учун истиқлол йилларида мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Қолаверса, оила муносабатларини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, Асосий қонунимизда оилавий муносабатларга алоҳида боб бағишланган, оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур бобларда оила, оналик ва болалик давлат муҳофазасида бўлиши кафолатлангани, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар эса ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги аниқ-равшан белгиланган. Бу эса юртимизда оила институти, унинг қонунчилиги халқимизнинг бой тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилганидан далолат.

Сир эмас, бугун жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида оила институти ва қадриятлари таназзулга учрамоқда. Бунга сабаб қандай бўлишидан қатъи назар, оилага бўлган муносабатнинг енгиллиги ташвишланарли ҳол. Чунки бундай хавф-хатардан ҳеч ким холи эмас. Афсуски, бугун орамизда оила пойдевори деб саналган никоҳга бармоқ остидан қараётган ёшлар ҳам кам эмас. Хўш, бунга қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Психологлар олиб борган тадқиқотларга қараганда, ёш оилаларнинг турмуши бузилишига асосий сабаблардан бири эрта никоҳ қуриш экан. Чунки эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасида узоқ муддатли руҳий сиқилиш, ҳаётида содир бўлган мазкур ўзгаришларга кўника олмаслик, масъулиятни ҳис этмаслик кузатилади. Қолаверса, ушбу ёшга хос ўйинқароқлик, қизиққонлик каби сабаблар оиланинг келажагига путур етказиши аниқланган.

- Оила - муқаддас даргоҳ, - дейди Қарши шаҳридаги Арал маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси  Хумор Турдиева. - Бугун айрим ёш оилаларимизда ажримлар содир бўлаётганига баъзи ёшларнинг турмуш қуришга ҳали тайёр эмаслиги сабаб бўлмоқда. Уларга тўғри ва оқилона маслаҳат беришда эса юртимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги яраштириш комиссияларининг ўрни катта. Бинобарин,  намунали оила эгалари, нуроний отахон ва онахонларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб оилаларга дарз кетишининг олди олинаётгани аҳамиятли.

Бугун мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, уни янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга қаратилган катта ишлар қилинаяпти. Шубҳасиз, бунда ёш оилаларга, эндигина турмуш қуриш остонасида турган ёшларга асрлар давомида ота-боболаримиз муқаддас санаб келган оила ва унинг қадриятларини асраб-авайлаш ҳар бир кишининг бурчи ва вазифаси эканини англатиш, тушунтириш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, шундагина оила - мустаҳкам, жамият барқарор бўлади.

Азизбек НОРОВ

Report typo