Сараланган сатрлар
Бугун ўртамиёна асарларнинг ўртамиёна таржималари кўпайиб кетди. Эҳтимол бу табиийдир, чунки кўпчилик енгил-елпи нарсалар - кўрсатув, куй-қўшиқ, бадиий асарларга ўрганиб-кўникиб бораётгани ҳақиқат. Бунинг салбий жиҳати шундаки, ҳаётга енгил қарашга кўниккан киши турли синовлар, қийинчиликлар олдида ўта заиф, чидамсиз, иродасиз бўлиб қолади.
Айниқса, кейинги вақтларда ёмғирдан кейинги қўзиқориндек бодраб чиққан турк адабиёти намуналари билан танишиб (уларни ўқиб ўтириш ҳам шарт эмаслигини китоб номлариёқ англатиб туради), омманинг адабий диди наҳотки шу даражада ўтмаслашиб қолган бўлса, дея ҳайрон бўласан киши. Турк адабиёти деганда, Нозим Ҳикмат, Азиз Несин, Номиқ Камол, Ўрхон Памук, Ўрхон Камол каби адибларнинг асарлари бўлса қани, кундалик гурунг, арзимас воқеа оламшумулдай кўрсатилиши энсани қотиради.
Шундай вақтларда мумтоз адабиётга қанчалик муҳтож эканимиз кўринади. Дейлик, ҳозир чоп этилаётган турк бестселлерларидан 100 тасини ўқисангиз ҳам, Жалолиддин Румий айтган бир ҳикоят маъно-мазмунини бермайди. Демак, ана шундай мумтоз ижодкорларни кенгроқ тарғиб этишимиз, ўқишимиз керак.
Қуйида Адем Сертелнинг "Саn kulagini Ac. Нz. Меvlаnаdаn ozlu Sоzlеr" китоби асосида нашрга тайёрланган, инсониятнинг буюк даҳоси Жалолиддин Румий ҳикматларидан намуналарни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
Румийни кўп ва хўб ўқинг. Ҳаёт мазмуни, инсон аъмоллари ва уларнинг ҳисоби, дунё ва охират ҳақидаги теран мулоҳазалар қалб кўзингизни очади...
Қўрқоқлар жангдан қочиш пайида бўладилар. Жасур, мардлар эса жон қайғусида душман сафларига ҳужум қиладилар. Қўрқув ва қайғу Рустамларни олға ундайди, қўрқоқ эса ваҳимадан турган жойида ўлиб кетаверади. Бало ва жон қайғуси маҳакдир... Шунинг учун мардлар таҳликали дақиқаларда қўрқоқлардан ажраладилар.
* * *
Танқид қайнатилган дори ва хапдори кабидир: ичсанг ёки ютсанг бироз муддат изтироб ва аламда қоласан. Ширинлик есанг, лаззати бир лаҳзаликдир, таъсири ҳам узоқ давом этмайди. Зоҳиран узоқ давом этганидан таъсири ҳам яшириндир. Ҳамма нарсани зидди воситасида англа! Мақтовнинг таъсири ширинликнинг таъсирига ўхшайди: яширинча таъсир қилади ва бироз вақт ўтгач танада ёрилиши лозим бўлган чипқон чиқади.
* * *
Нафсни ўлдирганнинг этагига маҳкам ёпиш. Бу пасткаш нафс сендан ўткинчи манфаат истайди. Токайгача бундай беҳуда ишлар билан овора бўласан, етар, бас!
* * *
Умринг сенга юз йиллаб муҳлат берса ҳам, нафс ҳар куни янги бир баҳона топади, сенга моне бўлади, совуқ ваъдаларни эҳтиросли тарзда баён этади. У шундай сеҳргарки, инсонни ипсиз боғлайди.
* * *
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўзи дунёдан кетиб, яхши иши қолган инсон қандай бахтли", деган эдилар. Эҳсон соҳиби ўлди, аммо унинг эҳсони ўлгани йўқ... Аллоҳ ҳузурида дин ва эҳсон кичик ва аҳамиятсиз нарса эмасдир! Ўзи ўлиб, исёни қолган кишининг ҳолига вой! Ўлди-ю жонини кутқарди" деб ўйлама асло!
* * *
Сабр қилсанг ёмон дўст яхши бўлади. Сабр инсоннинг кўнглини кенгайтиради. Тунда ойнинг сабр қилиши уни ойдинлатади. Атиргулнинг тиканга сабр этиши уни муаттар бўйли қилади. Шернинг қону терга сабр қилиши уни бўталоқларга тўйдиради. Пайғамбарларнинг мункир (инкор этувчи)ларга сабр қилиши уларни Аллоҳнинг хосларига айлантиради, соҳибқирон қилади. Кимда яхши бир либос кўрсанг билки, уни сабр ва ҳаракат билан қўлга киритгандир.
Кимни оч, яланғоч кўрсанг бу ҳали сабрсизлигига далилдир. Ким ҳайиқиб, азоблар ичида ўртанса, албатта ёмон кишига шерик бўлгандир.
* * *
Беҳудага гап бўлсин ёки ҳикоя деб чақмоқтош билан темирни бир-бирига урма! Зеро, атроф зулмат, ҳар томонда пахта. Пахта орасида учқун қандай туради? Золимлар шуларки, кўзларини юмганлар, айтган сўзлари билан бутун оламни куйдирганлар. Бир сўз дунёни абгор қилади, ўлган тулкиларни арслон қилади. Қалблардан парда кўтарилсайди, ҳар жоннинг сўзи Масиҳ каби таъсир қилар эди.
* * *
Сукут денгиздир, нутқ ирмоққа ўхшайди... Денгиз сени қидирмоқда, сен ирмоқни излама.
* * *
Марднинг ови марҳаматдир. Дори дунёда дарддан бошқа нарса изламайди. Қаерда дард бўлса, даво ўша ерга боради. Қаер паст бўлса, сув ўша томонга оқади. Сенга роҳат суви керак бўлса, бор, камтар бўл, раҳмат сувини ичу сармаст бўл.
* * *
Бир киши дарахт тепасига чиқди, дарахтни бор кучи билан силкитиб, меваларни қоқди. Боғ эгаси келиб: "Эй пасткаш, Аллоҳдан уялмайсанми? Бу нима қилганинг?" деди. Ўғри унга жавобан: "Аллоҳнинг боғидан Аллоҳ қули Аллоҳ эҳсон қилган хурмони еса, сен ғаний Аллоҳнинг эҳсонини нега қизғанаяпсан?" деди. Боғ эгаси хизматкорига: "Ойбек, ипни келтир, бу одамга жавоб берай", деди. Ип келтирилгач ўғрини дарахтга боғлаб, орқаси, оёқларига ура бошлади. Ўғри: "Ҳей, Аллоҳдан уял, бу бегуноҳ бандани ўлдириб қўясан-ку", деди. Боғ эгаси: "Аллоҳнинг бир бандаси бошқа бандасини яхшилаб калтаклаяпти. Таёқ ҳам Аллоҳники, орқа ҳам, ён ҳам. Мен унинг қули ва буйруғининг ижрочисиман", деди. Ўғри тавба-тазарру қилди.
* * *
Бола ёнғоқ ва майиз учун йиғлайди. Ҳолбуки бу катта одам учун ҳеч нарса эмас. Кўнгилга нисбатан тана ёнғоқ ва майиздир. Бола катталар биладиган нарсаларни қаердан билсин? Ким парда ортида бўлса, боладир. Мард (эркак) деб ранжимайдиган кишини айтадилар. Агар одам соқолию эркаклиги билангина одам бўлса, эчкининг ҳам соқоли бор, жуни бор. У ҳам одам бўлган бўларди.
Тана инсонни боқиш масаласида онага ўхшайди, аммо сенга юз душмандан ортиқроқ ғанимдир. Тананг хасталандими, сенга дори қидиртиради, кучга кирдими, сени шайтонлаштиради, бут ҳолига келтиради. Ситамларга тўла баданни зирҳ деб бил: на қишга ярайди, на ёзга.
* * *
Арслонлардек ўз ўлжангни ўзинг овла. Бегонага ҳам, қариндошга ҳам ялтоқланишни бас қил!
* * *
Ҳирс ва таъма инсонни кўр ва кар қилади.
* * *
Умринг олтин ҳамёнга ўхшайди, кеча-кундуз эса пул сановчи одамдир. Билмасдан, англамасдан санайверади, ниҳоят ҳамён бўшайди, ой тутилади. Тоғдан олсанг ҳам жойига қўймасанг тоғ ҳам ўрнида қолмайди, йўқолиб кетади. Шундай экан, ҳар дақиқа ўрнига бадал қўйки, "Сажда эт ва яқинлаш" оятининг мақсадини англайсан.
* * *
Дунёда ҳар бир нарса бошқа бир нарсани тортади: куфр кофирни, тўғрилик тўғри йўлга келтирганни! Қаҳрабо ҳам бор, оҳанрабо ҳам, сен темир бўлсанг ҳам, сомон бўлсанг ҳам, албатта, тузоққа тушасан! Темир бўлсанг оҳанрабо тортади, сомон парчаси бўлсанг, қаҳрабо томон кетасан! Яхши кишилар билан дўст бўлмаган ёмонларнинг ёнидан жой олади, уларга қўшни бўлади.
* * *
Сен "Мен фалончидан камманми, томим паст бўлаяптими", деб ҳасад киласан, аммо ҳасаднинг ўзи ҳам бир нуқсон, бир айб. Ҳатто барча пасткаштликлардан ҳам баттарроқ! Шайтон ҳам паст бўлишдан ор қилди, буни уят деб ҳисоблади ва ўзини юзлаб ёмонликларга маҳкум этди. Ҳасадидан баландроқ бўлишни истади. Қайда дейсиз? Қонларга беланиб қолди.
* * *
Ҳирс хунукни чиройли кўрсатади. Йўлдаги офатлар ичида шаҳватдан баттари йўқдир.
* * *
Аллоҳ ҳам еру кўкни аста-секин, олти кунда яратди. Агар у истаса "Кун" дейиши билан еру кўк яралиши тайин эди. Аллоҳ бунга қодир эди. Истаган ишингни шошилмасдан, лекин дуруст бир шаклда қилишинг лозим. Бундай маромда иш тутиш сенинг шуни ўрганишинг, англашинг учундир... Шошилмай иш юритган инсон иқболга, давлатга эришади. Шошилмаслик тухумга, давлат эса қушларга ўхшайди. Эй, қайсар одам! Ҳеч замонда қуш тухумга ўхшайдими? Лекин у тухумдан пайдо бўлади-ку.
* * *
Тақлиддан иборат билим жонимизнинг заволидир, сунъийдир, вақтинчадир. Биз эса "У бизнинг мулкимиз" деб эмин-эркин бўламиз. Бундай оқилликдан жоҳиллик афзал, девоналик яхшироқдир!
* * *
Сўз англамас жоҳилга бир нарсалар ўргатиш учун ўз тилингни тарк этишинг, унинг тилида гапиришинг керак. Фақат шу тарздагина сендан бирор нарса ўргана олади.
* * *
Не-не олимлар ҳақиқий илмдан, ҳақиқий ирфондан бенасиблар. Бундай олим илмнинг ҳофизидир, ошиғи эмас. Дори дори ҳолида турганида таъсирсиздир. Аммо ейилгач, ичилгач ўзидан кечадию таъсир кўрсатади.
* * *
Аҳмоқлар омиликларидан Мажнунга шундай дедилар: "Лайли жуда ҳурлиқо эмас. Шаҳримизда ундан гўзал юз минглаб қизлар бор". Мажнуннинг жавоби шундай бўлди: "Сурат қадаҳ, гўзаллик шароб, Аллоҳ менга унинг суратидан шароб ичирмоқда. Сизга эса шу қадахда сирка берди, шунинг учун унинг севгиси сизни роҳатсиз қилмоқда. Қадаҳни кўра оласиз, аммо у шароб тўғри бўлмаган кўзга кўринмайди. Кўнгил ўз аҳлидан ўзгага боқмайди, нишона бермайди".
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.