Маълумки, солиқ тўловчилар амалга ошираётган фаолият тури ва ходимлари сонидан келиб чиққан ҳолда умумбелгиланган ва соддалаштирилган режимда солиқ тўлайдилар.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб, ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади.
Бугунги кунда вилоятимизда умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчи корхона (юридик шахс)лар сони 418 тани ташкил этади. 533 корхона эса қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сирасига киради. Жумладан, соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаб келаётган хўжалик юритувчи субъектлардан 115 таси қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий тўлаб келмоқда. Солиқ ислоҳотлари концепциясига асосан 2018 йил якунига кўра, уларнинг сони 1328 тага ошиши кутилмоқда.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари умумбелгиланган тартибга ўтаётган хўжалик юритувчи субъектлар билан ишлаш мақсадида 2018 йилни 1 миллиард сўмдан ортиқ товар айланмаси билан якунлаши кутилаётган ягона солиқ тўловчи корхоналарни фаолият тури ва ҳудуди бўйича ажратиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган 910 та номзод хўжалик юритувчи субъект рўйхатини шакллантирди. Мазкур корхоналарга умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтишлари тўғрисида ёзма хабарномалар юборилган.
Эндиликда ҳар бир туман (шаҳар)даги рўйхати шакллантирилган номзод корхоналар вакиллари давлат солиқ инспекциясига таклиф этилиб, малакали мутахассислар томонидан улар учун махсус ўқув машғулотлари ўтказилади. Шунингдек, “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси масъул ходимлари бухгалтер мутахассислари мавжуд бўлмаган хўжалик субъектларига электрон ҳисоб-фактураларини юритиш қоидаларини ўргатади.
Солиқ ва бурч
ТУШУМЛАР КЎПАЙИШИ НИМАНИНГ ҲИСОБИДАН?
Жорий йилги режага асосан вилоят бюджетига 717,8 миллиард сўм қўшимча маблағ тушириш вазифаси белгиланган. Ўтган 10 ой учун ушбу кўрсаткич 462,3 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди. Аҳамиятлиси, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бу вазифа ортиғи билан бажарилди. Ҳисобот даврида маҳаллий ҳокимият ғазнасига қўшимча 498,3 миллиард сўм маблағ туширилиши таъминланди.
Албатта, ушбу кўрсаткичларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Бу борада аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Улардан бири — солиқ ва молиявий ҳисоботларни банк, божхона, биржа, кадастр, бошқа идораларнинг маълумотлари билан солиштириш орқали яширилган товар айланмаларини аниқлаш, хуфиёна бизнес юритиб, солиқ тўлашдан қочиш эҳтимоли бўлган субъектларни солиққа тортиш орқали бюджет даромадлари тушумини кўпайтиришдан иборатдир.
Бунинг учун савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва қурилиш корхоналари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларидаги ҳақиқий товар айланмалари акс эттирилгани ташқи манба маълумотлари асосида тўлиқ камерал назоратдан ўтказилмоқда. Жумладан, вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ назорати бўлими томонидан жорий йилнинг биргина октябрь ойи давомида жами 95 та корхона фаолиятида камерал назорат амалга оширилди. Натижада 14 миллиард 500 миллион сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланди.
Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилгани ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда хабар қилинаётир.
Бундай ҳолатда солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ва тафовутлар асосини талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Шунга кўра, корхоналар томонидан 4 миллиард 800 миллион сўмга қайта ҳисоботлар тақдим этилган ва тўлаб берилган.
Масалан, вилоятдаги биргина “Маржон Муҳандис” фирмаси фаолиятида ўтказилган камерал назоратида 378 миллион сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланган.
Хулоса ўрнида бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдик. Бугун йўлларни таъмирлаш, янги бинолар барпо этиш, мактаб, боғчалар қиёфасини ўзгартириш, қишлоқларимизни обод қилиш - буларнинг барчаси маблағ талаб этадиган ишлар ҳисобланади. Вилоят бюджетига туширилаётган қўшимча маблағлар эса ана шундай эзгу мақсадлар рўёби учун хизмат қилмоқда.
Фирдавсий ЖАББОРОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи