Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азамат ХУШВАКОВ

20.01.2017


УМУМИЙ ЁКИ МАХСУС ДАЪВО МУДДАТИНИНГ БЕЛГИЛАНИШИ

Фуқаролик ҳуқуқлари ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб қонунчиликда ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, умумий юрисдикция судлари, хўжалик ёки ҳакамлик суди орқали ҳимоя қилинади. Шу маънода қонун ҳужжатларида даъво қилиш муддатининг белгиланиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича фаолликни янада оширишга хизмат қилади.

Даъво муддати – Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-боб 149-моддасига кўра, шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўладиган муддатдир.

Амалиётда ҳуқуқи бузилган шахснинг нафақат ўзи, балки прокурор, давлат органлари ва бошқа органлар томонидан ушбу шахс манфаатида берилган даъволар ҳам ҳуқуқи бузилган шахс томонидан берилган даъво сифатида қабул қилинади. Аммо юқорида қайд этилган модданинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, даъво фақат ҳуқуқи  бузилган шахс томонидан берилиши мумкин. Бу борада даъво муддатига ҳам эътибор қаратиш керакки, ҳозирги вақтда даъво муддатлари барча хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқ тизимларида назарда тутилган.

Республикамизда амалда бўлган қонун ҳужжатларида умумий даъво муддати уч йил деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 151-моддасида айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкинлиги қайд этилган. Жумладан, юк  ташиш шартномасидан келиб чиқадиган, турар жойларни алмаштиришни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабларга қисқартирилган даъво муддатлари қўлланилади.

Махсус даъво муддатлари нафақат қонунларда, балки қонуности ҳужжатларда ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, Ўзбекистон    Республикаси Темир йўл Уставида темир йўл ташкилотларига нисбатан бериладиган даъволар бўйича махсус даъво муддатлари белгиланган (155-банд).

Қонунда умумий ёки махсус даъво муддатининг белгиланиши ҳуқуқи бузилган шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди. Шахс даъво муддати тугагандан кейин ҳам судга мурожаат қилиши мумкин. Суд тақдим этилган аризани иш юритишга қабул қилиш пайтида ёки ишни кўриш жараёнида мазкур талаб бўйича даъво муддати ўтганини аниқласа-да, уни ўз ташаббуси билан қўллашга ва ушбу асос билан    даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ёки қайтаришга ёхуд даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмас.

Чунки қонунга кўра, даъво муддати суд томонидан фақат  низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунига қадар берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қарши даъво тақдим этиш даъво тақдим этишнинг умумий қоидалари бўйича амалга оширилиши сабабли даъво муддатига оид қоидалар унга нисбатан ҳам тааллуқли ҳисобланади. Оғзаки берилган ариза суд мажлиси баённомасида албатта кўрсатилиши ва муҳокама қилиниши керак.

Даъво муддати ўтганлиги ҳолати нафақат бу турдаги оғзаки ёки ёзма аризада, балки даъво аризаси юзасидан берилган фикрнома (эътирознома)да ҳам акс эттирилиши мумкин. Амалиётда баъзан шундай ҳоллар учрайдики, жавобгар даъво аризаси юзасидан тақдим этган ёзма фикрида билдирилган талаб бўйича даъво муддати ўтганлиги билан бир қаторда    бошқа асосларни ҳам кўрсатиб, ўз талабида билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этишни эмас, балки даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишни тугатиш масаласини қўйиши мумкин.

Бизнингча, суд билдирилган ёзма фикр мазмунидан келиб чиқиб, агар унда ҳақиқатан ҳам даъвогар билдирган талаб бўйича даъво муддати ўтганлиги ифодаланган бўлса, уни даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза сифатида қабул қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза низодаги тараф эмас, балки ишда иштирок этаётган давлат органлари ва бошқа органлар (тараф сифатида иштирок этмаётган) ёки суд томонидан ишга жалб қилинган ёхуд мустақил равишда ишга киришган учинчи шахслар томонидан ҳам берилган ҳоллар мавжуд.

Фикримизча, Фуқаролик кодексининг 153-моддаси иккинчи қисмига кўра, бундай аризани фақат низодаги тараф бериши мумкинлигидан келиб чиққан ҳолда, ушбу шахслар томонидан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги ариза фуқаролик ва хўжалик судлари томонидан инобатга олинмаслиги керак. Чунки тарафлар судлов ишларини юритишда иштирок этаётган даъвогар ва жавобгар эканлиги Хўжалик процессуал кодексида (36-модда) ҳам, Фуқаролик процессуал кодексида (39-модда) ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Ушбу ҳолатда процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ишга жалб қилинган ёки алмаштирилган даъвогар ва жавобгарлар ҳам ишдаги тараф ҳисобланишини эътиборга олиш керак.

Фуқаролик процессуал кодекси ва Хўжалик процессуал кодексида биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган қарор бекор қилинганидан сўнг, кассация ва назорат инстанциялари томонидан янги қарор чиқарилишига йўл қўйилади. Бу борада турлича қарашлар мавжуд. Низодаги томоннинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризаси, башарти у биринчи     инстанция суди томонидан қарор чиқарилишигача бўлган жараённинг исталган босқичида тақдим этилган ва мазкур муддат ўтганлиги ишга доир материаллар билан тасдиқланган бўлса, даъвони рад этиш учун асос ҳисобланиши тўғрисидаги фикрни энг тўғри деб ҳисоблаш мумкин.

Даъво муддати ўтганлигига ҳавола қилишга фақат ишни кейинги (апелляция, кассация ёки назорат) эмас, балки биринчи инстанция судида кўриб чиқиш жараёнида йўл қўйилади. Бироқ биринчи инстанция суди қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриб чиқишга йўналтирилган ҳолда даъво муддати ўтганлиги тўғрисида ариза бериш мумкин.

Даъво муддатининг қачондан бошлаб ўта бошлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки ушбу муддатнинг қачондан бошлаб ўта бошлашининг нотўғри қўлланиши қонун билан белгиланган даъво муддатининг узайтирилиши ёки қисқартирилишига олиб келади. Бу эса   низодаги тарафнинг манфаатига таъсир этиши мумкин. Шунинг учун судлар даъво муддати ўта бошлаган кунни аниқлашга жиддий эътибор бериши лозим. Баъзи талаблар бўйича даъво муддати ўта бошлашининг аниқ вақти Фуқаролик кодексига кўра, агар қонун ҳужжатлари ёки пудрат шартномасида пудратчининг иш сифатига кафолат бериши назарда тутилган, кафолат муддати белгиланган ва ишдаги камчиликлар хусусидаги ариза кафолат муддатида берилган бўлса, даъво қўзғатиш муддати камчиликлар хусусида ариза берилган кундан эътиборан ўта бошлаши белгилаб қўйилган.

Даъво муддатини тиклаш эса Фуқаролик кодексининг 159-моддаси орқали амалга оширилади. Унга кўра, суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, бузилган ҳуқуқ ҳимоя қилиниши керак.

Даъво муддатини ўтказиб юбориш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида юз берган бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкин. Фуқаролик кодексида эса ўтказиб юборилган даъво муддатини тиклаш учун қандай сабаблар узрли деб топилиши мумкинлиги белгиланмаган. Бу муддатнинг ўтказиб юборилганлиги нафақат даъвогарнинг шахси билан, балки бошқа ҳолатлар бўйича ҳам узрли деб топилиши мумкинлиги ҳақидаги хулосани беради. Давлат божи тўлашдан озод қилинмаган даъвогарнинг ҳисоб рақамига асоссиз банд солинганлиги, оқибатда эса унинг судга мурожаат қилиш имконияти чекланганини бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

Яна бир муҳим масала – даъво муддатини тиклаш ҳақидаги аризани ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ариза даъво аризаси билан бирга, баъзи ҳолларда эса даъво аризаси иш юритишга қабул қилингандан кейин ёки ишни суд мажлисида кўриш жараёнида берилаётганини кузатиш мумкин. Агар даъвогар даъво муддатини  узрли сабаб билан ўтказиб юборган бўлса, ушбу муддатни тиклаш ҳақида судга ариза бериш имкониятига эга бўлади.

Умуман олганда, бу борада белгиланган тартиб-таомиллар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўриқлашга, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада мустаҳкамлашга катта ёрдам беради.

Азамат ХУШВАКОВ, фуқаролик ишлари бўйича

Қарши туманлараро суди судьяси

Report typo