Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

20.09.2018


УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

 БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ ҲАФТАДА 5 КУН ЎҚИШМОҚДА

 - Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда қатор ташкилотлар таклифига кўра, жорий йил март ойидан 1-синф ўқувчилари, янги ўқув йилидан 2-, 3-, 4-синфлар ўқувчилари ҳам ҳафтада 5 кунлик ўқиш тартибига ўтди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими раҳбари Мавлуда Тошева. - Бу ёшдаги болаларнинг кўпи ўйинқароқ бўлиб, бу диққатни жамлай олмасликка сабаб бўлади. 5 кунлик ўқиш тартибига ўтилиши муаммонинг ечими. Аввал 1 кун дам олган бола энди 2 кун оила даврасида бўлади. Бу пайтда улар ўзлари қизиққан фан ёки спорт тўгарагига қатнаши, саёҳатга, кино, театр, истироҳат боғларида маданий ҳордиқ чиқариши мумкин.

 ҲАЁТИЙ ФАОЛИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ ФАНИ ЎТИЛАДИ

 Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш-барча риоя этиши керак бўлган муҳим жараён. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланди.

 - Ҳафтанинг ҳар жума куни Республика бўйлаб “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” ўтказилади, - дейди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, йўл патрул хизмати батальони штаб бошлиғи   Отабек Дўстмуродов. - Ушбу кунда йўл транспорт ҳодисаси энг кўп содир этилган ҳудудлар аниқланади ва фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жалб этган ҳолда, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Ўқув йили давомида мактабга туташ ва яқин бўлган йўлларга йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари жойлаштирилиши, мактабларда йўл ҳаракати қоидалари, ёнғинларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўқув дастурларини ўз ичига олган “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мажбурий фани жорий этилиши мактаб ўқувчилари иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 Болалар боғчаларида йўлларда, чорраҳаларда ва  пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асослари ўргатилса, ўқувчиларнинг йўлларни кесиб ўтишда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Маҳалла посбони”, ҳарбий чақирувга тайёрлаш фани ўқитувчилари ва Ёшлар иттифоқи етакчиларидан йўл ҳаракати жамоатчи навбатчиси фаолияти йўлга қўйилади.

 ИЖАРА ДАРСЛИКЛАРИ ЙЎҚОТИЛСА, ЖАРИМАСИ БОР...

 Тизимдаги янгиликлардан яна бири, 1-11-синфларга мўлжалланган дарсликларнинг электрон шакллари  www.eduportal.uz  ахборот-таълим порталига жойлаштирилиши бўлди. Ушбу портал орқали керакли дарслик ва қўлланмаларнинг электрон шаклидан фойдаланиш ёки кўчириб олиш мумкин.

 Илгарилари дарсликларни тайёрлаш ва етказиб беришда қатор муаммолар бўлиб, бу ўқитувчилар ва ўқувчиларга ҳамда ота-оналарга қийинчилик туғдирар эди. Хусусан, ўтган ўқув йилида дарсликларнинг умумий сонидан 47 фоизи келган, қолган қисми эса ўқув йили давомида (май ойига қадар) етказиб берилган бўлса, жорий ўқув йилида бундай муаммоларнинг олди олинди. Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсликларни белгиланган муддатда жойларга етказиб бериш оптималлаштирилди ва ўқув йили бошидаёқ дарсликларнинг 94 фоизи таълим муассасаларига топширилди.

 Бу ишларга ҳамоҳанг ижарага берилган дарсликлар ёки ўқув-методик қўлланмалар фойдаланувчи томонидан йўқотилса ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келтирилса, зарарнинг ўрни худди шундай дарсликлар ёки қуйидаги миқдорлардаги жарималар билан қопланади. Жумладан, ҳар бир дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар учун 1-синф ўқувчилари ўша дарсликнинг бир баравари миқдорида жарима тўлашса, 2-4-синф ўқувчилари икки баравар, юқори синф ўқувчиларига эса тўрт баравар этиб белгиланди.

 ДИРЕКТОРЛАРНИ КУЗАТУВ КЕНГАШИ САЙЛАЙДИ

 2018 йил 1 октябрдан бошлаб, мактабларнинг васийлик кенгашлари тугатилиб, унинг ўрнига таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар киритиладиган кузатув кенгашлари ташкил этилади. Ушбу кенгаш вазирлик томонидан тавсия этилган номзодлардан умумтаълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш ҳуқуқига ҳам эга.

 Умумтаълим муассасаларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тузилган жамоатчилик кенгаши аъзолари таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиши, ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиши, педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти бўйича ижтимоий сўровларни ўтказиш ҳамда таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда ҳам иштирок этади.

 МАКТАБ РЕЙТИНГИГА ҚАРАБ ТЕКШИРИШЛАР БЕЛГИЛАНАДИ

 - Сўнгги йилларда назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан умумтаълим мактабларини текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетган эди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими раҳбари Бобоқул Қорабоев. – 2019 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаблар фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилади. Бунда назорат қилувчи органлар томонидан тайинланадиган текшириш даврийлигини белгилашда умумтаълим муассасасининг рейтингда эгаллаб турган ўрнига қаралади.

 АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРАДИ

 2019 йил 1 январга қадар ўқитувчи кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибининг қайта кўриб чиқилиши соҳага билимли кадрларни жалб этишга хизмат қилади.

 Бунда ўқув режалари ва дастурларини оптималлаштириш, инновацион, шу жумладан, масофавий педагогик усуллардан кенг фойдаланиш, ушбу жараён самарадорлигини бутунлай ошириш назарда тутилади.

 Таълим фидойиларини қувонтирган янгиликлардан яна бири, 2019 йил 1 январдан бошлаб мактабларда ишлаётган пенсионер ходимларга уларнинг ушбу муассасалардаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланганда пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши бўлди.

 Жаҳондаги ривожланган давлатларда таълим тизимига берилган эътибор туфайли соҳа жадал тараққий этганини кўриш мумкин. Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлардан ҳам шундай самара кутилмоқда.

             Сожида АЛЛАЁРОВА

 

Report typo