Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

04.10.2018


ҲУНАРДАН ЗАР УНДИРАЁТГАН ЗАРДЎЗ

Сўнгги бир асрдан кўпроқ вақт давомида эса илм-фан, техника мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Бугун, айниқса,  ишлаб чиқариш ва саноатда асосий вазифани техник қурилмалар, роботлар бажармоқда. Шунга қарамай, анъанавий ҳунармандчилик янада ривожланиб, қўл меҳнати билан яратилган табиий ва бежирим буюмларнинг қадри ортиб бораяпти.

Айниқса, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар соҳа равнақида муҳим омил бўлмоқда. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб ўз фаолиятини янада ривожлантираётган, ишлаб чиқарган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга етказиб бераётган, шогирдлар тайёрлаб, уларни иш билан таъминлаётган ҳунармандлар сони кўпчиликни ташкил этади. Косон туманилик Майрам Баҳромова ҳам улардан бири.

Ўзи истиқомат қилаётган Жиззали маҳалласи, шунингдек, қўшни маҳаллаларда бу аёлни билмайдиган киши йўқ. Унинг хонадони доимо одамлар билан гавжум. Кимдир келин сепларини, ёстиқ жилдларини, турли кашталарни буюртма қилиш учун келса, унга шогирд тушишга ҳавасмандлар ҳам кўп.

- 26 йилдан буён миллий ҳунармандчиликнинг зардўзлик, каштачилик  йўналишлари билан шуғулланиб келаяпман, - дейди у. – Шу ҳунарим ортидан оилам фаровон, фарзандларимни ўқитаяпман, уйли-жойли қилаяпман. Қолаверса, кўплаб шогирдлар тайёрладим, фарзандларимга ҳам ўз ҳунаримни ўргатдим. Ҳозир қизим ва келиним ҳам шу ҳунарни пухта эгаллаб, ўзлари алоҳида фаолият юритишмоқда. Доимий иши бор, рўзғорига даромад келиб туради. Мен бундан жуда фахрланаман. 

Майрам Баҳромованинг таъкидлашича, ҳунармандчилик энг аввало иштиёқ, сабр ва матонат билан меҳнат қилиш дегани. Айниқса, зардўзлик, каштачилик ишида қизиқиш, маҳорат билан бир қаторда, матонат ҳам асосий ўринни эгаллайди. Ўзида ана шу уч жиҳатни ўзаро уйғунлаштира олган кишигина ҳунармандчиликда юқори натижаларга эришиши мумкин.

- Баъзида битта кашта устида ҳафталаб, ойлаб ишлашимизга тўғри келади, - дейди у. – Лекин шунга яраша, ўша каштанинг қиймати ҳам баланд бўлади. Мисол учун, келинларнинг сепини ўрашда ишлатиладиган айрим кашталарнинг машинада тикилган нусхалари ҳам бор, у уч-тўрт баробар арзон, лекин кўпчилик қиммат бўлса-да, қўлда тикилганини харид қилади. Боиси қўлда тикилган кашта бир томондан бежирим ва табиий бўлса, иккинчи томондан унинг ҳар бир чокида зардўзнинг машаққатли меҳнати, меҳри, санъати акс этиб туради. Ана шу жиҳати билан қўлда тикилган кашталар доимо эътиборни ўзига жалб этади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугунги кунда миллий ҳунармандчилик туризмнинг ҳам асосий тармоқларидан бирига айланиб бормоқда. Юртимизга ташриф буюрадиган ҳар бир сайёҳ, албатта, ҳунармандларимиз томонидан яратилган, халқимизнинг миллий қадриятларини ўзида акс эттирган буюмларни ҳайратланиб томоша қилади, уларни харид қилиб, юртига олиб кетади.

Шу талабдан келиб чиққан ҳолда, Майрам Баҳромова анъанавий либос ва кашталар билан бир қаторда, миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс эттирган кичик зардўзлик буюмлари, либослар, кашталар, турли совғабоп аксессуарлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Уларнинг асосий буюртмачилари эса сайёҳлик хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар, туристлар кўп келадиган ҳудудларда савдо қилувчи тадбиркорлардир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: ҳунарманд фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo