Хўш, ижтимоий дорихона нима? У қандай фаолият юритади? Ушбу саволлар билан “Қашқадарё Дори-Дармон” акциядорлик жамияти фармацевтика ишини ташкил қилиш ва назорат директори Қаҳрамон САЙДУЛЛАЕВга мурожаат қилдик.
- Ижтимоий дорихона соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат-хусусий шериклик асосида, юридик шахс ёки унинг таркибий бўлинмаси шаклида ташкил этилган ихтисослаштирилган ташкилот ҳисобланади, - дейди Қаҳрамон Сайдуллаев. - Ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чакана нархларда, харид нархининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдордаги энг кам чакана савдо устамаси билан, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга фармацевтика маҳсулотлари қатъий белгиланган нархларда сотилади.
Мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этишда Президентимизнинг жорий йилдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Унинг ижроси доирасида вилоятимизда 144 та ижтимоий дорихона ишга туширилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ташкил қилинган ушбу дорихоналарнинг асосий вазифаси аҳолига сифати кафолатланган, арзон нархлардаги дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш, 13 тоифадаги шахслар ва беморларни имтиёзли асосда шифокор рецепти асосида дори-дармонлар билан таъминлашдан иборатдир.
Бундай дорихоналар вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида жойлаштирилди. Бу билан рецепт ҳам, дори ҳам бир ердан олинишига эришилади.
Мутахассислар фикрича, айни пайтда юртимизда ўсадиган 4 минг турдаги гиёҳнинг 500 хили доривор ҳисобланади. Бироқ улардан фақат 61 туригина тиббий мақсадлар учун маданий усулда етиштирилади. Дори маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқаришни кўпайтириш талаби табиатга чуқур илмий асосланган ҳолда ёндашишни тақозо этади. Шу билан бирга, маҳаллий дори маҳсулотларининг сифати хориждан импорт қилинаётганидан кам бўлмаслигига эришиш лозим. Шу асосда иш олиб бораётган тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган экспорт ўрнини босувчи дори-дармонлар, суюқлик қуювчи жиҳозлар, суртма малҳамлар, таблетка, турли гиёҳлардан шифобахш дамламалар ижтимоий дорихоналардан жой олмоқда.
Чекка ҳудудлардаги ижтимоий дорихоналарни дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида акциядорлик жамиятимиз тасарруфида махсус жиҳозланган 1 та “Isuzu” русумли изотермик автофургон ҳамда 9 та “Damas” русумли автомашиналар негизида кўчма дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган.
Ўйлайманки, амалиётга татбиқ этилган ижтимоий дорихоналар аҳоли учун муҳим қулайлик бўлди.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.