Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

07.01.2022


Университетга молиявий мустақиллик нима беради?

Қарор ва шарҳ

Мамлакатимиз Президентининг ўтган йил 24 декабрдаги қарорига асосан юртимизда янги йилдан бошлаб 35 та давлат олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилаяпти. Бу янгиликнинг биз - қашқадарёликлар учун алоҳида эътиборли томони, улар орасида вилоятимизнинг энг йирик олийгоҳи - Қарши давлат университети ҳам бор.

Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб бу олий таълим муассасаларига бир қатор масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилди. Улардан бири таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш бўлса, яна бири талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтиришдир.

Шу билан бирга молиявий мустақиллик берилган университет ва институтлар ўз ихтиёрига кўра таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилишади. Ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини ҳам бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб мустақил белгилашади.

Шунингдек, бу давлат ОТМлари профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш, ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш ҳамда хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилишда ҳам мустақил бўлишади. Айни пайтда бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартиби ва автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити, уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш масалаларида ҳам  юқори турувчи вазирликдан рухсат олмай иш кўради.

Президентнинг "Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларида барча таълим йўналишлари ва босқичлари бўйича бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдори ҳисоблаб чиқилади. Бунда давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида бир  талабага тўғри келадиган ўртача  харажат миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун бюджет маблағлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган битим асосида ажратилади (бундан мақсадли маблағлар, шу жумладан, стипендия тўловлари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимояси учун қонунчиликда белгиланган маблағлар, олий таълимдан кейинги таълим харажатлари ҳамда Президент ва ҳукуматнинг алоҳида қарорлари асосида ажратиладиган бошқа маблағлар мустасно). "Грант"га ўқийдиган талабалар учун ажратилган бюджет маблағлари (бундан мақсадли маблағлар мустасно) олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва ҳисобот даври охирида маблағларнинг қолдиғи олий таълим муассасаси ихтиёрида қолдирилади. Давлат буюртмаси сифатида ажратилган маблағлар ҳамда тўлов-контракт маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси тегишлилиги бўйича юқори турувчи вазирлик ва идорада рўйхатдан ўтказилади ҳамда улардан фойдаланиш Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси учун белгиланган тартибга ўхшаш тартибда амалга оширилади. Бунда молия йили давомида даромадлар ва харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар Молия вазирлиги билан келишилмайди.

Энг муҳими, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб, бироқ олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш, истиқболда ривожлантириш учун зарур миқдор ҳамда таълим хизматлари бозоридаги ўзаро рақобат асосида, тегишли йўналиш бўйича давлат олий таълим муассасаларидаги базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади. Бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари кесимида қабул шартларида тўлов-контракт қиймати табақалаштирилган миқдорларда белгиланиши мумкин.

Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш кузатув кенгашларининг асосий ваколатларига киради. Шунингдек, кузатув кенгашлари университет ва институтларнинг ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлайди, уларнинг ижросини муҳокама қилади. Таълим йўналишлари, мутахассисликлар ҳамда ихтисосликлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилайди. Олий таълим муассасаси олдига қўйилган вазифалар ижроси, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати бўйича ректор ва проректорлар фаолиятини ўрганиб, ахборотини эшитади. Олийгоҳнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматига молиявий назорат ўтказиш учун қўшимча топшириқ беради ҳамда назорат тадбирларининг натижаси юзасидан ҳисобот олади. ОТМни ривожлантириш ва унинг молиявий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этади, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишида мақсадли капитал жамғармасини шакллантиради.

Бундан ташқари, кузатув кенгаши илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларининг инновацион ва бошқа жамғармалар маблағларини сарфлаш тартиби ва йўналишларини мустақил белгилайди. Раҳбар ва ходимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолиятига баҳо беради, улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқлайди. Университет, унинг ҳузуридаги таълим ва илмий муассасаларнинг раҳбари ва ходимлари, профессор-ўқитувчилари, шунингдек, хорижий мутахассислар учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартибини мустақил    белгилайди. Олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади, шу жумладан, харажатларнинг тақсимланиш улушини мустақил тасдиқлайди.

Дарвоқе, мамлакат Президентининг айнан 2021 йил 24 декабрдаги бошқа бир қарори - давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жамланган ҳужжатга мувофиқ, шу йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларида васийлик кенгашлари тугатилди. Ўрнига таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари ташкил этилмоқда.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Report typo