Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

18.01.2018


УНУТИЛАЁТГАН УДУМЛАР

БИР ЖУФТ ЁСТИҚ ҲИКМАТИ

Халқимизнинг энг йирик ва муҳим оилавий маросимларидан бири - никоҳ. Никоҳ икки ёшнинг бир оилага бирлашишини, илгари бегона бўлган хонадонлар қариндошлик риштасини боғлаши, ҳаммаслак иш олиб боришини англатади. Азалдан янги оила қурган ёшларга “Бир ёстиққа бош қўйди” деган ибора қўлланади. Бу биргина жумла негизида оила қурган ёшларнинг ўзаро тотувлиги, оиланинг муқаддаслиги каби маънолар мужассамлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга, айни шу иборанинг келиб чиқиши билан боғлиқ одат ҳам борки, бугунги кунда кўпчилик буни унутаёзди.

Яқин-яқингача ўзбек қизлари - бўлажак келинчаклар ўз сеплари учун ҳар хил каштачилик буюмларини ўзлари тикишлари лозим бўлган. Кашталар қанчалик нозик, чиройли бўлса, тўй куни қизнинг маҳорати шунчалик юқори баҳоланарди. Оналаримиз, опаларимиз ҳам қалб қўри, кўз нурини қўшиб, каштага меҳр билан чок урар экан, икки ёшнинг бахти, иқболи учун ниятлар айтишган. Момолар эса, албатта, келин-куёв учун махсус бир жуфт ёстиқ тайёрлашган. Бу ёстиқ – бирдамлик, бирлик, ҳамжиҳатлик рамзи саналган. Қолаверса, бу - эр-хотин бир ёстиққа бош қўйдими, энди умрининг охиригача бирга-бирга, жуфт бўлиб яшаши шартлиги, эрнинг сирини хотин, хотиннинг ташвишини эр ўзиники деб билмоғи лозимлигига ишора бўлган.

Бугун эса бу удум анча ўзгарди. Келинларимиз сепига назар солсангиз, барчаси ўзга халқларнинг қадриятларига асосланган буюмлар. Хориж сериалларида кўрган мебель ва қимматбаҳо кийим-кечаклар. Ёстиқлар ҳам айрича. Момоларимиз, оналаримиз дуолари, орзулари қўшиб тикилган каштали ёстиқлар эса йўқ. Гўёки улар ҳозир эскирган. Европадан кириб келган сирти ялтироқ, соғлиқ учун ҳам фойдаси бўлмаган матодан тикилган ёстиқлар, буюмлар билан бирга айрим ғарбона одатлар - ҳурматсизлик, оилага беписанд ёндашиш, мол-давлатга ружу қўйиш, эрни менсимаслик ва оилада ўз ҳукмини ўтказиш каби одатлар ҳам кириб келаётгандек гўё.

“ҲОТЛАНЧ”ДАН ЧЎПОН ШЎРВА АФЗАЛ

Телеканалларда зўр бериб, “ҳотланч” рекламаси эфирга узатилади. Хориж технологияси асосида тайёрланадиган бу таом бор-йўғи 5 дақиқада тайёр бўлиши билан қулай. Реклама ролигидаги ранг-баранг воқеаларга бой саҳна кўриниши ёшу қарини бирдек ўзига тортади. Айниқса, кун бўйи ишда юрадиган оналаримиз бир зумда ярим тайёр егуликни оила аъзоларига тортиқ қилиб вақтларини тежайди.

Ошқозонни алдовчи бу егуликнинг тўйимлилиги, соғлиқ учун фойда ё зарари эса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ачинарлиси, бу егулик ҳатто катталарнинг ҳам одатий овқатига айланган. Мутахассислар эса тинмай ортиқча вазн, камқонлик ва бошқа касалликлар кўпаяётганидан огоҳлантиради. Савол туғилади, нега илгари бу каби касалликлар бўлмаган?

Ҳар гал шу рекламани кўрар эканман, кўз олдимда момом тайёрлаб берган чўпон шўрва пайдо бўлади. Гарчи у пайтларда ярим тайёр егуликлар бўлмаган бўлса-да, ушбу овқатнинг мазаси тилимда қолган. Суви қочган нон бўлакларини косага жойлаб, устига пиёз тўғралади ва қовурилган гўшт ёки эритилган думба ёғидан бир қошиқ солиниб, қайноқ сув қуйилади. Ёғ мазаси нонга уриб, ажойиб таъм ҳосил бўлади. Тўйимли ва витаминларга бой чўпон шўрвани тайёрлаш учун ҳам 5 дақиқа кифоя. Ҳотланчдан фарқли томони, чўпон шўрва мутлақо табиий соф маҳсулотлардан тайёрланиб, тўйимли ва организм учун фойдалидир.

Оиламизда қўй гўштини қовуриб идишга жойлаб қўйиш одати момомдан қолган. Ҳар гал идишдаги қовурмани кўрганимда болалигим, момомнинг сўзлари қулоғим тагида жаранглайди: қўй гўшти ёш болаларнинг илигини тўлдириб,  қишки заифликнинг олдини олади.

БИЛАМИЗ, АММО АМАЛ ҚИЛМАЙМИЗ

Фарзандларимизнинг қулоқсиз, гап уқмас, шартаки, меҳнатдан қочиш, катталарни қадрламаслик, ахлоқсиз бўлиб қолишидан оилаларимизда менталитетимизга хос ҳурмат-иззатнинг гўзал намуналари унутилаётганини англаш мумкин. Қуйида ҳар биримиз билишимиз ва ҳар доим амал қилишимиз лозим бўлган одатларни келтириб ўтамиз.

Халқимизнинг ёзилмаган қонунларидан бири - эрта тонгда уйқудан уйғониш. Тамойилимизга асосан оила аъзолари қуёш нури ёйилмасданоқ уйғониши шарт. Аксинча бўлса, “Пешингача ухлама - ризқинг қийилади”, дея танбеҳ эшитамиз. Бу ҳақда диний таълимотимизда баъзи маълумотлар борки, қуёш чиқишидан олдин Аллоҳ ер юзига ризқ-барака улашади. Кеч турган киши эса бу насибадан қуруқ қолиши таъкидланади.

Эрта тонгда дарвозани очиш. Бу одат хонадонга қут-барака олиб келишига ишонишган, қоронғи тушгач эса дарвоза ва деразалар беркитилган.

Чақирилганда “Лаббай!” деб жавоб бериш, катталар иш буюрганда “хўп бўлади” дейиш.

Иш, ўқиш ёки зарурат юзасидан кўчага чиқаётган оила аъзолари албатта катталарнинг дуосини олишлари керак. Зеро, дуо ёмонликдан асрайди. Ёши улуғ одамлар эса халқимизда фариштага қиёсланади. Фариштанинг дуоси ҳам қиймати тенгсиз тилакдир.

Бирор иш бошлашдан аввал хонадон кексаларидан маслаҳат сўралади. Оилада фарзанд туғилганида, одатда биринчи фарзандга исмни оилабошилар қўйишади.

Оилада барча хонадон аҳли йиғилмагунча  дастурхон ёзилмайди ва таом тортилмайди. Дастурхон бошида бош кийим билан ўтириш ҳам унутилаётган удумларимиздан. Болажонларимизга дастурхон бошига келишдан аввал қўлни ювиш, оилавий бирга овқатланишнинг хусусиятлари, таомга аввал катталар қўл узатиши, сўнг барча овқатланиши мумкинлиги ҳақида тушунча бериш зарар қилмайди.

Эътибор берсангиз, азалдан ўзбек аёллари эрининг исмини тилга олмаган ва “ака” деб ҳам гапирмаган. Эрнинг ҳурмати баланд бўлган ва унинг исмини тилга олиш ҳурматсизлик ҳисобланган. Момоларимиз, оналаримиз турмуш ўртоғини қайниси ё синглиси номи билан, сўнг фарзанд кўришгач боласининг исми билан чақиришган. Бу одат бизнинг давримизга келиб анча заифлашиб қолди, чамамда. Бироқ эсдан чиқармаслик керак биз катталар ёш авлодга миллий қадриятларимиз моҳиятини англатишга масъулмиз.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo