“Qashqadaryo” газетасининг 2020 йил 15 сентябрь сонида “31 декабргача дарахт кесиш тақиқланган. Табассум маҳалласида ширкат ва милиция таянч пункти биносининг ёнгинасидан дарахт кесиб кетишди” сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда Қарши шаҳридаги маҳаллада юз берган ҳолат ифода этилган эди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мақолага муносабат билдирди:
“Ўрганиш давомида хақиқатан ҳудудда дарахтлар кесилганлиги аниқланди. Кесилган дарахтларнинг тўнкалари инспекторлар томонидан ўрганилганда, дарахтлар қуриган Калифорния тераклари эканлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йил 31 декабрига қадар дарахт кесишга мораторий эълон қилинган. Мораторий таъсир этмайдиган ҳолатлар, яъни дарахт табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдираётган бўлиши керак.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Завқи Ниёзов билан суҳбатлашилганда, у дарахтлар қуриганлиги сабабли кестириб ташлаганини таъкидлади.
Дарахтлар қуриган бўлгани билан экоинспекторларнинг хулосасисиз уларни кесиш мумкин эмас. Балки ширкат раиси мазкур талабни билмас, бироқ бу жавобгарликдан озод қилмайди.
Шунга кўра, Завқи Ниёзовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 162-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва базавий ҳисоблашнинг беш баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди”.