Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

27.03.2017


ҚУРИЛИШИ ТУГАЛЛАНМАГАН ОБЪЕКТЛАР ВА ФОЙДАЛАНИЛМАЁТГАН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАЙДОНЛАРИ

Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган асосий вазифалар, вилоятимизда мазкур ҳужжат талабларидан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишлар хусусида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Ўктам Нусуров қуйидагиларни гапириб берди:

- Айни вақтга қадар вилоятимиз бўйича 5 мингга яқин корхона ва объектлар давлат тасарруфидан чиқарилган. Мулкка эгалик ҳуқуқини олган аксар ташаббускор тадбиркорлар эса ушбу объектларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали ҳудуд иқтисодиёти барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Бироқ айрим мулкдорларнинг қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдалана олишга ноқобиллиги кўзга ташланмоқда. Улар бозор конюктурасига мослаша олмаяпти, бозор маркетинги ва бошқарув менежментини тўлиқ англаб етмаяпти. Натижада иқтисодий муаммолар юзага келмоқда, корхона фаолияти тўхтаб қолмоқда. Мана шундай корхона ва объект мулкдорлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этишга яқиндан ёрдам бериш ва фаолиятини тиклаш ҳозирги кундаги энг долзарб масала ҳисобланади.

Ушбу қарорга мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш жойлари барпо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади. Яъни ушбу объект ва ишлаб чиқариш майдонларини хўжалик фаолиятига тезкорлик билан жалб этиш механизми жорий этилади. Мазкур механизм давлат мулкини хусусийлаштириб олган, аммо бугунги кунда ишлаб чиқаришни ташкил этишда муаммо ҳамда тўсиқларга дуч келаётган мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади.

Қарорда илгари хусусийлаштирилган корхона ва объектларга қуйидагича изоҳ берилган. Унга кўра:

давлат томонидан хусусий мулк қилиб берилган (шу жумладан устав капиталига берилган, сотилган ва бошқа усуллар билан бошқа шахсга берилган) кўчмас мулк объектлари, кейинчалик мулкдорлар ўзгарганидан қатъи назар, илгари хусусийлаштирилган бинолар, нотурар жойлар ва қурилиши тугалланмаган кўчмас мулк объектлари сифатида;

илгари хусусийлаштирилган бинолар ва нотурар жой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотурар жой хонаси контури доирасида) сўнгги 12 ой мобайнида товарлар  ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизмат кўрсатиш)да фойдаланилмай келинган бўлса, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида;

қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатида белгиланган норматив муддатларда тугалланмаган, қурилишнинг белгиланган норматив муддати мавжуд бўлмаган тақдирда - қурилиши бошланган санадан бошлаб 24 ой мобайнида қуриб битказилмаган ҳолларда илгари хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари қурилиши тугалланмаган объектлар сифатида эътироф этилади.

Қарор ижроси доирасида вилоятимизда Идоралараро комиссия тузилди. Ушбу комиссия жойларда илгари хусусийлаштирилган ва қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш, ўтказилган хатловлар якунлари бўйича тегишли рўйхатни шакллантириб бориш, мазкур объектларнинг мулкдорлари билан биргаликда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек янги иш жойлари яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларга ёрдам бериши белгиланган.

Шунингдек, тижорат банкларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, ижарачиларига 5 йил муддатгача, имтиёзли даври 12 ой бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, ўрганиш давомида инвестиция лойиҳасини амалга оширмаганлиги тўғрисида хулоса олган мулкдорлар бир қатор имтиёзлардан маҳрум этилади. Жумладан, хусусий мулк қилиб берилган қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари шу вақтга қадар соддалаштирилган солиққа тортилган бўлса, кейинги ойдан бошлаб муклдорлар умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтказилиши, тегишли объект учун мулк ва ер солиқларини икки карра оширилган ставка бўйича тўлаши ҳақида огоҳлантирилади. Қарорда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно. Шунингдек, вилоят ҳокимлигига фойдаланилмаётган ёки номувофиқ фойдаланилаётган ер участкаларини олиб қўйиш, бўшаётган ер участкаларини захира ерлари тоифасига ўтказиш ваколати берилмоқда.

Мазкур қарор ижроси бўйича вилоятимизда ҳам қатор табдирлар амалга оширилмоқда. Дастлабки ўрганишлар натижасида ҳудудда 118 та илгари хусусийлаштирилган корхона ва бино-иншоот бўш турганлиги аниқланди. Уларнинг мулкдорларига эса ўз эгалигидаги бўш турган ушбу ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлардан дарҳол мақсадли фойдаланиш чораларини кўриш лозимлиги тушунтирилди, акс ҳолда бу бино-иншоотлар ва ер участкаларига нисбатан кўпайтирилган солиқ ставкалари ва суммалари қўлланиши белгиланди.

Шундан сўнг Идорлараро комиссияга 92 нафар мулкдор ўз тасарруфидаги бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни кўзда тутувчи бизнес-лойиҳаларини тақдим этди. Унга кўра, мазкур корхона ва объектларга таъсисчиларнинг 16,1 миллиард сўмлик ўз маблағи ҳамда тижорат банкларининг 57,3 миллиард сўм миқдоридаги кредитлари, жами 73,4 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиши ҳисобига ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, бунинг самарасида 1890 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган. Қолган 26 нафар мулкдор билан ҳам бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мисол учун, "Қашқадарё агросервис" МТП МЧЖнинг 6 филиалида илгари хусусийлаштирилган ишлаб чиқариш майдони ва биноларнинг 50 фоиздан кўпроғи анчадан буён фойдаланилмай келаётганлиги аниқланди. Мулкдор билан ҳамкорликда жами 10,4 гектар бўш турган майдон ва бинолардан фойдаланишни ташкил этиш юзасидан бизнес-лойиҳа ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2017-2018 йиллар давомида жамият филиалларига 12 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб этилади.  Бунинг ҳисобидан техника паркини кенгайтириш, иссиқхона ва интенсив боғ барпо қилиш, паррандачилик ва чорвачилик тармоқларини йўлга қўйиш ва 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, Қарши туманидаги фойдаланилмаётган собиқ "МКК-21" бино ва ёрдамчи биноларининг мулкдори ҳисобланган "Барча йўналишлар савдоси" МЧЖ томонидан 2,8 миллиард сўм миқдорида инвестиция йўналтирилиши эвазига мевани қайта ишлашни йўлга қўйиш, харидоргир мева экстракти ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва 30 кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Ғузор туманидаги бўш турган "Ёшлик оромгоҳи" биносини мулк қилиб олган фуқаро Муҳаббат Қурбанова ҳам тадбиркорлик таклифини илгари сурган. У 600 миллион сўм миқдорида маблағ жалб этиш ҳисобига бинони зарур кўринишда жиҳозлаб, маълум муддат ўтгач бу ерда маросимлар ўтказиш ва умумий овқатланиш хизматини кўрсатишни бошлайди. Тақдим этилган лойиҳага кўра, корхонада 15 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган тадбирлар бўш туриб қолган ва фойдаланилмаётган корхона ҳамда объектлар негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиши ёки хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилиши, янги иш жойлари яратилишига кенг шароит ҳозирлаши билан муҳимдир.

М.ШУҲРАТОВ ёзиб олди.

Report typo