Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерзод ЖАҲОНГИРОВ

21.08.2018


ҲУРМАТИНИ БИЛМАГАН МЕҲМОН

Жасур бир куни бошқа маҳаллада яшайдиган синфдошиникига меҳмонга борди. Унинг оиласидагилар меҳмонни яхши кутиб олиб, ҳурмат-иззатини жойига қўйишди. Анча вақт суҳбатлашишгач, тунда ҳам ётиб қолишини сўради. Аслида ҳам бирор тайинли иши, шошадиган жойи бўлмаган Жасурга бу гап маъқул тушди. У шу куни синфдошиникида қолди.

Ҳали тонг ғира-шира оқариб келаётганида уйғониб кетган Жасур ёнига қаради. Синфдоши Ҳамид ва унинг укаси ҳали қотиб ухлаб ётарди. Жасурнинг эътиборини бош томонларида турган қўл телефонлари тортди. Ҳар иккаласи ҳам замонавий, чиройли телефонлар эди. Уларни қўлига олиб, уёқ-буёғини айлантириб кўргач, дарров фикри бузилди. Бу буюмлар ўзиники бўлиб қолишини истади. Иккала телефонни ҳам чўнтагига тиқиб, кетишга шайланди.

Жасур ўғирлик қилаётгани - ёмон ишга қўл ураёганини англаб турарди. Ўғирлик қилгандан  кейин иккита телефон ўғирлайдими, кўпроқ нарсами нима фарқи бор? Шу фикрга келган йигит апил-тапил ётоқхонадаги бошқа нарсаларни ҳам титкилай бошлади. Тез орада стол устида турган кўзойнак, шкаф тортмасида турган эркаклар атири, айвондаги дераза токчасида турган, синфдошининг опасига тегишли бўлган қимматбаҳо телефон аппарати ҳам унинг чўнтагидан жой олди. Шу тариқа уйдан секин чиқдию, жўнаб қолди.

Мезбонлар уйғонишган вақтда уйда Жасур ҳам, уч дона қўл телефони, яна анча-мунча буюмлар ҳам йўқлигини пайқашди. Улар меҳмондан буни кутмаганди. Шу боис аввалига бу ҳақда бировга айтишга истиҳола ҳам қилишди. Аммо Жасур қилган иши учун жавоб бериши, ҳар қандай жиноятга нисбатан жазо муқаррарлигини англаб етиши лозим эди. Шу боис бу ҳолат ҳақида милиция ходимларига хабар беришди.

Тез орада қўлга олинган Жасур Қодиров ўзи меҳмонга борган хонадондан ўмарган барча буюмларни қайтарди. Қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди. Энг ёмони, нафс қутқусига учиб, қилган нотўғри иши унинг ҳаётидаги бир умрлик доғ бўлиб қоладиган бўлди.

 

Шерзод ЖАҲОНГИРОВ,

Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор

Report typo