Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига мувофиқ 71 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Хўш, бу иш ўринлари ниманинг ҳисобидан яратилади? Аҳоли бандлигини таъминлашдаги кўзбўямачилик, фақат қоғозда иш ўринлари яратиш яна давом этадими ё аҳвол яхши томонга ўзгарадими?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 январь куни мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш жараёнларини самарали механизмлар бўйича тизимли ташкиллаштириш борасида аниқ кўрсатмалар берганди. Шундан келиб чиқиб, бандлик масаласи, бу борадаги олдинги дастурлар ижроси тегишли вазирликлар доирасида ўрганилди, чуқур таҳлил қилинди. Шу асосда жорий йилги бандлик дастури мутлақо янгича шаклда ишлаб чиқилди.
Унга мувофиқ, ҳокимликлар ҳузурида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини самарали механизмлар асосида ишга жойлаштириш ишларини тизимли ташкиллаштириш бўйича ишчи комиссиялари ташкил этилди. Комиссия режасига мувофиқ, жорий ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини тамомлайдиган 46 минг 783 нафар ўғил-қизга турли корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 5 минг нафардан ортиқ раҳбар ходимлари бириктирилди.
Ҳисоблаб кўрсак, ҳар бир масъулга ўртача 11 нафардан битирувчи тўғри келади. Бу албатта жуда кўп эмас. Улар ўзларига бириктирилган коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга, фуқаролик паспорти олишлари билан уларга солиқ тўловчининг идентификация рақами, жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи очилиши ишларига яқиндан кўмаклашади. Бундай ёндашув битирувчининг амалда ишли бўлишида муҳим аҳамиятга эга.
Агар бандлиги таъминланган битирувчининг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига пул тушмаса, тўрт томонлама шартномани имзолаган томонлар - иш берувчи, коллеж маъмурияти ва ҳокимлик тенг жавобгар саналади ва масалага тезда ойдинлик киритиб, тегишли чора-тадбир белгилаши зарур бўлади.
Маълумотларда қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида 16 минг 401 та иш ўрни ташкил этилиб, тегишли дастур кўрсаткичи 100,6 фоизга бажарилди.
Қаранг, ортиғи билан. Рақамлар ҳам залворли, бироқ бу иш ўринлари амалда тўлиқ борми ё ярми қоғоздами?
Вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Абдурауф Қодиров тақдим этган маълумотларга таянадиган бўлсак, яратилган иш ўринларининг ҳаққонийлиги ишчи комиссия томонидан ўрганиб чиқилган, улар ҳақиқатда мавжуд. Булар саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инфратузилма объектларини ишга тушириш, фаолиятсиз объектлар фаолиятини тиклаш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш ҳисобига ташкил этилган.
Шу билан бирга, мониторинг натижаларига кўра, турли ташкилотларда 587 та бўш иш ўрни мавжудлиги аниқланган. Бўш иш ўринларини атайлаб яширган 107 нафар мансабдор шахсга нисбатан салкам 40 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.
Маълумотларга кўра, вилоятда коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида шу йилнинг ўтган даврида оз эмас, кўп эмас, нақ 57 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилибди. Уларда иштирок этган 31252 нафар иш изловчининг атиги 2228 нафари ишга жойлашишга йўлланма олган. Энди бир савол туғилади: шунча бўш иш ўрни таклиф қилинсаю қандай қилиб ва ким буни рад қилиши мумкин? Умуман, бу каби ярмаркаларда таклиф этилаётган бўш иш ўринлари ҳақиқатдан ҳам бўшми? Унда нега бундай ярмаркалардан натижа йўқ?
- Айтиш жоизки, ярмаркада бўш иш ўринлари билан қатнашган корхона ва ташкилотлар асосан иш изловчиларга олий маълумотли мутахассисга бўлган талабни кўндаланг қўйишади, - дейди Абдурауф Қодиров. - Шунинг учун ярмаркалар орқали ишга жойлашиш кўрсаткичлари пастлигича қолиб кетаверади. Энди иш берувчилардан профилни ўзгартириш, коллеж битирувчилари мутахассислигини ҳам ҳисобга олиш талаб қилинади. Шу асосда бундан буёғига ярмаркалар номига ўтказилмайди, иш берувчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга қатъий эътибор қаратилади.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, масъулиятни ошириш, эътиборни кучайтириш ҳақида ҳар йили гапирилади. Бу борада ўзига хос ёндашувлар, усуллар ишга солинади. Лекин негадир ишда барибир силжиш кузатилмайди.
Масъул энди ярмаркалар номига ўтказилмайди, деяпти. Йилнинг эса ярми ўтиб бораяпти.
Бугун иш излаб юрганларнинг аксарияти эса биринчи навбатда меҳнат органларига мурожаат қилишади. Хўш, вилоят меҳнат бошқармаси томонидан уларга қандай ёрдам кўрсатилаяпти?
- Жорий йилнинг ўтган даврида 83 нафар коллеж битирувчиси Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги бандлик бўйича ўқув марказларида ўқитилган ва бугун улар ишга жойлашган, - дейди бошқарма бошлиғи. - Уларнинг ўқиши учун 25 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Таассуф, минглаб иш ўрни ҳақида гап кетаётганда бу рақам жудаям кичиклик қилмайдими?! Ушбу кўрсаткич йил охирига қадар 3 марта ошганда ҳам масала ижобий томонга ўзгариб қолмаса керак?
Вилоят меҳнат бош бошқармаси томонидан ишга жойлаштирилди, деб рўйхатга олинган фуқаролар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти ҳалиям иш излаб юрганини айтишди. Масалан, Қарши туманидаги Дашт қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Санжар Ҳақбердиев бундан 1 ойлар муқаддам бошқармага иш сўраб мурожаат қилган. Мутасаддилар уни кўп куттирмасдан, дарровгина бир ташкилотга йўлланма билан жўнатишган. У ерда эса сўралган иш ўрни йўқ экан.
- Аввалига ишим осонгина битганидан хурсанд бўлгандим, аммо эрта қувонган эканман, - дейди иш изловчи. - Борган жойимда бўш иш ўрни йўқ экан. Бошқармадагилар аввал бўш иш ўрнини топиб, кейин йўлланма беришмайдими? Одамни бекорга овора қилишгани қолди. Энди ўзим мустақил равишда иш излаяпман.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, вилоят меҳнат бош бошқармаси мутасаддилари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, қонун доирасида кўриб чиқишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган. Салмоқлигина мурожаатлар, табиийки, иш изловчилардан бўлган. Аризаларга кўп ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни талабларига зид равишда муддатидан анча кечикиб, 42-44 кунда жавоб қайтарилган.
Бошқарма мутасаддилари мурожаат қилаётганларга баъзида антиқа хизмат кўрсатишаяпти. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, олий ўқув юртини молия йўналишида тугатиб келган бир фуқарога "Агробанк"нинг Яккабоғ туман филиали бошлиғи лавозимини таклиф этиб, йўлланма беришган. Банк бошлиғи лавозимида ишлаш учун ходим шу соҳада камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлиши лозимлигини бошқарма мутасаддилари наҳотки билишмаган бўлса?!
Бошқармада мурожаатларни ҳал этишнинг яна бир антиқа усули қўлланилмоқда, яъни мавжуд рўйхатдан вилоятдаги корхона ва ташкилотлар таваккалига, тусмоллаб танланади ва қайси тўғри келса, у ерда бўш иш ўрни бор-йўқлигидан қатъи назар, фуқарони ишга жойлаштиришни сўраб хат ёзишади. Энг ачинарлиси, жўнатилаётган хатнинг нусхасини мурожаат қилган фуқарога кўрсатиб, мана, ишингизни ҳал қилдик, дейишади-да, ундан ишга жойлашдим, деган мазмунда тушунтириш хати ёздириб олишади. Шу билан бир мурожаат ёпилади-қўяди. Ишсиз эса ишсизлигича қолиб кетаверади. Фақат қоғоз ва ҳисоботга киритиладиган рақамлар семиради, холос.
Бандлик - долзарб масала. Бу соҳада яширилган "касал"нинг "иситма"си жамиятда яққол намоён бўлади. Шундай экан, "қуруқ қоғоз" амалиётидан ҳаққоний ҳаракатга ўтишнинг вақти келди. Президентимиз таъкидлаганларидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, номигагина иш юритиш керак эмас.
* * *
Кўриб турганингиздек, бандликни таъминлаш дастури ижроси бўйича рақамларда кўп нарса акс этаяпти: ЭНДИ қилинажак ишлар, ЭНДИ ташкил қилинадиган иш ўринлари, ЭНДИ кучайтириладиган масъулият, ЭНДИ ошириладиган масъулият.
Яна бир жиҳати борки, меҳнат бош бошқармаси бошлиғи айтаётган ишга янгича ёндашув қанчалик самара беради - буни вақт кўрсатади. Меҳнат ярмаркалари энди буткул ўзгача тус олишига ҳам ишониш қийин. Чунки уларнинг номига ўтказилиши одатий ҳолга айланиб қолди. Шунга монанд коллеж битирувчиси ҳам иш излаб ярмаркага бормайди. Борганларига таклиф қилинадиган ишнинг эса битирувчи манфаатларига мос келмайдиган жиҳатлари кўп.
Кўрамиз: ҳали олдинда ярмаркалар кўп. Бир неча кундан сўнг эса вилоятимиздаги касб-ҳунар коллежлари 46 минг 783 нафар кичик мутахассисни "учирма" қилади. Ана шунда меҳнат органларининг амалдаги иши кўринади: ё битирувчилар ишли бўлади, ё бу борадаги тартиб-таомилларнинг аввалгилардан деярли фарқ қилмаслиги ва хўжакўрсинга экани яна юзага балқиб чиқади...
Шу билан бирга, жорий йилнинг 24 майида Президентимизнинг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам қабул қилиндики, мазкур ҳужжат билан бандлик масаласига буткул янгича ёндашув кўзда тутилди, меҳнат органлари тузилмаси такомиллаштирилиб, аҳолини иш билан таъминлашда устувор вазифалар белгилаб берилди.
Энди ҳаммаси меҳнат органлари мутасаддиларининг масъулиятни ўз зиммаларига ола билиши, галдаги вазифаларни нечоғлик чуқур ҳис этишига боғлиқ.
Мусо МУРОДОВ