Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

17.01.2020


ҒУРУР ВА ИФТИХОРГА ЙЎҒРИЛГАН БАЙРАМ

Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди. Сана муносабати билан ўтказилган туркум тадбирларда армия ва халқ якдиллиги ўз ифодасини топди.

Байрам тантаналари вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакилларининг Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишидан бошланди.

Шундан сўнг байрамнинг асосий тантаналари Қарши шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчасига кўчди. Йўлнинг ҳар икки томонида минглаб ўқувчи ёшлар, талабалар, ота-оналар ва бошқа қизиқувчилар саф тортди. Улар Қуролли Кучларимизда фойдаланиб келинаётган турли жанговар техникалар, махсус зирҳли машиналарнинг марказий кўча бўйлаб ҳаракатланишини ўзига хос мароқ ва ҳайрат билан кузатишди. Майдонда асов тулпорларни ўйнатиб, юртимиз байроғини баланд ҳилпиратиб юрган чегара қўшинларининг отлиқ аскарлари ҳам йиғилганлар қалбида жасорат, ватанпарварлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини янада  жўш урдирди.

- Менимча ўз давлатининг армиясидаги ютуқлар, аскарлар ҳаракатидаги ишонч ва жанговар ифода ҳар қандай кишига ўзига хос фахр туйғусини бахш этади, - дейди Қарши шаҳрилик Нодира Вафоева. - Бугунги байрамда буни яққолроқ ҳис этдик. Ҳарбийларимизнинг улкан жанговар техникаларни моҳирлик билан бошқаришини кўрганимдан кейин ҳайратим янада ошди.

Албатта, Ватан ҳимоячиси бўлиш дунёдаги энг масъулиятли ва шарафли касблардан биридир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.  Бугун жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб хизмат қилаётган, машаққатли меҳнати, керак бўлган пайтда эса ўзининг ҳаётини ҳам аямай Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли бурчини адо этаётган ҳарбий хизматчилар ҳар қанча эҳтиромга муносиб, лойиқ.

- Мен ҳам катта бўлсам, албатта ҳарбий бўламан, - дейди Қарши шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Асадбек Сафаров. - Акам ҳам ҳарбий хизматчи. У каби ота-онам, ҳамманинг тинчлигини қўриқлайман.

Ҳа, моҳир посбонларимиз бошқараётган, тепасида юртимиз байроғи виқор билан ҳилпираб турган қудратли жанговар техникалар шу куни қанчадан-қанча жажжи болакайлар қалбида  ҳарбийлик касбига иштиёқ, меҳр уйғотгани, бу касбни минглаб ёшларнинг орзусига, мақсадига айлантиргани айни ҳақиқат.

Байрамнинг расмий қисми вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Тантанали тадбирга вилоят фаоллари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ватанимизнинг тинч ва осудалиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти қалқони бўлган миллий армиямизнинг салоҳиятини янада юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини юқори даражага кўтариш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган вилоятимиз вакилларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбир вилоят санъат усталарининг катта концерт дастури билан якунланди.

* * *

Байрам муносабати билан ташкил этилган муҳим тадбирлардан яна бири Қарши шаҳрида барпо этилган  60 хонадондан иборат 2 та 5 қаватли уйнинг ўз эгаларига топширилиши бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Маълумки, Президентнинг 2017 йил 30 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жой қуриш  дастури тўғрисида"ги қарорига асосан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли, арзонлаштирилган уйлар қурилиб, имтиёзли кредит асосида берилмоқда. Уй нархининг 25 фоизи бошланғич бадал сифатида давлат томонидан тўлаб берилиши, қолгани учун банк томонидан берилган имтиёзли ипотека кредитининг 10 йил давомида тўланиши ҳам ҳарбий оилалар учун жуда катта енгиллик туғдирмоқда.

- Узоқ йиллардан буён ҳарбий соҳада фаолият юритиб келаяпман, - дейди асли Яккабоғ туманидан бўлган Ўткир Қурбонов. - Айни пайтда ҳам Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилмоқдаман. Уч нафар фарзандим бор, улар катта бўлишаяпти. Тўғрисини айтсам, шу вақтга қадар хизматдан ортиб, ўзимга уй-жой қура олганим йўқ эди. Чунки аксарият вақти ишда ўтадиган биз - ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қуриш анча оғир масала. Югур-югурлар учун вақтимиз бўлмайди. Ана шу вазиятни тушуниб, мушкулимизни осон қилаётган Президентимизга раҳмат. Мана энди ўз уйим бор, уй қуришим керак, деган ташвиш йўқ. Фарзандларимнинг  келажагидан кўнглим тўқ, бор эътиборимни ишимга қарата оламан.

Шу куни Қарши шаҳрида 4 қаватли, 64 хонадондан иборат хизмат уйлари ҳам фойдаланишга топширилди. Ойдин маҳалласида қад ростлаган бу уйда Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртида фаолият юритаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo