Бугунги кунда кўпинча "севишган"лар учрашадиган жой бўлиб қолган, ёдгорликнинг борлиги ҳам эсдан чиқаёзган. Ваҳоланки, "Шуҳрат қўрғони" Иккинчи жаҳон урушида душманга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган юртдошларимизни шарафлаш ва мудом ёд этиш мақсадида барпо қилинган. Мустақилликдан кейинги даврда бир муддат шу вазифани бажарган ҳам. Ҳозирда мазкур байрам билан боғлиқ асосий тантаналар Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонига кўчган.
Шу-шу "Шуҳрат қўрғони" шуҳрати ҳам аста-секин сўниб борган. Айни пайтда ёдгорлик бир қарашда аввалги фусункорлигини буткул йўқотгандек. Мажмуага кириб борган сайин бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз. Ободлик нафаси деярли уфурмайди. Асосий йўлакнинг икки тарафидаги экин учун ажратилган жўяклар гул кўрмай қақраб ётибди. Қатор тизилган фонарларга кўпдан бери чироқ қўйилмаган. Сўлғин, қуриб қолаёзган айрим дарахтлар ҳам киши кайфиятини хира қилади.
Қўрғон жуда қаровсиз деб ўйлагандим, бундай бўлиб чиқмади. Бир-икки киши у ер-бу ерни супур-сидир қилаётганига кўзим тушди. Улар ўзини Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчиси, деб таништиришди. Ёдгорлик кўпдан бери шу идора балансида экан. Улар мажмуанинг ободлигини таъминлашга масъул. Аммо катта майдонни қамраб олишга ишчиларнинг тўла қурби етмагани боис, қўрғон ҳудудидаги ерлар аҳолига экин-тикин қилиш учун бўлиб берилибди. Чорвага деб ўт ўстириб олишаркан. Четларида қурилиш қилинаверганидан қўрғон ҳудуди ҳам анча кичрайиб қолган. Хуллас, бу ердаги аҳвол абгор эканини пайқаш қийин эмас. Шу вақтгача ёдгорлик бирор марта таъмирланмаган. Мавжуд бинолар тўкилиб бораяпти.
- Тўғри, бундан кўз юмиб бўлмайди, - дейди бошқарма етакчи мутахассиси Шоира Юсупова. - Мисол учун, қўрғон таркибидаги музей авария ҳолатига келиб қолгани учун ёпилган. Кучли ёмғир ёғса, сувга тўлади. Бир томони чўкиб ҳам кетди. Икки мошин тупроқ ташлаб, эпақага келтирдик. Ўз кучимиз билан қилаяпмиз. Оқлаймиз, бўяймиз. Ҳеч ким маблағ ажратмайди бизга. Бир орада, 4-5 йилча илгари Тошкентдан, қайсидир вазирликдан одам келиб, кўрганди. Кейин таъмирлаймиз, пул ажратамиз, деб ҳам қолишувди. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Шу билан қолиб кетди. Ўтган йил иккита объект - Хотира хиёбони ва Шуҳрат қўрғонини ободонлаштиришга деб бюджетдан 5 миллион сўм беришганди. Бу маблағ нимага ҳам етарди оқлаш ва бўяшдан бошқа?!
Дарҳақиқат, мазкур мажмуа қиёфасини ўзгартириш, бу ерга сайёҳлар ташрифини кўпайтириш бўйича гап бўлган. 2013 йил 1 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилинган ва унга кўра тегишли даврда ҳудуддаги тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланганди. Аҳамиятлиси, Шуҳрат қўрғонини реставрация қилиш ва ободонлаштириш бўйича ҳам муҳим чора-тадбир белгиланган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бағишланган ушбу мажмуага давлат бюджети ҳисобидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Лойиҳа ижросини назорат қилиш ўша пайтдаги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича бош бошқарма зиммасига юклатилган.
Қаранг, бу ёдгорлик вилоятнинг муҳим туристик объекти бўлишига шароит яратилиши керак эди. Бу мақсад учун оз эмас, кўп эмас, 500 минг АҚШ доллари ажратиш режа қилинган. Ҳозирда бу 4,5 миллиард сўмга яқин маблағ дегани. Хўш, бу пул қайси мақсад учун ишлатилган? Афсуски, Шуҳрат қўрғони ободлигига бўлмагани аниқ. Акс ҳолда натижасини бугун ҳамма сезган, мажмуа яна одам қадами узилмайдиган ҳузурбахш масканга айланган бўларди.
Яна бир жиҳат. Мазкур ёдгорликнинг ўзига хослиги ўша давр учун илғор меъморий ечим асосида қурилганидадир. Уни барпо этишда маҳобатли ва мустаҳкам конструкциялардан фойдаланилгани яққол кўзга ташланади. Қолаверса, безак сифатида ишлатилган шиша мозаикалар ҳар қандай киши эътиборини тортмай қолмайди. Уларда урушга чоғланган ҳарбийлар, жанг саҳнаси, меҳнаткаш халқимиз вакиллари тасвирланган. Демак, мажмуани маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келадиган диққатга сазовор жойга айлантириш мумкин. Агар музей ҳам қайта ишга туширилса, бу мақсадга эришиш янада осонлашарди.
Фикримизча, мажмуага иккинчи ҳаёт бағишлаш учун унинг негизида давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида фаолият юритадиган маскан ташкил этиб, бу ишга бир қатор тадбиркорлик субъектларини жалб этиш керак. Фақат бу маскандан мақсадли фойдаланиш, бу жойни сўлим гўша, қолаверса "Ватанпарварлар боғи"дек доимо одамлар билан гавжум ва диққатга сазовор объектга айлантириш шарти билан. Шунда "Шуҳрат қўрғони" ўз шуҳратини тиклар ва Қарши шаҳрининг муҳим ташриф қоғози бўлиб қоларди. Бу ишни ҳозироқ бошласак, келгуси йил 9 май - Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланишига улгурармидик.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Муаллиф олган суратлар.