Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

03.05.2018


УРУШ ҚАТНАШЧИЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛМОҚДА

Айни вақтда вилоятимизда ҳам мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Куни кеча вилоят ҳокими Зафар Рўзиев раҳбарлигида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар ва ёшлар Қарши шаҳрида истиқомат қилаётган уруш қатнашчилари – Аҳмад бобо Жалилов, Вера Насирова, Алимжон Хамзин ҳамда Усмон бобо Донаевнинг хонадонига боришиб, уларнинг ҳар бирига 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари ҳамда Президент совғаси – қимматбаҳо қўл соатлари байрамона тарзда топширилди.

Шу куни уруш қатнашчиларининг хонадонида ҳарбий оркестр, вилоят санъат усталари, ёш ижрочилар томонидан янграган куй-қўшиқлар, турли миллатларнинг миллий рақслари йиғилганларга завқ-шавқ улашди.

- Бундан роппа-роса 75 йил олдин, 1943 йилнинг 3 май куни урушга отланган эдим, - дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмад бобо Жалилов. – Мени фронтга кузатаётган яқинларимнинг юзидаги изтиробни яхши эслайман. Ҳар куни кимнингдир яқинидан қора хат келаётган, йўқчилик, ғам-алам одамларни эзиб ташлаган бир давр эди. Ўша вақтлари йиллар ўтиб мана шундай тинч, фаровон, инсон роҳат-фароғатда яшайдиган кунлар келишини ким тасаввур қилибди, дейсиз. Доимо юртимизнинг тинчлигини ўйлаётган, фарзандларимизнинг бахтли, саодатли ҳаёт кечиришини таъминлаб бераётгани учун Президентимизга минг бора раҳмат айтаман. Биз уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди.

Вилоятимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ва Президент совғаларини топшириш маросимлари давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам уруш қатнашчилари хонадонларига ташриф буюриб, уларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширишмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo