Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

10.05.2018


УРУШ КЎРГАН ОДАМЛАР

Набирам янги чизган расмини кўрсатиб мақтанди:

- Бобовой, кўриб қўйинг, қандай чизибман, зўрми?

Аланга қоплаган уйлар, автомат кўтарган аскарлар, олдидан чиққан нарсани емириб бораётган танклар, ҳатто қўлини кўтариб, асир тушган фашист ҳам тасвирнинг бир четидан жой олибди.

- Бу ниманинг расми болам? - сўрадим набирамга синчков нигоҳ қадаб. Унинг қиёфасида “шуни ҳам билмадингизми” қабилидаги ҳайронлик акс этди, кейин тушунтирмоқчи бўлди:

- Урушнинг сурати.

- Сен буни қаерда кўргандинг?

- Ана, телевизорда...

2

...Мактабда уруш кино қўйилдию, бошқа ўйинлар унут бўлди. Дарс тугаб, апил-тапил тамадди қилинганидан сўнг мактабимиз яқинидаги колхоз идораси харобасига йиғиламиз. Бир гуруҳимиз “фашист”, иккинчиси ўзимизникилар, бўйинга осилган ёғоч автомат, газетдан ясалган аскар шапкаси, ўйиннинг номи “уруш-уруш”. Тўғри, ҳар гал ким фашист бўлиши масаласи анча-мунча тортишувни келтириб чиқаради. Негаки “фашист” бўлиш, ўйин бошиданоқ мағлубиятни тан олиш – томонларнинг кучи қандай тақсим бўлишига қарамасдан албатта “фашист” енгилиши шарт, ўзимизникилар мағлуб бўлишини ҳеч ким истамайди. Ҳалиям “топган-топалоқ” бор, кимдир қўлларини орқасига қилиб икки кафтидан бирига ниманидир яширади, қайси гуруҳ сардори яширилган нарсани топса “ўзимиз”ники бўлади. Харобазорни бошга кўтариб чувиллаймиз:

- Тар-р-р, тар-р...

- Бўлди, сен ўлдинг, мен биринчи отдим.

- Мен ҳам отгандим-ку.

- Сеники ҳисобмас, “фашист” ҳамма вақт кечикиб отади, кечаги кинода кўрмадингми?

“Ўқ теккан” бола осонликча ён беришни истамайди, шунда ўйинбоши масалага ечим топиб беради:

- Ўлдинг дегандан кейин ўл-да, нима, сенингча урушда “бизникилар” енгилиши керакми?!

- Майли, мен ўлдим, - дейди икки томонлама “ҳужум”га учраган бола ўзини истамайгина ерга ташлаб. - Нима бўлса ҳам “ўзимизникилар” енгилмасин.

Унинг мардлигига тан бериб олқишларга буркаймиз:

- Яша, Ватанни севиш мана бундай бўлибди-да.

- Кейинги ўйинимизда сен албатта бизнинг гуруҳга қўшиласан.

Ўшанда мен ҳам эндигина мактаб остонасидан ҳатлаган, набирам янглиғ урушнинг сийратидан бехабар, сувратига ишқибоз бола эдим...

3

Бир куни уйига олиб борадиган йўл биз танда қурган харобазор оралаб ўтадиган Рўзи бобо анчагача ўйинимизни кузатиб турганини сезмай қолибмиз. Бўлмаса у пайтлар ҳар қандай бола муаллимнинг қорасини кўрса, “сичқоннинг ини минг танга” бўлиб кетарди. Рўзи бобо эса мактабимизнинг 4-5-синфларига арифметикадан дарс берар, аксариятимиз у кишидан сабоқ олардик. Муаллим бизга ортиқча дакки бериб ўтирмади, хаёлчан кўзларини меҳр билан тикиб:

- Қўйинглар, болажонлар, шу ўйинни сира ўйнаманглар. Уруш ўйин эмас, илоҳо номи ўчсин, урушни чиқарганларнинг уйгинаси куйсин, - деди, кейин бир қўли билан далда бермаса ҳаракатланмайдиган иккинчи қўлини шалвиратиб кўрсатди. - Мана шу қўлимни немиснинг ўқи олган. Мен-ку ҳар ҳолда ярадор бўлсам-да, юртга қайтдим. Душман ўқи ёш умрини хазон қилиб, жасади бегона юртларда қолганлар сон нечта...

Ўшанда урушнинг сийратига илк марта Рўзи бобонинг ярадор қўли орқали назар ташладим. Кейин Даврон муаллимни тинимсиз тутиб турадиган йўтал, Бухор домланинг сал ҳаяжонланса чангаллаб қоладиган боши уруш ҳақидаги тасаввурларимни кенгайтирди. Айниқса, урушнинг сўнгги кунларигача қон кечган география муаллимимиз Музроб бобонинг жанггоҳ ҳақида ҳикоя қилганда қизишиб кетиши сира хотирамдан кўтарилмайди. Бирор бола шу устознинг жаҳлини чиқаришга журъат этолмас, кимдир дарсга етарлича тайёрланмай келса, қуролдошлари қидириб топгунча нақ икки кун душман замбараги вайрон қилган уй харобалари остида қолиб контузия орттирган Музроб бобонинг жиғибийрони чиқарди:

- Шундай омон-омон кунларнинг қадрига нима учун етмайсан!? Жаҳонда уруш бўлмаслиги учун фақат ва фақат яхши ўқишларинг керак. Шунда кучли ва довюрак бўласизлар, ҳеч қандай душман юрак ютиб келолмайди...

4

Ўтган асрнинг 60-йиллари, мамлакатда хрушчевча довдир сиёсат маҳсули ўлароқ ғалла тақчиллиги юзага келган, аҳолига ун қишлоқдаги энг йирик идора – мактабда граммлаб тақсимланарди. Бир куни синфдошларимдан кимдир маккажўхори унидан қилинган зоғора нонни дераза рахида қолдирган, эътиборсизлик туфайли нон бўлаги оёқ остига тушган экан. Навбатдаги дарсга кирган ўқитувчимиз – Салби опа увол бўлган нонни ердан олиб, пуф-пуфлаб чангини кетказди-да, ёш сизган кўзига суртиб:

- Нонни исроф қилишнинг уволи ёмон, уруш йиллари шугина зоғорани топмай не-не сизлардай болалар, очликдан силласи қуриган катталар кепак ялаб, шишиб ўлганини кўрганман, - деди...

Орадан йиллар ўтиб, устозим қатори мактабда ўқитувчилик қилиб юрганимда, математика фанидан дарс берадиган тенгдошим, чинакам китоб мухлиси Оқмамат Бўтаев уруш йилларидаги қишлоқ ҳаётидан ҳикоя этувчи “Уруш одамлари” деган қиссани Салби момога бериб:

- Жуда зўр китоб, шуни ўқинг, - деди.

Эртаси куни Салби момо китобни қайтараркан:

- Буни нега менга бердингизлар, юрагимдаги армонларни титкилаш учунми? Ахир бу китобда менинг ўз ҳаётим ёзилган-ку, - деб кўзларига ёш олганида ўқувчилик йилларим гувоҳи бўлган юқоридаги бир бурда нон воқеасини эсладим.

5

1975 йили ёшлар етакчиси Некбой домла ташаббуси билан мактабимиз боғида мўъжазгина ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Унда қишлоғимиздан қирчиллама ёшида урушга кетиб, омон-эсон қайтиш насиб этмаган 102 кишининг исми-шарифи қайд этилганди. Бунга душман қўрғонига зафар байроғини тикиб, элга қайтган олтмишдан ортиқ кишини ҳам қўшсак карийб икки юз нафарни ташкил этади. Фронт ортидаги оғир заҳматни елкасига олганларни ҳам шу рўйхатга киритсак, биргина чекка қишлоқдан уруш кўрган одамларнинг сони қанчага боришини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Бугун уларнинг катта қисми бандаликни бажо келтиришган. Аммо биргина суронли йиллар тўғрисидаги хотиранинг ўзи ҳам урушнинг сийрати нақадар аянчли эканлигидан бизга йиллар давомида етарлича сабоқ беришда давом этаверади.

Абдунаби АБДИЕВ,

Помуқ қишлоғи

Report typo