Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Гулнора ҲАСАНОВА

09.05.2019


УРУШ ХОТИРАЛАРИ ВА ТИНЧЛИК ШУКРОНАСИ

- У кунларнинг оғриғи ҳамон қалбимдан кетмаган, - дейди Рўзибой бобо уруш даврининг оғир ва машаққатли йилларини хотирлар экан. - Ўшанда 1941 йилнинг июль ойи эди. Бир нечта яқинларим билан бирга Ғузор туманидаги поезд вокзалига бордим. Вокзал мен каби фронтга жўнаётган аскарлар, уларнинг қариндошлари билан тўла экан. Йигитлар ўзларини мағрур тутиб, тез орада урушдан ғалаба билан қайтишига яқинларини ишонтиришга ҳаракат қилар, уларнинг кўнглини олишга уринар, аммо ҳамманинг юз-кўзида қандайдир маҳзунлик зоҳир эди.

Урушга отланганлар орасида ўзимизнинг Манғит қишлоғидан ҳам дўстларим, биродарларим кўп эди. Яқинларим билан хайрлашгач, қишлоқдош йигитлар билан бирга вагонга жойлашдим. Поезд ўрнидан қўзғала бошлади.

Жуда кўпчилик, оналар, сингиллар, ёш келинчаклар анча жойгача поезд ортидан югуриб, қўл силтаб қолишганди. Уларнинг "Ой бориб, омон қайтинглар! Тез-тез хат ёзинглар!" деган илтижоли ҳайқириқлари ҳамон қулоқларимдан кетмаган.

Поезд бир неча кундан сўнг Волга бўйидаги шаҳарлардан бирига етиб келди. Бирдан жангга кирамиз, деб ўйлагандим. Аммо аввал тайёргарликдан ўтишимиз кераклигини айтишди. Ўша жойларда ҳам билагида кучи бор, қўлидан иш келадиган барча эркаклар жангга олинган, натижада хўжалик ишлари қолиб кетганди. Биз ҳарбий тайёргарлик билан бир вақтда хўжалик ишларига ёрдамлаша бошладик. Ҳамма бир мақсад йўлида бирлашган, кеча-кундуз тинимсиз ишласак-да, ҳеч ким чарчадим, демас, қилаётган ҳар бир ишимиз душманга зарба бўлишини истардик.

Шу йилнинг сентябрь ойи охирларига бориб яқин кунлар ичида жангга киришимиз ҳақида айтишди. Бу пайтда душман ҳам шаҳарга яқинлашиб қолган эди. Ҳамма мудофаага отланадиган бўлди. Мени 354-гвардиячи ўқчи полкига ёзишди.

Биз душман аскарларининг тинимсиз ҳужумларини қайтаришга уринар, гоҳ ортга тисарилишга мажбур бўлсак, гоҳида олдинга силжирдик. Ана шу жангларда кўплаб дўстларим, сафдошларимдан айрилганман. Улар орасида турли миллат вакиллари бор эди. Кейин бошқа ҳудудларга ўтиб, жанг қилдик.  Менга аёвсиз жангларда кўрсатган қаҳрамонликларим учун сержант унвони беришди. Аммо ўша пайтларда мен каби барча йигитларнинг мақсади битта - халқларимиз бошига шундай оғир кунларни солган душманни яксон қилиш эди.

Аниқ эсимда, 1944 йилнинг 15 май куни, вақт чошгоҳдан ошган палла эди. Полкимиз навбатдаги ҳужумга шай, фақат буйруқ кутаётгандик. Ниҳоят, командирнинг "Олға!" деган жанговар буйруғи жаранглади. Ҳамма олдинга ташланди. Душман ҳам шуни пойлаётган экан. Биз окопдан чиқиб, олдинга ҳаракатланишимиз билан снарядлар улоқтиришди. Улардан бири шундоқ ёнимда  портлади. Снаряд парчаси сонимга кириб кетган экан, кўп қон йўқотиб, ҳушимдан кетдим...

Госпиталда 3 ой даволаниб, бироз ўзига келган сержант Рўзибой Сатторов уйга қайтиши ҳам мумкин эди. Лекин қалбида душманга нисбатан нафрат олови қайнаётган ўзбек ўғлони яна жангга киришни, сафдошларига ёрдам беришни истади.

Рўзибой Сатторов урушнинг сўнгги кунига қадар жанг қилиб, фашизм устидан қозонилган тарихий ғалабага ўз ҳиссасини қўшди. Шундан сўнг ҳам бир йил давомида уруш бўлган ҳудудларда халқ хўжалигини тиклаш ишларида фаол қатнашиб, 1946 йилда жонажон қишлоғига қайтиб келди. Йиллар давомида турли соҳаларда ҳалол меҳнат қилиб, обрў-эътибор топди.

 Пиру бадавлат отахон бугун фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида, шафқатсиз урушни кўрган инсон сифатида тўкин-сочинлик, фаровонлик барқарор бўлишини тилайди.

Гулнора ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Қамаши туман кенгаши етакчи мутахассиси

Report typo