Шу муносабат билан 12 август куни Қарши шаҳрида ҳам тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимиздаги қурилиш ташкилотларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, мустақиллик йилларида шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини тамоман ўзгартирган бино ва иншоотлар бинокорлик борасидаги миллий анъаналаримиз давом этаётгани, соҳага замонавий билим ва тажрибалар кенг татбиқ этилаётганидан далолат беради. Бугун ўзбек қурувчилари томонидан бунёд этилаётган замонавий меъморий мажмуалар, йўл ва кўприклар ўзининг салобати, жозибаси билан ҳар қандай кишини ҳайратлантира олади.
Маълумки юртимизда қурилиш ишлари салмоғи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, айни вақтда вилоятда 2 минг 495 та қурилиш ташкилоти фаолият юритаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида улар томонидан 4 триллион 226 миллиард сўмлик капитал маблағлари ўзлаштирилган ва дастлабки ярим йилликда 1 триллион 616 миллиард сўм миқдоридаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.
Ёки бошқа томондан оладиган бўлсак, жорий йилда қурилиш ташкилотлари томонидан вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ буюртмачилигида 1810 та намунавий типдаги арзон уй-жойлар, давлат идора ва ташкилотларининг хизматчилари учун 88 та, профилактика инспекторлари учун 159 та хизмат уйлари, ҳарбий хизматчилар учун 120 та, ёш оилалар учун 70 та, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари учун 30 та, миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун 30 та, вилоят ИИБ ходимлари учун 90 та хонадондан иборат уй-жойлар қад ростламоқда.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш борасида ҳам кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, йил бошида вилоят ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан тегишли инвестиция дастурига киритилган 36 та мактаб, 24 та соғлиқни сақлаш, 21 та мактабгача таълим муассасаси 5 та сел тошқини объекти, ҳамда 4 та бошқа объектда қурилиш ишлари кетмоқда.
- Бундан ташқари, жорий йилнинг 28-29 январь кунлари Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида ҳам бир қанча объектларни қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди, - дейди вилоят ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти бош мутахассиси Ғофур Сулаймонов. – Шундан келиб чиққан ҳолда, қўшимча равишда яна 17 та объект барпо этилмоқда. Уларнинг 9 таси ўрта таълим мактаблари бўлса, 8 таси соғлиқни сақлаш муассасасидир. Қолаверса, тегишли дастурга мувофиқ яна 3 та болалар спорти иншоотлари қурилмоқда.
Бу рақамлар биргина вилоятимизда, биргина жорий йилнинг ўзида давлат томонидан бунёд этилаётган бино ва иншоотлар. Энди уларнинг ёнига хусусий ташкилотлар ҳамда аҳолининг ўзи томонидан қурилаётган тадбиркорлик объектлари, хусусий бинолар, уй-жойларни ҳам қўшингу, амалга оширилаётган қурилиш ишларининг салмоғини тасаввур қилаверинг!
Айтмоқчи бўлганимиз, ана шу улкан қурилиш ишларида минг-минглаб қурувчилар меҳнат қилишмоқда. Барпо этилаётган ҳар бир объектда уларнинг билими, маҳорати, тажрибаси ҳамда залворли меҳнати мужассам.
Ўтказилган байрам тадбирида уларнинг меҳнати эътироф этилиб, соҳада узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ қурувчилар вилоят ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 августдаги “Мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Чироқчи туманидаги “Бинокор” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Раҳматулла Қўзиев “Дўстлик” ордени билан, Яккабоғ туманидаги “Азия мега строй” масъулияти чекланган жамияти раиси Эркин Тўхтаев “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ҳам вилоятимиз қурувчилари меҳнатига берилган юксак баҳо эканлиги таъкидланди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.
Вилоятимиз санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.